20.05.2014

ДЕПУТАТ СЎРОВИ ИНСТИТУТИ

партия электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқда

Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар ўз ваколатларидан қай даражада фойдаланяпти? ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши шу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар мунтазам таҳлил қилиб бориляпти, улар фаолиятини кучайтириш борасида тегишли таклифлар бериляпти.

Вилоят партия кенгаши раиси Раимберган Сабуровнинг таъкидлашича, қонуний ваколатларидан самарали фойдаланаётган депутатлар, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича ижобий натижаларга эришмоқда.

Яқинда ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши барча даражадаги маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари бўлган 125 нафар депутат юборган депутатлик сўровлари ва уларнинг натижаларини умумлаштирди. Бу депутатлар қонун билан кафолатлаб қўйилган депутатлик сўрови юбориш ҳуқуқидан қай даражада фойдаланаётгани ҳақида хулоса чиқариш имконини берди.

Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашига ЎзХДПдан сайланган 8 нафар депутат депутатлик сўрови имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратяпти. Хусусан, ўтган йили депутат Зарифбой Ҳасанов сўровига асосан «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг тумандаги ижроси ҳақидаги масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилиб, бу ҳақида туман ҳокими ўринбосари Мақсуд Раҳимовнинг ҳисоботи тингланди. Масала юзасидан сессия қарори қабул қилинди ва мазкур қарор ижроси партия гуруҳининг доимий назоратида бўлди.

— Ҳозир бошқа вилоятлар, бошқа шаҳарларга борадиган йўловчилар кўпроқ поездга чиқишни афзал кўради, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Боғибек Қосимов. — Йўловчиларга қулайлик яратиш учун ўтган йилларда «Урганч-Тошкент» йўловчи поездига қўшимча равишда «Тошкент-Шовот» йўловчи поезди қатнови ҳам йўлга қўйилди. Лекин бу йўловчи поезди Ҳазорасп бекатида тўхтамас эди. Ваҳоланки, Питнак шаҳри, Ҳазорасп ва Боғот тумани аҳолиси учун мазкур бекатдан поездга чиқиш, тушиш нисбатан яқин ва қулай. Фуқаролар шу масалани ижобий ҳал қилишни сўраб мурожаат қилишди. «Тошкент-Шовот» поезди Ҳазорасп бекатида тўхтаб ўтиши йўловчиларга қўшимча имкониятлар яратиши ҳақида «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК раисига мурожаат қилдим. Кўп ўтмай, масала ижобий ҳал бўлди. Минглаб йўловчилар бундан жуда хурсанд.

Умуман, Боғибек Қосимовнинг ўз ваколатларидан самарали фойдаланаётганини бошқа депутатларга ўрнак қилиб кўрсатиш лозим. Мисол учун, Ҳазорасп шаҳарчасида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда юзага келган муаммони бартараф этиш юзасидан «Туямўйин-Урганч» минтақавий сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси раҳбарига, шаҳарчанинг «Нурли йўл» кўчасига қўшимча электр трансформатори ўрнатиш бўйича туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига йўллаган депутатлик сўровлари бўйича ижобий жавоблар олинган.

Депутатлик сўровларининг жойлардаги у ёки бу муаммо ечимига қаратилгани, ЎзХДП электорати манфаатини ҳимоя этишга хизмат қилаётгани аҳамиятлидир. Мисол учун, депутат Ю.Оллобергановнинг Питнак қишлоғида ерлардан тўғри ва самарали фойдаланиш, қишлоқда аҳолининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, депутат З.Ҳасановнинг «Саноат» қишлоғида фаолият юритаётган озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларда банк пластик карточкалари орқали хизмат кўрсатишни ташкил этиш, депутат Р.Салоевнинг қишлоқда тиббий хизматни замон талаблари даражасига кўтариш, депутат С.Худошукуровнинг «Карвак» қишлоғи аҳолисини электр энергияси билан таъминлашни янада яхшилаш масалаларида қилган депутатлик мурожаатларининг аксарияти ижобий ечим топган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтирса бўлади.

Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашидаги депутатларимизга аҳолидан 50 га яқин мурожаат тушган. Уларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолдирилмаган. Бир хил мазмундаги — ҳудуддаги айрим муаммолар юзасидан билдирилган бир неча мурожаат умумлаштирилиб, ечимини топиш учун туман, вилоятдаги масъул ташкилотларга сўровлар билан чиқилган.

Умуман, одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлиш нималигини ҳис қилган, ишга виждонан ёндашаётган депутатлар ҳар доим ҳаракатда, изланишда.

Лекин вилоятнинг айрим туман, шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ижро ҳокимияти органларига депутатлик сўрови билан мурожаат қилмаган. Баъзи сўровлар жойлардаги кўпчиликни ўйлантираётган муаммолар ечимига эмас, тор манфаатларга қаратилган. Шундай сўровлар борки, уларда кўтарилаётган муаммо сабаблари, ечиш йўллари аниқ кўрсатилмаган. Бу эса депутатлик сўровларининг натижасиз қолишига сабаб бўлган.

Таҳлил давомида шу нарса аниқландики, бир туманнинг ўзида икки хил ишлайдиган депутатлар бор. Бири сустроқ, амалий иши камроқ, бошқаси эса фаол, фидойи.

Бизнингча, ўз фаолиятига танқидий ёндашаётган, долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилаётган, сайловчилар билан доимий алоқани йўлга қўйган, ҳаёт билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилаётган депутатлар кўпроқ ютуқларга эришади.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.