20.05.2014

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИ АНИҚЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ

ҲАР БИР ФУҚАРО КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУНЛАРГА СЎЗСИЗ РИОЯ ҚИЛИШИ ДЕМОКРАТИЯНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИДАН ҲИСОБЛАНАДИ. ҚОНУНЛАРГА ҲУРМАТ, ИТОАТГЎЙЛИК ЭСА, ЭНГ АВВАЛО, ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ДАРАЖАСИГА БОўЛИҚ.

Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, уларнинг таркибида мазкур долзарб масалага алоқадор махсус тузилмалар тизими шакллантирилди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олувчи давлат органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мажмуаси аниқ белгилаб олинди.

Аммо ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасини тартибга солувчи миллий ҳуқуқий базани суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлатимиз сиёсати, давр талабларига мос равишда янада ривожлантириш зарурати туғилган эди.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун бу борада ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур Қонун жорий йил 15 май куни расман эълон қилинди ҳамда шу кундан эътиборан 3 ой ўтгач, кучга киради.

Бу Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси механизмларини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, кўрилаётган чораларнинг батартиблигини таъминлаш ва бошқа масалаларни қамраб олади.

Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида яхлит меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини беради. Жамиятда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинадиган самарали профилактика тизимини яратади.

Хўш, Қонуннинг асосий янгиликлари нималардан иборат?

Аввало, унда ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикаси белгилаб берилган. Бунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, аҳоли ўртасидаги ҳуқуқий тарғиботга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тизими назарда тутилган.

Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси деганда, айрим турдаги ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга, айрим тоифадаги шахсларни аниқлаш ва уларга таъсир кўрсатишга қаратилган махсус тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тушунилади.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси эса ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ва содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишга доир фаолиятни билдиради.

Қонунда ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактика чоралари тушунчаси ва механизми аниқ очиб берилган, бу эса амалиётда мазкур чораларнинг бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлайди ҳамда улар нотўғри талқин қилинишининг олдини олади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса ўтказади. Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими белгилаб берилди. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари ва ваколатлари аниқлаштирилди.

Умуман, Қонун ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши умумий курашиш имкониятини кучайтиради, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигига, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳамда итоатгўйлик кўникмасини мустаҳкамлашга ижобий таъсир этади.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.