20.05.2014

ЎЗБЕК ХАЛҚИ ТОМИРИДА БУЮКЛАР ҚОНИ ОҚАДИ...

15-16 май кунлари Самарқандда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман ишида иштирок этган мухбирларимиз конференция қатнашчиларининг таассуротлари билан қизиқишди.

Кюдзо КАТО, археолог, Япония:

— Мен Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бир неча бор суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. У кишининг конференциянинг очилиш маросимидаги сўзларини тинглаб, бу инсонга бўлган ҳурматим янада ошди. Айниқса, таълим тизимида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилар экан. Президентингизнинг ёшларга доимий равишда ғамхўрлик қилиши, улар учун 12 йиллик бепул таълим тизимини яратгани таҳсинга сазовор.

Ўзбекистонга биринчи марта 1963 йилда келган эдим. Ўшанда Самарқандни ҳам зиёрат қилгандик. Ўтган йиллар билан солиштирсак, бу кўҳна шаҳарда оламшумул ўзгаришларни кўряпман.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида япон тили ўргатилиши мени жуда ҳам хурсанд қилди. Бу даргоҳнинг мутасаддиларига миннатдорлик билдираман.

Президентингизнинг шу кунгача Ўзбекистон давлатининг тараққий этиши борасида қилган ишларини юксак баҳолайман ва бундан кейин ҳам бу ислоҳотлар давом этишига ишонаман.

Мен Ўзбекистонда нуфузли бўлган «Дўстлик» орденига лойиқ кўрилдим. Бундай юксак мукофотни олиш мен учун шараф. Ўйлайманки, Ўзбекистон билан дўстона алоқаларимиз абадий давом этади.

Магида Салоҳ МАХЛУФ, Қоҳира университети профессори, Миср:

— Президент иштирок этган маросимда қатнашиш улкан шараф. Шунингдек, унда ўзинг ҳақингда мақтов эшитиш, ҳар қандай одамга таърифлаб бўлмайдиган ифтихор бағишлайди.

Ислом Каримов конференциядаги маърузасида «Бобурнома» асарини мен томонимдан илк бора араб тилига таржима қилинганини юксак баҳолади. 150 дан ортиқ иштирокчи ичида айнан менинг номим эътироф этилганидан бахтиёрман.

Бундан ташқари, шахсан Президентингиз томонидан имзоланган, 2013 йил 10 декабрь куни битилган хатнинг асл нусхасини беришди. Тўғриси, хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Қилган меҳнатим юксак эътибор топди.

«Бобурнома» асарини таржима қилиш жараёнида, унинг кўп тиллардаги таржимасини ўрганиб чиқдим. Улар ичида менга энг маъқул келгани инглиз тилидагиси бўлди ва мен айнан инглиз тилидан таржима қилдим.

Бобур шахсига, унинг салтанатига доим қизиққанман. Шу сабабли ҳам жаҳон тарихида бебаҳо мерос саналадиган «Бобурнома»ни араб тилига таржима қилишга бел боғладим. Энди бу китобни нафақат мисрликлар, балки барча араб давлатларида истиқомат қилувчи одамлар ўқийди.

Шаръий Абдулҳаким ЖУЗЖОНИЙ, олим, Швеция:

— Ўзбекистон Президентининг конференция очилиш маросимидаги нутқи мен учун фавқулодда янгилик, жасоратли ташаббус бўлди. Чунки бу инсон Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий меросини кенг маънода ва талқинда, уларнинг бугунги дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳамда аҳамиятини дунё олимларига алоҳида эслатиш билан бирга, ўзбек ёшларига мурожаат қилиб, улар илм-фан соҳасида ўз йўлини топишлари шарт эканини таъкидлади. Ушбу конференция ўша даврдаги бой илмий меросни тиклаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига таништиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ириш КАСПЕР, Штутгарт университети профессори, Германия:

— Авваламбор, бугунги мураккаб шароитда бундай юксак савиядаги конференцияларнинг ўтказилиши, унда давлат раҳбарининг шахсан қатнашиши кам учрайди. Айниқса, илм-фан соҳасида аниқ ва равон фикр юритиш ҳар қандай Президентнинг қўлидан келмайди.

Мен физика фани бўйича мутахассисман. Юртингизга бир неча бор ташриф буюрганман. Биз Штутгарт шаҳри билан Тошкент, Самарқанд шаҳарлари ўртасида электро-инженерлик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шуни айтишим керакки, юртингиз нафақат илмий меросга бой, балки замонавий илм фанда ҳам юксалмоқда. Электро-инженерлик соҳасидаги илмий тадқиқот институтларининг энг замонавий жиҳозлар билан таъминланганлиги ва уларда ёш маҳаллий мутахассисларнинг фаолият юритиши шундан далолат беради. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек ёшларининг самимийлиги, изланувчанлиги мени қойил қолдирди.

Марк БОННЕЛ, «Авиценна-Франция» ассоциацияси президенти, профессор, Франция:

— Конференция жуда чиройли ва қизиқарли бўлди. Ҳеч қайси давлатда илм-фанга бунақа эътибор бўлмаган. Хусусан, Президентингизнинг чиқиши менда ўзгача таассурот уйғотди. Чунки давлат раҳбари бошчилик қиладиган илм-фан конференциялари саноқли. Мен Ислом Каримовга барча конференция қатнашчилари номидан алоҳида ташаккур билдираман.

Мен Ўзбекистонга бир неча маротаба ташриф буюрганман ва ҳар гал Ўзбекистоннинг янги қирраларини кашф этяпман.

Ўзгаришлар жуда катта, хусусан, Самарқанд кўчалари охирги йилларда янада гўзаллашган. Самарқанд ўзининг қадимийлиги ва чиройи билан ҳар бир кишини мафтун этиб келади. Итальян олими Луиджи Аркаддининг бир гапи бор: «Ер юзини етти марта айлангандан кўра Самарқандни бир марта айланинг».

Мен шифокорман. Ўз касбимдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим керакки, биз Европа вакиллари Авиценна номи билан машҳур бўлган Абу Али ибн Синони жуда ҳам ҳурмат қиламиз. Унинг «Тиб қонунлари» китоби ўз аҳамиятини ҳануз йўқотмаган.

Ўзбекистон иқтидорли ва ақлли ёшлар мамлакати. Ўзбек болалари ўзининг тиришқоқлиги билан мени ҳайрон қолдирган. Бу ёшлар орасида жаҳон миқёсида машҳур шифокорлар етишиб чиқишига ишонаман.

Кадиржан КЕСКИНБОРА, Бехчешехир университети профессори, Туркия:

— Ўзбекистонга иккинчи марта келдим. Самарқанд жаннатмакон шаҳар. Ҳавоси тоза, халқи меҳмондўст.

Президентингизнинг ўрта аср илм-фанини ўрганишга бўлган эътибори таҳсинга сазовор. Жуда кўп мамлакатларда ташкил этилган илмий анжуманларда иштирок этганман. Илм-фанга бағишланган конференцияда давлат раҳбарининг қатнашиши бу давлатнинг келажакка бўлган улкан эътибори нишонасидир.

Мен тиббиёт тарихидан дарс бераман. Фаолиятим давомида Ибн Сино илмий меросини ўрганиб келаман ва ўзимни ибн синошунос олим дея оламан. Унинг жаҳон тиббиёти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Мен тайёрлаб келган мавзу Ибн Сино ҳақида. Унинг «Тиб қонунлари» асарини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Жарроҳлик, доришунослик, ички касалликлар, суяк синишлари ҳақида ўз даврининг қимматли маълумотларини мужассамлаштирган тўрт томли китобни тиббиёт тарихидаги энг буюк асар деб ҳисоблайман. Бу китобдаги кўпчилик терминлар ҳозир ҳам медицинада ишлатилади.

Ўзбек халқи томирида Ибн Сино, Улуғбек, Беруний, каби буюклар қони оқади ва бу ҳар жабҳада кўриниб туради. Ўзбекларнинг зеҳни жуда ўткир.

Мен Истанбулда тиббиёт муассасаси очиш арафасидаман ва бу муассаса Ибн Сино номи билан аталади. У ерда Ибн Сино фаолиятини янада чуқурроқ ўрганамиз.

Радослав СТЕРНА, Варшава университети доценти, Польша:

— Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман. Баъзи давлатларда яйдоқ чўл ўртасидаги замонавий бинолардан бошқа нарса йўқ. Ўзбекистонда эътиборимни тортган жиҳат, Тошкент ҳам, Самарқанд ҳам дарахтлари кўп, яшил шаҳар.

Тошкентда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлдим. Очиғи, ўзбек ёшлари учун яратилган шароитга ҳавасим келди. Чиндан ҳам, юртингизда ёшларнинг таълим олишлари, ўз маҳоратларини янада оширишлари учун барча шароитлар яратилган. Халқаро конференциялар эса Ўзбекистонга жаҳон илм-фанига интеграциялашув имконини беради.

Сизлар қадимий маданиятингиз, буюк аждодларингиз ва тенги йўқ китобларингиз билан фахрланишга ҳақлисизлар.

Давлат раҳбари одамлар билан мулоқот қила олиши керак. Мен Ўзбекистон Президентида ўз халқи билан яқинликнинг юксак намунасини кўрдим. У кишининг сўзларини ҳамма берилиб тинглади. Президентингиз кўп бора «сиз нима деб ўйлайсиз?» деб қатнашчиларга мурожаат қилди. Айнан шу жиҳати менга жуда маъқул бўлди.

Али БАБАЕВ, Озарбайжон фанлар академияси математика-механика бўлими бошлиғи, Озарбайжон:

— Мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Юртингизнинг ҳам қадимий, ҳам замонавий бинолари мени ҳайратга солди. Табиати ҳам ўзига хос. Одамлар самимий, меҳмондўст.

Конференция ҳақида гапирадиган бўлсам, бундан яхшироқ ташкилотчилик бўлиши мумкин эмас. Мен ўзим ҳам Бокуда кўплаб халқаро анжуманлар ўтказганман. Тўғрисини айтсам, бундай ишларни қилолмаганман. Мана, ҳамма меҳмонларнинг кайфияти аъло. Аслида, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Доктор Омайма ал-СУХАЙЛИ, Қувайт университети профессори, Қувайт:

— Президентингизнинг сўзидан қаттиқ таъсирландим. У киши конференция иштирокчиларини хурсанд қиладиган гапларни айтди. Ислом Каримов жанобларининг нутқини илгари ҳам эшитгандим. Ўзим у кишининг қабулида бўлишни орзу қилардим. Биз ўйлаганимиздан ҳам кўп маълумот олдик.

Юртингизда илк маротаба бўлиб турибман, таассуротларим бир олам. Ўзбекистон менга жуда ёқди. Айниқса, Тошкент, Самарқанд шаҳарлари ғоят гўзал экан. Самарқанд тарихий обидаларга бой экан.

Юртимизда ҳам Ўрта шарқ алломалари ва мутафаккирлари меросини тадқиқ этиш учун, Ўзбекистоннинг қатор олий даргоҳлари билан ўзаро илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқчимиз. Яна шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, сизларда таълим соҳасига, ёшлар тарбиясига жуда катта эътибор берилмоқда. Ўз навбатида, ёшларингизнинг илмга чанқоқлиги уларнинг юз-кўзларидан кўриниб турибди.

«Ўзбекистон овози»

махсус мухбирлари

Темур АЪЗАМ ва Обиддин МАҲМУДОВлар

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.