20.05.2014

СПОРТ ИНШООТЛАРИ МУСОБАҚАЛАРГА ТАЙЁР

«Кичик олимпия» деб таърифланаётган «Баркамол авлод» ўйинларида спортнинг 16 тури бўйича мусобақалар ўтказилади. Бугун Намангандаги спорт майдонлари ва иншоотлари мусобақаларга тайёр қилиб қўйилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказиладиган «Навбаҳор» стадиони тўлиқ таъмирланди ва унинг атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ўйингоҳда йигирма икки минг томошабин учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар хоналари замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, янги видео-табло ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ўрнатилди.

Нуфузли мусобақага тайёргарлик ишлари ҳақида Наманган вилоят Маданият ва спорт ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон МИРЗАБОЕВ билан суҳбатлашдик.

— Аввал мусобақа иштирокчилари сони ҳақида маълумот берсангиз?

— Ушбу нуфузли мусобақанинг финал босқичида қатнашадиган спортчи, мураббий ва ҳакамларнинг умумий сони 1403 нафарни ташкил этади. Жумладан, спортчилар 996 нафар, шундан 342 нафари қизлар, мураббийлар 224 нафар, ҳакамлар 183 нафар, уларнинг 73 нафари вилоятлардан, 80 нафари спорт федерацияларидан, 15 нафари спорт турлари бўйича бош ҳакамлар ва яна 15 нафари бош ҳакамлар ҳайъатини ташкил этади. Мезбонлар яъни, Наманган вилоят терма жамоаси таркиби 97 кишидан иборат.

— Беллашувлар ўтказиладиган спорт иншоотлари ҳақида тўхталсангиз.

— «Баркамол авлод — 2014» мусобақаларининг финал босқичи вилоятимизнинг энг йирик ва замонавий спорт иншоотларида ўтказилади. Наманган Олимпия захиралари коллежи, «Дўстлик» теннис корти, «Баркамол авлод» спорт мажмуаси ҳамда Олий спорт маҳорати мактаби, Наманган муҳандислик педагогика институти спорт зали тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, энг замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди. Спорт иншоотларининг атрофлари ва ҳудудлари ободонлаштирилди.

Жумладан, «Баркамол авлод спорт мажмуаси»да мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Бу ерда футбол, қўл тўпи, енгил атлетика, оғир атлетика, сузиш, шахмат, бадиий гимнастика бўйича мусобақалар ўтказилади.

Иштирокчилар 614 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 504 нафарини спортчи, 110 нафарини мураббийлар ташкил этади. Мажмуада стадион, замонавий манеж, 4 турли ўлчамдаги спорт заллари мавжуд. Оғир атлетика залига барча спорт жиҳозлари ўрнатилди. Қўл тўпи, бадиий гимнастика спорт турлари бўлиб ўтадиган манеж учун ҳимоявий девор тўрлари ва бошқа спорт жиҳозлари олиб келинди. Бугунги кунда спорт иншоотини байрамона безатиш, кўргазмали воситалар билан таъминлаш ишлари якунига етмоқда.

Олий спорт маҳорати мактабида бокс, дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши бўйича мусобақалар ўтказилади. Иштирокчилар 350 нафардан иборат. Уларнинг 280 нафари спортчи ва 70 нафари мураббийдир. Ушбу иншоотда учта 36х18 ўлчамдаги спорт зали ҳамда оғир атлетика зали мавжуд.

«Дўстлик» теннис кортида катта теннис ва стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилади. Иштирокчилар 112 нафарни ташкил этади. Уларнинг 84 нафари спортчи ва 28 нафари мураббийдан иборат. Ушбу иншоотда саккизта очиқ ва иккита ёпиқ кортлар мавжуд.

Наманган Олимпия захиралари коллежида баскетбол мусобақалари ўтказилади. Иштирокчиларнинг 64 нафарини спортчи, 8 нафарини мураббийлар ташкил этади.

Наманган муҳандислик педагогика институти спорт залида волейбол мусобақалари ўтказилади ва бу ерда 64 нафар спортчи, 8 нафар мураббий иштирок этади.

— Шу кунларда барча терма жамоалар мусобақаларга ҳаяжон билан катта тайёргарлик кўрмоқда. Мезбонларнинг тайёргарлиги қандай кечмоқда?

— Наманган вилоят терма жамоалари аъзоларининг «Баркамол авлод-2014» спорт мусобақалари финал босқичида муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида махсус режалар ишлаб чиқилган. Наманган шаҳрида баскетбол, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика, шахмат, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо (WTF) турлари бўйича жамоалар аъзоларининг машғулотлари ташкил этилган. Шунингдек, Чортоқ туманида ўғил болалар волейбол терма жамоаси, Учқўрғон туманида гандбол бўйича ўғил болалар термаси, Чуст туманида стол тенниси, Янгиқўрғон туманида волейболчи қизлар, Косонсой туманида гандболчи қизлар тайёргарлик кўришмоқда. Оғир атлетикачиларимиз эса Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини олиб боришяпти. Биз мусобақаларда муносиб иштирок этишга тайёрмиз.

Санжарбек ҲАМИДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.