17.05.2014

Халқаро конференция якунланди

Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференция якунланди.

Президент Ислом Каримов форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлагани барча олим ва мутахассисларни ғоят руҳлантиргани алоҳида таъкидланди.

Анжуманнинг шўъба мажлисларида Шарқ алломаларининг астрономия, математика, география ва геодезия каби аниқ фанлар шаклланишидаги ўрни, тиббиёт, фармакология, кимё ва минералогия сингари табиий фанлар ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, ўрта асрлар мутафаккирларининг тарихий ва фалсафий мероси, тилшунослик ва адабиёт соҳаларидаги ютуқлари ҳақида сўз юритилди.

Ал-Хоразмий илмий меросининг Темурийлар даври архитектураси ва эпиграфикасига таъсири, Абу Райҳон Беруний ва геологияда геодинамика ғоясининг шаклланиши, Аҳмад ал-Фарғонийнинг гидрологияга оид кашфиётлари, Ибн Сино илмий мероси ҳамда унинг тиббиёт ва фармацевтика ривожланишидаги ўрни, Маҳмуд Замахшарийнинг тилшунослик соҳасидаги хизматлари, Мирзо Улуғбек ва у ташкил этган илмий мактабнинг математика ва астрономия тараққиётига қўшган ҳиссаси, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон адабиёти ва маданияти ривожидаги аҳамияти каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биринчи проректори Шуҳрат Сирожиддинов, Хитой Фан ва технологиялар университетининг тарих ва археология факультети раҳбари, профессор Ши Юнли, “Абу Али ибн Сино – Франция” уюшмаси президенти, профессор Марк Боннел (Франция), Лувен католик университети профессори Юль Янссенс (Бельгия) ва бошқалар Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро конференция ўрта асрлар алломаларининг илмий меросини ўрганиш, замонавий илм-фан шаклланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссасини идрок этиш, бу борадаги халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.

Халқаро конференциянинг якуний ҳужжати қабул қилинди.

Анжуман иштирокчилари Самарқанд автомобилсозлик ҳамда Енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида бўлиб, мамлакатимизда жорий этилган 12 йиллик узлуксиз таълим тизими самаралари билан танишди. Меҳмонлар ёшларнинг халқаро стандартлар асосида, замон талабларига мос таълим-тарбия олиши учун яратилган шароит ва имкониятларга юксак баҳо берди.

Тарихий обидалар, буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ мажмуалар зиёрати, истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

УзА



DB query error.
Please try later.