17.05.2014

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ЮЗАСИДАН ТАКЛИФЛАР БЕРИЛДИ

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир нечта қонун лойиҳалари бўйича муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Айтиш керакки, Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан кейин қонунлар лойиҳаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳар бир жараёнда сиёсий партиялар фракцияларининг фаоллиги ошгани яққол сезилмоқда.

Фракциялар қонунлар лойиҳаларини ўз партияларининг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб чуқур таҳлил қилаяпти, қонунчиликда белгиланаётган меъёрларнинг партиявий ғояларга, электорат манфаатларига қай даражада мос келишини ўр-ганаяпти. Бу ўз навбатида парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти тубдан юксалишига хизмат қилаяпти. Энг муҳими, бу қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ошишида жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аниқ ва ҳар томонлама асосли таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида фракциялар Қонунчилик палатасининг ялпи муҳокамасидан олдин қонунлар лойиҳаларини ўз ишчи гуруҳлари йиғилишлари ва кенгайтирилган мажлисларида кўриб чиқаяпти. Бунинг афзал томони шундаки, фракцияларнинг таклиф-мулоҳазалари масъул қўмиталар қонун лойиҳаси устида ишлаётган вақтда берилаётир. Натижада масъул қўмиталар фракциялар фикрларини тизимли ўрганиб, таҳлил қилиш, қиёслаш, қонун лойиҳасида акс эттириш бўйича зарур вақт ва имкониятга эга бўлаяпти.

ЎзХДП фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида қонунлар лойиҳалари муҳокамасига ўзига хос янгича ёндашув тўғри ва самарали экани кўзга ташланди.

Мазкур йиғилишда фракция аъзолари масъул қўмиталар аъзолари ҳамда мутахассислар билан бирга қатор қонунлар лойиҳаларини яна бир марта муҳокамадан ўтказди.

Йиғилишда қонунлар лойиҳалари юзасидан ЎзХДП фракцияси таклифларини шакллантириш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари томонидан муайян ишлар амалга оширилгани айтилди. Қонунлар лойиҳаларига фракциянинг таклифлари ҳақида мазкур ишчи гуруҳлар аъзоларининг маърузалари эшитилди.

Дастлаб, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Алишер СОДИҚОВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси давлат мулкини мамлакатда ҳам, ундан ташқарида ҳам самарали бошқариш асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, давлат мулки объектларини бошқаришнинг ягона тизимини яратишга хизмат қилади.

Давлат мулки самарали бошқарилиши ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб бориши кафолатини янада мустаҳкамлайди. Бу масалалар ЎзХДП Дастурида белгиланган вазифалар билан узвий боғлиқ. Партиямиз Дастурида мулк муносабатларининг янги тизимини шакллантириш учун зарур шарт-шароит яратиш масаласи алоҳида эътиборга олинган. Шунинг учун биз қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаган эдик.

Мазкур қонун лойиҳаси фракциямиз ишчи гуруҳида бир неча бор кўриб чиқилди. Фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасидаги бир қанча масалалар бўйича таклиф-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Бизнинг фикримизча, қонун лойиҳасининг асосий мақсади давлат мулкини самарали бошқариш масалаларига қаратилиши керак. Бу борадаги барча ҳуқуқий муносабатлар давлат мулкини бошқариш бўйича дунёдаги илғор тажрибаларга мувофиқ келиши муҳимдир. Биламизки, давлат мулкини бошқариш анча мураккаб жараён. Бу масалада жуда эҳтиёткорона ва чуқур ёндашиш, етти ўлчаб бир кесиш талаб этилади. Боиси, давлат мулки бошқаруви мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, минг-минглаб одамлар тақдири билан боғлиқ.

Барча ривожланган мамлакатларда давлат мулкини бошқариш деганда мулкка эгалик қилиш, сақлаш ёки ҳимоя қилиш билан бирга, шулар қаторида мулкни имкон қадар кўпроқ фойда келтирадиган энг мақбул тарзда бошқариш ҳам тушунилади. Давлат мулки замон талабларидан келиб чиқиб оқилона бошқарилиши, қонун лойиҳасида асосий ғоя ва мақсад шунга қаратилиши керак. Фракциямизнинг қатъий позицияси шундай.

Ҳозирча қонун лойиҳасида бу борада яхлит ҳуқуқий тизим очиб берилмаган. Давлат органларининг давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ваколатларини белгилаш масаласи ҳам ҳали тўлиқ қамраб олинмаган. Шуларнинг барчасини ҳар томонлама ҳисобга олиб, фракциямиз ўзининг дастлабки таклифларини қиёсий жадвал тарзида масъул қўмиталарга тақдим этди.

Йиғилишда шундан кейин «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича фракция ишчи гуруҳи олиб борган ишлар, чиқарилган хулоса ва таклифлар ҳақида маълумот берилди.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ва жиноий жазо тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар барқарор жиноят қо-нунчилигини яратишга асос бўлмоқда. Жиноий жазо айбдорларни тузатиш ва жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилар экан, шундан келиб чиқиб қонунчиликни янада такомиллаштириш, чинакам инсонпарварлик мазмуни билан бойитиш муҳим масала ҳисобланади.

Жиноий жазоларнинг умумэътироф этилган қонунчилик меъёрларига мувофиқлаштирилиши, бунда инсон омилига эътиборнинг кучайтирилиши ЎзХДП дастурий мақсадларига мувофиқдир.

Лекин шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасидаги айрим меъёрларни аниқ ифодалаш талаб этилади.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Мастура САЙФИДДИНОВА «Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи хулосалари, партия дастурий мақсадларини ифодалаш масалалари ҳақида ахборот берди.

Депутатлар фонд бозорида қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни жойлаштириш шартлари, қимматли қоғозлар билан битимларни тузиш ва рўйхатга олиш талаблари, шунингдек, фонд бозорида профессионал иш юритиш шароитини соддалаштириш муҳимлигини, қонун лойиҳасини маромига етказишда бунга алоҳида эътибор бериш кераклигини таъкидлашди.

Йиғилишда барча таклиф-мулоҳазалар партия экспертлари, олим ва мутахассислар иштирокида қизғин муҳокама этилди. Фракциянинг таклифларини масъул қўмиталарга тақдим этишга қарор қилинди.

Шунингдек, қонунлар лойиҳалари юзасидан партия фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олим ва мутахассислар, ҳуқуқшунослар иштирокида мақсадли тадбирлар ўтказишга келишилди. Уларда ишлаб чиқиладиган таклифлар фракция мажлисида кўриб чиқилгач, қўшимча равишда қўмиталарга бериб борилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.