17.05.2014

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИНИНГ ОЧИҚЛИГИ

ЎзХДП учун принципиал аҳамиятга эга

Ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятида фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ахборотларни ҳеч қандай тўсиқларсиз олади. Айтиш керакки, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда бу борадаги кафолатларни мустаҳкамлаб, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда улкан тарихий қадам бўлди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш — эркин фуқаролик жамиятининг пойдевори» мавзусидаги семинарда бу фикр алоҳида таъкидланди.

Семинарда Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида самарали тарғиб қилишда партия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш, шу орқали аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, электорат вакилларининг ўзларини қийнаётган муаммолар бўйича давлат органларига мурожаат этишларининг қонуний асосларини тушунтириб бериш масалалари юзасидан сўз юритилди.

— Президентимиз Ислом Каримов илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнлари ҳар томонлама сарҳисоб қилиниб, ислоҳотларни янги босқичга кўтариш борасидаги асосий устувор йўналишлар белгилаб берилган эди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Ушбу концепция асосида ишлаб чиқилган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим кафолатларидан биридир. Ҳар бир қонуннинг жамият тараққиётида ўзига хос ўрни бўлади. Аммо мазкур қонун айнан ЎзХДП учун алоҳида аҳамиятга эгадир. Айтиш жоизки, унинг қабул қилиниши партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига тўла мос келади. Унда фуқаролар ўзларини ўйлантираётган муаммолар ечими борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига эркин мурожаат қилишлари мумкинлиги, олинадиган маълумотлар тури ва тартиби қонунда содда ва аниқ қилиб белгилаб қўйилган, нафақат оғзаки ёки ёзма, балки электрон тарзда сўровлар бериш мумкинлиги ҳам қайд этилган. Бу эса фуқароларга турли идо-раларга махсус бориб ўтирмасдан, ўз сўровларини электрон кўринишда жўнатиш имкониятини яратиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Қонуннинг ижтимоий аҳамияти ундаги барча нормалар аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларига хизмат қилиши, уларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятлари қарор топишини таъминлашида яққол намоён бўлади. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда тарқатишнинг кафолатлари яратилганлиги жамиятда кечаётган демократик жараёнлар, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардан фуқароларнинг тўлиқ хабардорлигини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида яратилаётган шарт-шароитлардан аҳоли самарали фойдаланиши учун имконият беради.

Қонуннинг 5-моддасида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар давлат органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот сифатида белгиланган. Бу эса ЎзХДП Сайловолди дастуридаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг доимий бандлигини таъминлашга оид мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини янада самарали ташкил этишга қаратилган ҳуқуқий асосни акс эттиргани билан муҳим аҳамият касб этади.

— Мазкур қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари аниқ ва равшан белгилаб берилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова. — Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ёки чоп этиш, ушбу ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида, ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш, шунингдек, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали ахборот тақдим этиш, ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш каби усуллар қонунда белгилаб қўйилган.

Шунингдек, қонунда белгиланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқишнинг аниқ тартиблари ва муддатларига оид нормаларнинг киритилиши аҳоли вакилларининг зарур ахборотни ўз вақтида олишларини таъминлайди. Унинг 19-моддасида қайд этилишича, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддат ичида, ОАВнинг ахборот олишга оид, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш ҳақидаги сўровлари эса кўпи билан етти кун ичида кўриб чиқилиши керак. Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш сўров тақдим этилган давлат органи ваколатига кирмаса, у тегишли ваколатли органга уч кун муддат ичида юборилади ҳамда бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилинади. Бу ўз навбатида фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан холи этиб, тез фурсатда мақсадга эришишларига ёрдам беради.

— Партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлари ва тарғибот гуруҳлари эътиборни мазкур Қонуннинг фуқаролик жамияти ривожидаги аҳамиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишга қаратишлари зарур, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Бу борада турли ўқувлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, маҳаллаларда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш, қонуннинг мазмун-моҳияти бўйича услубий қўлланмалар, электорат вакилларига мазкур қонун яратаётган ҳуқуқий имкониятлар бўйича кўргазмали воситалар тайёрлаб, қуйи ташкилотларга етказиш зарур. Электорат вакилларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг веб-сайтларидан ахборот олишга ўргатиш қонуннинг ижтимоий ҳаётдаги самарали ижросини таъминлайди.

— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларининг белгиланиши, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг яна бир кафолатидир, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Сотиболди Бобоқулов. — Қонунда қайд этилишича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ўз веб-сайтларида ахборотларнинг ўз вақтида берилиши, уларнинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади. Умуман, қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича барча зарурий масалалар қамраб олинган. Унинг ижроси самарали бўлиши нафақат мутасадди идораларга, балки биз депутатлар, аҳоли фаоллигига ҳам ҳар жиҳатдан боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур.

Семинарнинг иккинчи қисмида қонун моддалари бўйича иштирокчилар ўртасида интерактив машғулотлар ўтказилди. Семинар якунида аҳоли орасида ўтказиладиган тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.