16.05.2014

Буюк аждодларимиз мероси – бутун инсониятнинг маънавий бойлиги

Самарқанд шаҳридаги Қабуллар уйида 15 май куни “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция бошланди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Саудия Арабистони, Кувайт, Россия, Озарбайжон каби элликка яқин мамлакатдан олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессорлари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани минтақавий бюроси директори Хуберт Гизен ўрта асрлар Шарқ алломаларининг дунё тамаддунида тутган ўрни, илм-фан ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда миллий қадриятларни тиклаш, бой тарихимизни ўрганиш, фан ва таълим тизимини ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Конференцияда ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ва ижоди, уларнинг тарихий мероси ва илмий мактаблари фаолияти ҳақида видеофильм намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан истиқлол йилларида буюк аждодларимизнинг номлари тикланди. Уларнинг ҳаёти ва бебаҳо меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш ва асраб-авайлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, жамият тараққиётидаги ҳар қандай ўзгаришлар, янгиликлар, айниқса, инсоният ривожига катта туртки берадиган жараёнлар, кашфиётлар ўз-ўзидан юз бермайди. Бунинг учун аввало асрий анъаналар, тегишли шарт-шароит, тафаккур мактаби, маданий-маънавий муҳит мавжуд бўлмоғи керак.

Ана шундай эзгу мақсад ва тафаккур билан яшаган халқимиз жаҳон тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган юртимиз ҳудудида илм-фан, маданият азалдан ривожланган. Айниқса, ўрта асрларда она заминимиздан минглаб олиму шоирлар, буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг математика, физика, кимё, астрономия, этнография, тиббиёт, тарих, адабиёт, ахлоқ, фалсафа каби кўплаб соҳаларга оид асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термиз ва бошқа шаҳарлардаги қадимий обидалар бутун башариятнинг маънавий мулки ҳисобланади.

Ўша даврдаги энг буюк мутафаккир олимлардан бири Муҳаммад Мусо Хоразмийдир. Бугун бутун дунё фойдаланадиган ҳисоб-китоб амаллари, замонавий технологиялар фаолияти ана шу бобокалонимиз яратган қоидаларга асосланади.

Бутун дунё Хоразмийнинг илм-фан ривожи йўлидаги ҳиссасини юксак қадрлайди, уни вояга етказган заминга алоҳида эҳтиром билан қарайди.

Аҳмад Фарғонийнинг “Астрономия асослари” номли асари ўн иккинчи асрда лотин ва иврит тилларига таржима қилингани, кейинчалик Италия, Германия, Франция, Голландия ва АҚШ каби кўплаб мамлакатларда қайта-қайта чоп этилгани унинг нақадар улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Алломанинг Ер шарсимон шаклда эканлиги борасидаги қарашларини орадан саккиз юз йил ўтиб амалда исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб “Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим”, дея дастхат қолдирган. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига бобокалонимиз номи берилган.

ЮНЕСКО қарорига мувофиқ 1998 йилда Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Бу буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз илмий салоҳиятининг яна бир эътирофи бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қува ва Фарғона шаҳарларида мутафаккир ҳайкаллари бунёд этилди, Фарғона давлат университетига Аҳмад Фарғоний номи берилди.

Ўрта асрларда Шарқ илм-фани ривожида Хоразм Маъмун академияси алоҳида ўрин тутган. Улкан кутубхона, мадраса, таржимон ва хаттотлар мактаби каби тузилмаларга эга бўлган бу даргоҳда юздан ортиқ алломалар, истеъдодли талабалар илмий изланишлар олиб борган. Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби қомусий олимларнинг умумбашарий тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.

Ибн Сино номи дунё фани ва маданияти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Доимо яшил бўлиб турувчи тропик ўсимлик “Авиценния” деб аталган. Кўплаб мамлакатларда кўчалар, ўқув ва тиббиёт муассасаларига унинг номи қўйилган, аллома шарафига медаль ва мукофотлар таъсис этилган.

Президентимиз Ислом Каримов 1998 йил 6 ноябрда ЮНЕСКОнинг халқаро Абу Али ибн Сино олтин медали билан тақдирланди. Бу олий мукофот халқимизнинг умумбашарий цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссаси ва хизматининг тан олиниши, давлатимиз томонидан тарихий, маданий, маънавий меросни асраб-авайлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилган ишларнинг муносиб баҳоси бўлди.

ЮНЕСКО шафелигида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонлангани, унинг фаолияти қайта ташкил этилгани мамлакатимизда аждодлар хотирасига, илм-фан ривожига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Ҳозир бу қадимий ва навқирон илм масканида Хоразм тарихи, унинг ўзига хос маданияти, экологияси, ер ва сув ресурсларини ўрганиш бўйича илмий изланишлар давом эттирилмоқда.

Мирзо Улуғбек юртимизнинг бир қатор шаҳарларида мадрасалар қурдирган, Самарқандда ўзига хос илмий муҳит, ҳозирги тилда айтганда, академия ташкил этган. У ерда 200 дан ортиқ олим фаолият юритган.

Фалакиёт илмининг назарий ва амалий масалалари тўла қамраб олинган Улуғбекнинг “Зиж”и ўрта асрлардаёқ Осиё ва Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Европалик астроном олимлар уни лотин, француз, инглиз тилларига таржима қилган, шарҳлар битган.

“Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Кўрагоний” номлари билан шуҳрат қозонган бу асарда 1018 юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Юлдузларнинг баландлиги ва улар орасидаги масофа, қуёш ва ойнинг ҳаракати, уларнинг тутилиш вақтлари баён қилинган. Бу ҳисоб-китоблар замонавий технологиялар орқали аниқланган кузатув натижаларидан деярли фарқ қилмайди. Масалан, Улуғбек ҳисоби бўйича бир йил 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сонияни ташкил этади. Бугунги кунда бир йил 365 кун 6 соат 9 дақиқа 6 сонияга тенг.

“Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош директори Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади, – деб ёзади Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида. – Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга қараб, йўқ жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим”.

Истиқлол йилларида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1994 йил мамлакатимизда Улуғбек йили, деб эълон қилинди. Ўша йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Париж шаҳридаги ЮНЕСКО қароргоҳида буюк алломанинг илмий мероси ва унинг аҳамиятига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

Мирзо Улуғбек сиймоси халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолган. Юртимизда Улуғбек номи берилган туман, маънавият масканлари, маҳаллалар, кўчалар кўп. Ота-оналар эзгу ниятлар билан фарзандларига Улуғбекнинг муборак исмини қўйишади. Буларнинг барчаси халқимизнинг буюк алломага чексиз ҳурматидан дарак беради.

Бутун дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Бунинг тасдиғини турли мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратилгани, улуғ аждодларимиз хотирасига ёдгорликлар барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. Бельгия ва Латвияда Ибн Синога, Латвияда Мирзо Улуғбекка, Япония, Россия ва Озарбайжонда Алишер Навоийга, Мисрда Аҳмад Фарғонийга ўрнатилган ҳайкаллар халқимиз тарихига чуқур ҳурмат ифодасидир.

“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, бу шаҳар жаҳон цивилизациясининг қадимий ўчоқларидан биридир. Бу ердаги обидалар, маданий ёдгорликлар аждодларимиз даҳосидан, олис ва буюк ўтмишдан сўзлайди. Самарқанднинг гўзал ва сўлим табиати, қадимий ва замонавий иншоотлари бутун дунёни ўзига мафтун этиб келади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида улуғ бир ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобат, файзу тароват бор. Бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг ҳар бир ғиштида бунёдкор халқимизнинг буюк истеъдоди ва маҳорати, боқий қадриятлари мужассам.

Истиқлол йилларида Самарқанд ўзгача тароват ва маҳобат касб этмоқда. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Самарқандда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳар марказида Соҳибқирон бобомизнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Улуғбек расадхонаси ва мадрасаси қайта таъмирланди. Президентимиз фармонига мувофиқ 1996 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланди. Шундан буён бу кун юртимизда Самарқанд куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Самарқанд тарихини ўрганиш истиқлол йилларида изчиллик касб этди. Хусусан, Афросиёб тепаликларида олиб борилган кенг кўламли археологик тадқиқотларда шаҳар аркининг энг қуйи қатламлари ўрганилди. Эрамиздан аввалги VIII-VII асрларда бунёд этилган бу девор Марказий Осиёдаги энг қадимий мудофаа истеҳкоми ҳисобланади. Бу ердан топилган кўҳна буюмлар Франция илмий тадқиқотлар миллий марказига қарашли лабораторияда тадқиқ қилинди. Таҳлиллар Афросиёб ашёлари 2750 йиллик тарихга эга эканини кўрсатди.

ЮНЕСКО Бош конференцияси қарорига мувофиқ, 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу қутлуғ тўй арафасида боқий шаҳар янада гўзаллашди. Ўнлаб ижтимоий-маиший иншоотлар, кўркам боғлар, хиёбонлар барпо этилди. Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним ва Шоҳи Зинда ёдгорликлари ҳамда Улуғбек расадхонасини бир-бирига боғловчи кичик ҳалқа йўлининг қурилиши шаҳар аҳли ва сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратди.

Президентимиз раҳнамолигида Самарқанднинг асл тарихий қиёфасини тиклаш, иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш мақсадида барпо этилган магистрал йўллар, боғу хиёбонлар, таълим муассасалари ва спорт майдончалари, тиббиёт масканлари ва меҳмонхоналар қадим шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Самарқанд шаҳрида яна бир муҳташам мажмуа – Қабуллар уйи барпо этилди. Регистон майдонида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзали атрофи ободонлаштирилди.

Халқаро анжуман иштирокчилари Амир Темур мақбараси, Расадхона, Афросиёб ва Улуғбек музейлари билан танишди. Улар истиқлол йилларида Самарқанд шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредрик Старр, япониялик бобуршунос олим, Рюкоку университети профессори Эйжи Мано, Қоҳира университети профессори Магида Маҳлуф, “Абу Али ибн Сино – Франция” уюшмаси президенти, профессор Марк Боннел, бельгиялик профессор Юль Янссенс, Нидерландиянинг Утрехт университети доценти Вильфрид де Грааф, Япониянинг Токаи университети профессори, шарқшунос олим Масатака Такешита, Хитой Фан ва технологиялар университети тарих ва археология факультети раҳбари, профессор Ши Юнли, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе ва бошқалар ўрта асрлар Шарқ алломаларининг ҳаёти, илмий фаолияти ҳақида маъруза қилди.

Халқаро конференция шўъба мажлисларида давом этмоқда.
O'zA


DB query error.
Please try later.