16.05.2014

ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Хуберт Гизеннинг нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийлари!

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Буюк Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган мана шу муҳим тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф. Бу шаҳар Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган афсонавий шаҳар, илм-фан, санъат, маданият ва меъморлик маркази. Бу дунё аҳамиятига молик шаҳардир. “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” деб ном олган мазкур халқаро конференцияни ўтказиш учун, ўйлайманки, бундан ҳам яхшироқ жойни танлашни тасаввур қилиб бўлмаса керак.

Энг аввало, ЮНЕСКО учун катта аҳамиятга эга бўлган мавзуга бағишланган ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани ҳамда Ўзбекистоннинг таълим-тарбия, илм-фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларини ривожлантириш борасидаги қатъий садоқати учун Президент Ислом Каримовга ва Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирмоқчиман.

Ўтган йилнинг август ойида ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова хоним Президент Ислом Каримов билан биргаликда бугун биз тўпланган мана шу масканга яқин бўлган муаззам Регистон майдонида “Шарқ тароналари” 9-халқаро фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган эди. ЮНЕСКО Бош директорида ушбу ташриф жуда илиқ таассурот қолдирганини ва у киши Сизга, Президент Жаноби Олийлари, ва конференциянинг барча иштирокчиларига энг самимий табрик ва тилакларини етказишимни сўради.

Хонимлар ва жаноблар!

Ушбу конференциянинг айнан Самарқандда ўтказилаётгани жуда катта рамзий маънога эга. Бу кўҳна шаҳар дунё аҳамиятига эга бўлгани учун ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ва унда “Самарқанд – маданиятлар учрашадиган макон” деган сўзлар ёзиб қўйилган.

2750 йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд шаҳри Марказий Осиёдан, жумладан, афсонавий Буюк Ипак йўлидан ўтган дунё маданиятлари ва йирик савдо йўлларининг чорраҳасида жойлашган. Марказий Осиёдаги Шарқ Ренессанси ҳам буюк аждодингиз Амир Темур томонидан яратилган қудратли ва гуллаб-яшнаган давлатнинг пойтахти – Самарқанд билан чамбарчас боғлиқдир.

Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Улуғбек, Ал-Фарғоний, Алишер Навоий каби буюк аллома ва мутафаккирлар дунё илм-фани, фалсафа ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшганлар ва ушбу минтақа довруғини бутун жаҳонга таратдилар. Улар амалга оширган тадқиқотлар ва илмий ишларнинг натижалари бир неча асрлар давомида Европанинг етакчи университетларида илм-фаннинг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилган ва бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмасдан келмоқда.

Демак, ушбу алломаларнинг илмий ва ҳаётий жасорати, бебаҳо кашфиётлари нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бошқа қитъаларда ҳам бугунги давр олимлари, айниқса, ёшлар учун сабоқ бўлиб келмоқда, ўрнак ва намуна вазифасини ўтамоқда. Бу эса биз учун халқаро миқёсда илмий фикрлашув доирасини кенгайтириш борасида ибрат бўлиб, илмий тадқиқотлар самарадорлигини янада оширишга имкон беради.

ЮНЕСКО турли минтақалар олимлари ўртасидаги учрашувлар ва тажриба алмашувлар бу жараёнга жалб этилган барча халқларнинг фаровонлигини оширишга ёрдам беришига ишонч билдиради. Чунки бу ўзаро ҳамфикрлик муҳитини яхшилайди, пировардида ижтимоий уйғунликни мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шундай қилиб, бундай мулоқот ва фикр алмашувлар ЮНЕСКОнинг асосий миссиясида алоҳида ўрин тутадиган инсоният тафаккурида тинчликни ҳимоя қилиш тамойилларини қарор топтириш борасида энг муҳим омил вазифасини ўтайди.

Кейинги 40 йилда ЮНЕСКО Марказий Осиёда мулоқот ва тадқиқотларни кучайтиришга қаратилган бир қатор аҳамиятга молик ташаббусларга етакчилик қилиб келган. Олти жилддан иборат бўлган, “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” деб номланган китоблар туркуми ушбу минтақанинг тарихи, маданияти ва илмий ютуқларининг ўта чуқур ва муҳим илмий тадқиқотлари самарасидир. Бундан ташқари, яқинда ЮНЕСКО Буюк Ипак йўли масалалари бўйича билимлар алмашиш учун мўлжалланган, турли илмий йўналишлардаги ёндашувлар орқали олим ва тадқиқотчиларни бирлаштиришга қаратилган “Ипак йўли” онлайн платформаси” инновацион ташаббусини амалга оширишни бошлаб юборди. Ушбу ташаббус, Осиё, Африка ва Европанинг 55 та мамлакатини бирлаштирган ҳолда, халқаро ҳамкорлик, ривожланиш ва мулоқот юритиш мақсадида Буюк Ипак йўлини замонавий рақамли маконда қайта тикламоқда.

Хонимлар ва жаноблар!

Кеча Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада, Паркентдаги Қуёш энергетикаси бўйича халқаро марказда, Ботаника боғида бўлиб ўтган қатор учрашувлар ҳамда ўзбек олимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбати чоғида мен илм-фан соҳасидаги Ўзбекистон тараққиётининг асосий босқичлари билан шахсан танишдим. Шунингдек, мен раҳбарлар, олимлар ва талабалар билан биз умид қилаётган ёрқин келажак режаларини амалга оширишда илм-фан, технология ва инновацияларнинг роли тўғрисида фикр алмашиш имконига эга бўлдим.

Шуни айтмоқчиманки, ташрифим давомида мен ёш авлод вакиллари – ўқувчилар, талабалар, ёш олимлар ва оддий одамларнинг мамнун чеҳрасига алоҳида эътибор қаратдим.

Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон – келгуси тараққиёт учун ишончли пойдевор сифатида хизмат қиладиган ёшлардан иборат, ўқимишли, руҳи ва маънавияти юксак инсонлар мамлакати эканидан далолат беради.

Айни пайтда бундай ташриф ва фикр алмашувлар Ўзбекистон раҳбарияти, ўрта асрлар Шарқининг таълим-тарбия, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришдаги юксак анъаналарини давом эттирган ҳолда, илм-фан ва таълимни ривожлантириш масалаларига нақадар муҳим аҳамият бераётгани мамлакат келажагини шакллантиришда илғор билимларни жалб қилиш вазифасига қанчалик содиқлигини намоён этди. Президент Ислом Каримов Жаноби Олийлари ва Ўзбекистон халқининг бу йўналишда эришган натижалари ва саъй-ҳаракатларига тасаннолар айтишимизга ижозат бергайсиз.

Биз ўтмиш тажрибасидан фойдаланамиз ва барқарор келажакка интиламиз. Шундай қилиб, мазкур анжуман тарихга назар ташлаб, эришилган билимлар, ақл-заковат ва салоҳият ютуқларидан фойдаланиб, уларга таянган ҳолда барчамиз учун барқарор келажакни барпо этишга қулай имконият яратмоқда.

Эътиборингиз учун ташаккур.


DB query error.
Please try later.