15.05.2014

ЎЗБЕКИСТОН — БУЮК АЛЛОМАЛАР ВАТАНИ

Самарқанд шаҳрида 15 май куни «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлайди. Унда жаҳоннинг элликка яқин давлатидан олимлар ва зиёлилар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари иштирок этади.

ЎзА мухбирлари конференциянинг хорижлик иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Эдгар КЛОЗЕ,

Бранденбург Технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти директори, профессор (Германия):

— Афсонавий Шарқ тимсоли — Самарқанд жаҳон цивилизациясининг қадимий ўчоқларидан бири, юзлаб аллома ва мутафаккирлар яшаб ижод қилган бой тарихий ва маданий меросга эга шаҳардир. Бу ерда ўтказилаётган халқаро конференция Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан ўзбек заминининг тарихий, маданий ва илмий меросини тиклашга, асраб-авайлашга ва тарғиб қилишга қаратилаётган улкан эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Бу диёрда камолга етган кўплаб алломаларнинг ижоди ва фаолиятидан яхши хабардорман. Хусусан, астрономия асосчиси Мирзо Улуғбек, мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг илмий ва бадиий мероси бутун инсониятнинг бебаҳо мулкидир.

Буюк олим Мирзо Улуғбекнинг беназир кашфиётлари жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Унинг тадқиқотлари кейинчалик кўплаб олимларнинг, жумладан, таниқли немис астрономи ва математиги Иоганн Кеплернинг илмий ютуқларига асос бўлиб хизмат қилган.

Алишер Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари, унинг дунё адабий хазинасидан жой олган бебаҳо дурдона асарлари мазмун-моҳияти билан бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир. Турли халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик илм-фан тараққиётида, ҳар қандай жамиятнинг маънавий юксалишида катта аҳамият касб этади. Мазкур халқаро конференция ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган олимлар ўзбек халқининг бой илмий ва маънавий меросини янада чуқурроқ ўрганиш, очилмаган қирраларни кашф этиш ва уларни ҳаётнинг турли жабҳаларига татбиқ этиш борасида фикр алмашиш имконига эга бўлади.

Мен конференциядаги маърузамда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш ниятидаман.

Муҳаммад Абдулҳамид ХАЛИФА,

Искандария университети профессори (Миср):

— Ўзбекистонга биринчи марта келаётган бўлсам-да, бу юртнинг тарихи, буюк алломалари ҳақида жуда кўп манбаларни ўрганганман. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замаҳшарий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломалар, мутафаккир боболарнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ижодий кашфиётлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солаётгани халқингиз учун ғоят фахрлидир.

Мен ўзбек халқи аждодлари — Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида китоб ёзганман, уларнинг асарларига тавсиф берганман.

Шуни қайд этишни истардимки, Алишер Навоийнинг бебаҳо, дурдона асарлари араб дунёсида ҳам машҳур. Мен унинг ғазалларини катта қизиқиш билан ўқийман.

Ислом оламида «муҳаддислар султони» дея шуҳрат қозонган Имом Бухорийнинг энг ишончли ҳадислар тўплами — «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китоби динимизда Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба ҳисобланади. Неча асрлардан буён ушбу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда.

Ўзбекистонга мазкур ташрифим доирасида бир умрлик орзуим — Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш бахти насиб этишидан қувончим чексиз. Президент Ислом Каримовнинг тарихий-меъморий обидалар, зиёратгоҳларни тиклаш ва таъмирлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга безавол етказиб беришга қаратаётган улкан эътибори ва бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таҳсинга лойиқдир.

Фаина ЛИНЬКОВА,

Питтсбург университети профессори (АҚШ):

— Ўзбекистонга илк ташрифим асносида олган олам-олам таассуротларимни таърифлашга сўз ожизлик қилади. Тошкентдаги музей ва тасвирий санъат галереялари менда катта таассурот қолдирди.

Бу заминда етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Жумладан, Муҳаммад Мусо Хоразмий ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини дунёда биринчи бўлиб илм-фан соҳасига жорий этгани ва шу асосда аниқ фанлар ривожи учун ўз вақтида мустаҳкам асос яратгани жаҳон цивилизацияси ривожида бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эга. Унинг арифметикага доир асари бугунги кунда биз фойдаланадиган ўнлик ҳисоблаш тизими ва шу тизимдаги амалларнинг Европада тарқалишига сабаб бўлди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан танишдим. Кутубхонада жуда қадимий нашрлар, ноёб қўлёзмалар ва ҳужжатлар, турли адабиёт ва асарлар сақланар экан. Энг қувонарлиси шундаки, барча фойдаланувчиларнинг электрон ресурслардан, кутубхонада ахборот манбаларидан эркин фойдаланиш имкони мавжуд. Кутубхонада кўплаб ёш китобхонларга кўзим тушди. Уларнинг ўқиб-изланаётганини кўриб, жуда таъсирландим. Бу ўзбек заминида буюк бобокалонларига муносиб ёш авлод тарбия топаётганидан далолатдир.

Санг Гак ЛИ хоним,

Сеул Миллий университетининг Физика ва астрономия кафедраси профессори (Жанубий Корея):

— Ўзбекистонга учинчи марта келишим. Ҳар сафар юртингизда барча соҳа-ларни, жумладан, қурилиш, транспорт коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўламан. Бу мамлакатингизда халқ фаровонлигини муттасил оширишга қаратилаётган улкан эътибордан далолатдир. Ўзбекистонда темир йўл соҳаси жадал ривожланаётганини кўриб, қувондим. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди қатновининг йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан етук олим ва мутахассисларни тўплаган мазкур нуфузли конференция бошқа йўналишлар қатори астрономия тарихида ҳам муҳим воқеадир. Анжуман Мирзо Улуғбек илмий тадқиқотларининг ҳали ўрганилмаган қирраларини кашф этиш имконини ҳам беради. Ўзбекистон астрономик тадқиқотлар жиҳатидан дунёдаги энг ноёб ҳудудлардан бири эканини алоҳида таъкидлашни истардим.

Университетимиз Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Ушбу институтнинг Майданак обсерваторияси географик жойлашуви, қулай атмосфера шароити ва астроиқлими жиҳатидан жаҳондаги нуфузли расадхоналар қаторида туради. Майданакдаги телескоплар мусаффо тунларда минглаб осмон жисмларини кузатиш имкониятига эга. Ана шундай шароитдан оқилона фойдаланаётган олимларингиз катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

Майданак обсерваториясидаги телескопга ўрнатилган замонавий русумдаги рақамли камера Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигининг амалий натижасидир. Бу астрономик тадқиқот олиб бориш фаоллигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Шиоя АКИФУМИ,

Цукуба университети профессори (Япония):

— Ўзбекистонда дунёга машҳур ва маълум улуғ мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан. Жумладан, машҳур аллома Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари ҳамон инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида тиббиёт олами учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги алоқалар иқтисодиёт ва маданият каби турли соҳаларда изчил тараққий этаётганини алоҳида қайд этишни истардим.

Сиддхарт САКСЕНА,

Кембриж университетининг Марказий Осиё бўйича форуми раиси (Буюк Британия):

— Ўзбекистонда мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар бераётган самаралар халқингиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилмоқда. Мамлакатингизга ҳар гал келганимда Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгариб, янада гўзаллашганининг гувоҳи бўламан. Ижти-моий-иқтисодий, илмий соҳаларда, шунингдек, бунёдкорлик жабҳасида рўй бераётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳавасимни тортади.

Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг «ўзбек модели» ғоят самарали ва ҳаётийлиги билан халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу омил кўплаб мамлакатларда ҳамон давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам мамлакатингиз барқарор иқтисодий ривожланиши учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш фаоллашиб бораётгани таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор самараларидандир.

ЎзА махсус мухбирлари

Ирода УМАРОВА, Нодира МАНЗУРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.