Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
15.05.2014

ПАРТИЯНИНГ КУЧИ

бошланғич ташкилотлар фаоллигига боғлиқ

Бошланғич ташкилотлар фаолияти тизимли йўлга қўйилиши партиянинг катта-катта ютуқларига асос бўлади.

Негаки, айнан қуйи бўғин орқали сиёсий партия халқ орасига чуқур кириб боради, электорат билан бевосита боғланади. Демак, партия сиёсий куч сифатида ўзини тўлиқ намоён этиши ҳар жиҳатдан уларнинг иши тўғри ташкил этилишига боғлиқ.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Зокиржон Холматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда партиямизнинг 10 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили бошланғич партия ташкилотларининг ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди.

Натижада қуйи бўғин фаолияти кенг таҳлил этилиб, уларга интилувчан ва талабчан етакчилар сайлаб олинди.

Улар ўзларига билдирилган ишонч ва масъулиятни чуқур англаб, қуйи бўғин ишини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, аъзоларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишда бошланғич ташкилотлар ҳал қилувчи ўрин тутади. Улар қандай фаолият кўрсатиши эса етакчиларнинг сиёсий билими, ташкилотчилик қобилиятига боғлиқ.

Хўш, мазкур масала бўйича маҳаллий партия кенгашлари етакчилари қандай фикрда? Бу борада жойларда қандай ишлар олиб бориляпти?

Рўзибек ТЎРАЕВ,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

— Қуйи бўғин имкониятларидан самарали фойдаланиш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Бу масала ўз-ўзидан амалга ошмайди, албатта. Бунинг учун бошланғич ташкилотларга одамлар билан тез тил топиша оладиган, сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интиладиган, ташкилотчи кишилар етакчилик қилиши керак.

Етакчи сиёсий-ҳуқуқий билимларни яхши эгаллаган бўлса, партиядошлари саволларига жавоб бера олади, ишни қандай ташкил этишни яхши билади. Шунинг учун сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни кўпроқ қуйи-да ташкил этяпмиз. Етакчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу сабабли бошланғич ташкилотларимизнинг аксариятида фаоллик кузатилмоқда. Ўтган йили пойтахтимиздаги 8-автобус саройидаги бошланғич партия ташкилотимиз ташаббуси билан «Янги иш ўринлари ташкил этишда ЎзХДП вазифалари» мавзуида семинар ўтказилди. Унга депутатлар, партия фаоллари, жамоа аъзолари ҳамда ёшлар таклиф этилди. Аҳамиятли жиҳати, тадбир иштирокчилари янги иш жойлари очиш, қўлида ҳунари бор кишиларни оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб қилиш бўйича қатор таклифлар билдиришди.

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш учун илғор иш тажрибаларини кенг тарғиб қилиб бориш керак. Масалан, Олмазор туманида жойлашган Республика кўз касалликлари шифохонаси, Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиника, Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника, Чилонзор туманидаги «Бешёғоч» маҳалласи бошланғич партия ташкилоти ибратли иш тажрибасига эга.

Робия КОЗИМОВА,

ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси:

— Менимча, бошланғич партия ташкилоти намунали фаолият юритиши учун биринчи галда уни туман, шаҳар партия кенгаши қўллаб-қувватлаши керак. Ўз навбатида, бошланғич ташкилот етакчиси ҳам аъзоларга ҳамнафас бўлиши, яшаш шароити, турмуши, қувончу ташвишларидан хабардор бўлиши лозим.

Бухоро шаҳрида партиямизнинг 58 бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар билан мунтазам равишда сиёсий ўқувлар ўтказишни йўлга қўйганмиз. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари ўртасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ҳар ойда икки маротаба депутатлар билан бошланғич ташкилотларга бориб, уларнинг фаолияти билан танишамиз, аъзоларимиз билан эркин мулоқот тарзидаги учрашувлар ташкил этамиз. Уларнинг таклифларини эшитамиз.

Дилором АБДУРАҲИМОВА,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгашираиси:

— Маълумки, партия кенгашлари томонидан турли мавзуларда семинарлар ўтказилади. Лекин уларда кўрилаётган масалалар, партия фаолиятига оид янгиликлар ҳар бир бошланғич ташкилотга етиб бориши, айниқса, чекка ҳудудлардаги қуйи бўғинларда ўқувлар ўтказишда камчиликларимиз бор. Айрим ҳолларда юқорида кўрилган масала ўша жойнинг ўзида, яъни вилоят, туман, шаҳар даражасида қолиб кетади. Уларга бир-иккита бошланғич ташкилот етакчиларини таклиф қилиш билан кутилган натижага эришиб бўлмайди, албатта.

Шу боис ўқув-семинарларни ҳар бир бошланғич ташкилотда ўтказишни яхши йўлга қўйишга эришишимиз керак. Етакчилар учун махсус дастурлар асосида ўқув курслари ташкил қилиш эса қуйи бўғин фаолиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳа-миятга эга бўлади, деб ҳисоблайман. Шундай бир механизмни шакллантириб олишимиз керакки, қуйи партия ташкилотларида билдириладиган ҳар бир фикр, ҳар бир таклиф партиянинг Марказий Кенгашигача, юқори партия ташкилотларида бўладиган муҳокамалар бошланғич ташкилотгача етиб бориши ҳамда ўзининг акс-садосини бериши зарур.

Аҳмаджон ВАИСОВ,

Хонқа туман партия кенгаши раиси:

— Мен ҳар ҳафтанинг икки, уч кунини бошланғич партия ташкилотларида ўтказаман. Улар фаолияти, муаммолари, таклиф-мулоҳазалари билан қизиқаман, аъзолар билан эркин суҳбат қураман. Уларни ўйлантираётган масалаларни депутатларимизга етказаман, йиғилишларда муҳокамага қўяман.

Ана шу тажрибадан бир хулосага келдимки, биз қуйи бўғиндан кўпроқ таклифлар олишимиз керак. Чунки улар аҳолини, ёшларни ўйлантираётган муаммолар, қизиқтираётган масалаларни яхши билади. Муаммони чуқур билиш эса ҳаётий, асосли таклифлар ишлаб чиқишга асос бўлади. Мисол учун биз бошланғич ташкилотларда турли мавзуларда давра суҳбатлари ташкиллаштиряпмиз. Тадбирларга бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамда бошқа қатор ташкилотлар вакиллари, депутатлар таклиф этилмоқда. Ўзаро фикр алмашиш, савол-жавоблар депутатларимиз турли ижтимоий масалаларни вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб кириши, ижро ҳокимияти органлари олдига қўйишига асос бўлади. Бундай тадбирлар бошланғич ташкилотларда ўтказилиши, аввало, етакчилар ва партия аъзолари сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга, аъзолар фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугун партиямиз тизимида бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш масаласига жиддий эътибор берилмоқда. Энг муҳими, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари қуйи ташкилотлар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш чораларини кўрмоқда. Бу эса партиянинг амалий натижаларга эришиши, электоратга яқин бўлиб, унинг манфаатларини ҳимоя қилишида муҳим аҳамият касб этади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.