15.05.2014

ЭЛЕКТОРАТНИ ТАШВИШГА СОЛАЁТГАН МАСАЛАЛАР

нафақат халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, керак бўлса,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига олиб чиқилиши керак

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўплаб тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида Қарши туманидаги «Мирмурон» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Унда партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари аъзолари, туман ҳокимлиги, йирик бошланғич ташкилотлар етакчилари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш жараёнида депутатлар, партия фаоллари мазкур маҳаллада ижтимоий масалалар мониторингини ўтказишди, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш масалаларини ўрганиб чиқишди. Тадбирда бу борадаги муаммолар, имкониятлар муҳокама этилди.

— Партия электоратини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш биз учун принципиал аҳамиятга эга, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. — Аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишда бу борадаги қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ижросини изчил назорат қилиш, қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ки-ритиш бўйича таклифлар бериб бориш учун партия электорати вакиллари, оддий одамлар билан турли даражадаги депутатларнинг мустаҳкам алоқасини тизимли йўлга қўйишимиз зарур.

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш бўйича партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда, — деди ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов. — Айтиш керакки, ўтган йили аҳолини ўйлантираётган масалалар, хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш масалаларида вилоят миқёсида 30 та депутатлик сўрови юборилди. Маҳаллалар аҳолиси билан мулоқотлар натижасида биз жойлардаги муаммолардан кўпроқ хабардор бўламиз.

Тадбирда банк, молия, солиқ идоралари, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси мутахассислари оилавий тадбиркорлик, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун бошланғич сармояни шакллантириш, бу мақсадда имтиёзли кредит олиш, касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, ишга жойлашиш, пенсия ва нафақалар тайинлаш ҳамда тўлаш қоидалари тўғрисида фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Фикр алмашув чоғида аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маҳалланинг ўрнини янада мустаҳкамлаш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди. Кам даромадли аҳоли, оилаларга ажратиладиган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш юзасидан жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Жойлардаги ижтимоий масалаларни таҳлил этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокама этишга эришиш, депутат сўрови имкониятларидан кенг фойдаланиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясига қонунлар лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш масалаларига эътибор қаратилди.

Давра суҳбати якунида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. «Мирмурон» маҳалласи аҳли, асосан хотин-қизлар ва ёшлар турли масалалар билан депутатлар, тегишли идоралар вакилларига мурожаат қилишди.

Музаффар ТУРОПОВ



DB query error.
Please try later.