15.05.2014

СУДЬЯЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАСИ

одил судловни амалга ошириш ва суд обрўсини юксалтиришга хизмат қилади

Суд органларининг давлат бошқарувидаги роли ва аҳамияти янада оширилишини таъминламасдан, уларнинг ваколатлари ҳамда мустақиллигини кучайтирмасдан туриб, мамлакатни сиёсий-иқтисодий янгилаш ва модернизация қилишда муваффақиятга эришиб бўлмайди. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ана шу мақсадда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур қонун 26 моддадан иборат бўлиб, унинг 6 та моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Солиқ кодексларига, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Судлар тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунларга, «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида Низом»га тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2012 йил 30 ноябрдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар замонавий демократик талабларга жавоб берадиган суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали тизимини яратишга, суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган. Унга кўра, судьяликка минимал ёш 25 ёшдан 30 ёшга ўзгартирилди. Олий юри-дик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судья бўлиши белгилаб қўйилди. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва стажировка ўташи шартлиги, ўқув ва стажировкани ўташ даврида улар асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши қайд этилди. Бу жуда ҳам муҳим бўлиб, инсон тақдирини ҳал қиладиган, Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм, ҳал қилув қарори чиқарадиган судья тегишли тажрибага, малакага эга бўлиши, ўз касб-корининг устаси, шу ишнинг чинакам билимдони, бу борада бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.

Шу вақтгача амалда бўлиб келган 25 ёш таълим тизимида бўлиб ўтган туб ислоҳотлардан аввал қабул қилинган бўлиб, ҳозирги 12 йиллик таълим тизими ва бакалавриат ҳамда магистратура босқичларини битирган ёш мутахассис салкам 25 ёшга тўлиб қолаётган эди. 30 ёш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида 5 йил ишлаш талаби олий юридик маълумотга эга бўлган фуқарода зарур тажриба ва малака, мустақил дунёқараш, кенг фикрлаш, узоқни кўра билиш қобилияти етарлича мустаҳкамланиши, иймон-эътиқоди мустаҳкам, иродаси бақувват бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу билан биргаликда суд жараёнининг томонлари бўлмиш прокурор ва адвокатнинг фикрларини эшитиб, халқимизга хос «етти ўлчаб бир кесиб» қарор қабул қилиш ҳам кишидан муайян тажрибани, ҳаётий кўникмаларни тақозо қилиши сир эмас, албатта.

Бундан ташқари, судьяларнинг ижтимоий муҳофазасига оид нормалар белгиланиб, унга кўра, судьялар ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади, судьялик лавозимига сайланганлиги ёки та-йинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади. Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Ваколати тугаганидан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) билан таъминланади. Бу Конституциямизнинг 37-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахснинг қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқининг амалдаги ифодасидир. Қабул қилган ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурий бўлган судьяларнинг обрўси, уларнинг нуфузи давлатнинг обрўси ва нуфузи ҳисобланади.

Юқоридаги ижтимоий кафолатлар ўта муҳим аҳамият касб этиб, ҳокимиятнинг алоҳида тармоғи бўлмиш суд ҳокимиятининг давлат ва жамиятдаги обрўсини янада кўтаришга, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, судьялар ҳаётининг моддий-маиший шароитларини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади. Чунки, судьяларни ижтимоий жиҳатдан муносиб ҳимоя қилиш ҳуқуқий давлатнинг асосий шартларидан бири бўлган одил судловни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.