15.05.2014

«БАРКАМОЛ АВЛОД» СПОРТ ЎЙИНЛАРИ

мамлакатимиз ёшлари учун ҳақиқий байрамга айланади

«Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари республика финал босқичига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган уч босқичли узлуксиз тизим — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт мусобақалари мамлакатимиз ёшлари учун катта ҳаёт йўлини белгилаб берадиган муҳим спорт байрамларига айланди, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев. — Ушбу ноёб тизим мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасалари ўқувчи, талаба-ёшларини қамраб олгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, ўғил-қизларимизни эзгу ғоялар йўлида бирлаштириш ва спорт билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини шакллантиришда ушбу спорт байрамларининг ўрни беқиёсдир.

«Баркамол авлод» спорт ўйинлари Республика финал босқичи илк маротаба 2001 йилда Жиззахда ўтказилган эди. Шундан сўнг мусобақаларга Андижон (2003 йил), Чирчиқ (2005 йил), Нукус (2008 йил) ва Термиз (2011 йил) шаҳарлари мезбонлик қилди. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари май ойи-нинг охирида Наманган шаҳрида бўлиб ўтади. Спорт мусобақалари иштирокчилари яшаши, маиший-маданий ва зарур сервис хизматларидан тўлақонли фойдаланишлари учун барча шароитлар ҳозирланди.

Мамлакатимизда йўлга қўйилган уч босқичли спорт ўйинларининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча ҳудудларда мусобақаларнинг ўтказилиши муносабати билан спорт инфратузилмаси янада яхшиланмоқда. Янги ва замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Бу эса ўша ҳудудда спорт янада оммалашувига хизмат қилмоқда.

— Наманганда «Баркамол авлод — 2014» ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, — дейди «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири, «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари матбуот маркази раҳбари Сафар Остонов. — Спорт базалари мусобақаларга тайёр, меҳмонларни кутиб олиш ва жойлаштириш масалалари тўлиқ ҳал этилган. Шунингдек, журналистларимиз «Баркамол авлод» спорт ўйинларини кенг ёритиши ва ахборотларни таҳририятларга ўз вақтида узатиши учун барча шароитлар яратилган. Матбуот маркази керакли техник жиҳозлар билан таъминланди. Марказда ишлайдиган гуруҳ шакллантирилган. Биз маълумотларни ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан ташқари, яна бешта хорижий тилга таржима қилган ҳолда тарқатамиз. Оммавий ахборот воситаларининг 140 нафардан зиёд ходими мусобақаларни ёритишда иштирок этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, barkamol-avlod-2014.uz сайтида ҳам спорт байрами батафсил ёритиб борилади.

Бу спорт байрамини ёритишда унинг аҳамияти ва моҳиятига кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлади. «Баркамол авлод» ўйинлари доирасида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Улар нафақат Наманган шаҳрида, балки вилоятнинг кўплаб туманларида ҳам ўтказилади. Бугун наманганликлар «Баркамол авлод» ўйинларига келган ҳар бир иштирокчи Наманганга яна қайтишни орзу қилсин, деган мақсад билан байрамга тайёргарлик кўришмоқда.

— «Баркамол авлод» ўйинлари доирасида спортнинг беш тури — футбол, гандбол, баскетбол, волейбол ва бокс бўйича минтақавий саралаш баҳслари март-апрель ойларида ўтказилди, — дейди Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Зафар Тожибоев. — Ушбу спорт турлари бўйича ярим финалга йўлланма олган жамоалар, бокс бўйича эса чорак финалга йўлланма олган спортчилар финал баҳсларида иштирок этади. Қолган 11 спорт тури бўйича спортчилар тўғридан-тўғри Наманганда ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Илк бор ўтказилган «Баркамол авлод» мусобақаларида ўсмирлар спортнинг 7 тури — футбол, волейбол, баскетбол, кураш, теннис, сузиш, енгил атлетика бўйича куч синашган эди. 2011 йили Термизда спортнинг 12 тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Наманганда эса ўн олти спорт тури бўйича кураш олиб борилади. Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари «Навбаҳор» марказий стадионида ўтказилиши кўзда тутилган.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.