13.05.2014

МУАММОЛАР ҲАЛ ҚИЛИНЯПТИ

Аҳоли орасида учраётган ижтимоий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, электорат вакилларига ҳуқуқий маслаҳат беришда ЎзХДП Жамоатчилик қабулхоналарининг роли тобора ошиб бормоқда. Олмазор туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Туман партия кенгаши фаолларининг маълумот беришича, жорий йилнинг ўтган даврида қабулхонага 19 та мурожаат тушган. Улар асосан коммунал соҳа, ишга жойлашиш, пенсия таъминоти, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларда бўлган. Шундан 17 та мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилган. Қолган иккитаси бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди.

— Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этишда халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Махсуд Қосимов. — Хусусан, қабулхонага келган фуқаролар мурожаатини тинглашдан ташқари, ҳафтанинг шанба куни депутатлар иштирокида ҳуқуқий маслаҳатхона ташкил этиб келинмоқда ва бу фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни ўйлантирган масалалар бўйича малакали жавоб берилишига хизмат қилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, биз партия гуруҳи йиғилишида мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиб борамиз, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, ҳудудий дастурларга шу асосида ўзгартиш киритиш эҳтиёжини аниқлаш бўйича таклифлар шакллантираяпмиз.

Мирзоҳид Жўраев олий ўқув юртини битириб, мутахассислиги асосида иш топиш масаласида муаммога дуч келди. Олмазор туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонаси ҳақида эшитгач, бу ерга мурожаат қилди. Депутатлар ташаббуси билан у «Олимпия гузари» МЧЖда ишга жойлашди.

— Мен ёлғиз фарзандман, — дейди Мирзоҳид Жўраев. — Оиламнинг оғирини енгил қилиш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун ҳаракат қилишим керак. Жамоатчилик қабулхонасида мени яхши кутиб олишди ва мутахассислигим билан танишиб чиқишди. Бироз вақт ўтгандан сўнг ўзим яшайдиган ҳудудга яқин жойдан бир нечта бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришди ва уларнинг кўмаги билан мутахассислигимга мос ишга жойлашдим. Бу билан партияга ишончим ортди ва ЎзХДПга аъзо бўлдим.

— Ўтган йили коллежни тамомладим, — дейди Фаёзиддин Жамолиддинов. — Олий ўқув юртига кира олмадим ва оиламга моддий жиҳатдан ёрдам бериш учун ишга жойлашишга ҳаракат қилдим. Бироқ бу борада турли қийинчиликлар, қатор муаммоларга дуч келдим. ЎзХДП Олмазор туман кенгаши Жамоатчилик қа-булхонасига ана шу масала бўйича мурожаат қилган эдим. Уларнинг ёрдами билан «Bekas-food» нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлашдим.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, 106-заиф эшитувчи бо-лалар учун махсус мактаб интернатига қарашли транспорт воситаларини таъмирлаш, тумандаги 1-Мурувват уйида «Эртаклар майдончаси»ни барпо этиш, спорт инвентарлари билан таъминлаш ишлари Жамоатчилик қабулхонасига бўлган мурожаатлар орқали туман партия кенгаши ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига Олмазор туманидан сайланган партиямиз депутатлари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Давлат автоинспекциясига депутатлик сўрови билан чиқилиб, «Мискин» маҳалласидаги Аҳмад Дониш кўчаси чорраҳасида 4 та светофор ўрнатилди. Шу билан бирга, масъул идораларга мурожаат этиш йўли билан «Мискин», «Навбаҳор», «Тараққиёт», «Бўстон» маҳаллаларидаги кўча ёритиш мосламалари тузатилди. Ҳозирда «Бўстон» маҳалласида яшовчи кексалар ўз пенсиясини яқинроқ масофадаги почта бўлимидан олиши борасидаги масала кўриб чиқилмоқда.

Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати бор, уни ҳал қилиш эса партия фаолларининг асосий вазифасига айланган. Туман партия кенгаши раиси Камолиддин Акрамовнинг қайд этишича, мурожаатларни қабул қилишда аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида туманнинг турли ҳудудларидаги 6 та маҳаллада мунтазам равишда Кўчма жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилмоқда. Шунингдек, мурожаатлар бўйича доимий таҳлил олиб бориш, шу асосда бир-бирига ўхшаш ва кўп учраётган масалаларни депутатлар ваколатлари доирасида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бу электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни комплекс равишда ҳал қилишда долзарб аҳамиятга эга.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.