13.05.2014

АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ

қонуний асослари мустаҳкамланди

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни шу йил 6 майдан кучга киргани мам-лакатимизда фуқаролик жамияти ривожланишида яна бир тарихий аҳамият касб этди. Қонунда фуқароларнинг ахборотга бўлган Конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиблари белгилаб қўйилгани, аввало, халқ ва давлат ўртасидаги муносабатларда демократик тамойиллар қарор топишига хизмат қилади.

Қонуннинг 10-моддаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматига бағишланган. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир, деб белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш керакки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти ҳақида ахборот тарқатиш, жамоатчиликка етказишдан манфаатдор. Тажриба кўрсатяптики, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, зарур ахборотларни қонун билан тақиқланмаган турли шаклларда тарқатишда ахборот хизматларининг ўрни беқиёс.

Мисол учун, бугун мен меҳнат қилаётган ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида ҳам кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларни ўзлари танлаган касб-ҳунар, соҳа бўйича етук мутахассис қилиб етиштириш, иш билан таъминлаш, уларнинг истеъдод ва иқтидорини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ёки соҳа ютуқларини оммалаштириш йўлида олиб борилаётган ишлардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо булардан кўп ҳолларда фақат маълум бир доирадаги кишиларгина чуқурроқ хабардор бўлар эди. Энди бўлса, бундай ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказиб беришнинг замонавий механизмлари яратилди.

Қонун асосида вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасида ҳам ахборот хизмати ташкил этилади. У орқали биз фаолиятимизни кенг жамоатчиликка, ота-оналарга, халқимизга атрофлича етказиш имкониятига эга бўламиз. Ахборот хизмати орқали тақдим этилаётган маълумотлардан нафақат жамоатчилик, балки оммавий ахборот воситалари ҳам фойдаланиши, муносабат билдириши ва тарқатиши мумкин бўлади.

Чунки, ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради.

Эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, шу жумладан, бизнинг вилоят касб-ҳунар таълими бошқармасида ҳам расмий веб-сайт ташкил этиш қонун талабига айланди. Бугун ахборот-коммуникация воситалари ривожланиб бораётган экан, албатта, улардан самарали фойдаланиш лозим. Табиийки, расмий веб-сайт ахборот тарқатиш, жамоатчилик билан мулоқот ўрнатиш, эълон қилинган ҳар бир материалга фойдаланувчи ўз муносабатини билдириши мумкин бўлган энг тезкор, энг қулай ва ишончли воситага айланиб бормоқда. Муҳими, ҳар бир фуқаро уларда жойлаштириладиган маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Янада соддароқ айтганда, веб саҳифа орқали ҳар қандай ахборотни нафақат юртимиз бўйлаб, балки бутун жаҳонга кенг тарқатиш имконияти юзага келади.

Қисқа қилиб айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот хизматлари муҳим институтга айланади.

Азимжон ИСМОИЛОВ,

Олтиариқ нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи директори, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.




DB query error.
Please try later.