13.05.2014

ЮКСАК ИШОНЧНИ ШАРАФ БИЛАН ОҚЛАШ

биздан тинимсиз изланиш, интилишни талаб этади

Қачон бўлмасин, Президентимизнинг сўзларини тинглаб, ўзимга кўп хулосалар чиқариб оламан, иш режамга қўшимчалар киритаман. Бу фикрлар замирида қандай маъно-мақсад ётганини тенгдошларим ўртасида кенг тарғиб этишга ҳаракат қиламан.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунида Президентимиз Ислом Каримовнинг Оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида билдирилган фикрларни тинглаб, аввало, икки масала юрагимда муҳрланиб қолди. Биринчидан, уруш жангоҳларида жон берган ота-боболаримиз хотирасини доимо ёдда тутиб, муқаддас билиб, уларга муносиб фарзанд бўлиш кераклигини яна бир бор чуқурроқ ҳис этдим. Бугун биз билан ёнма-ён яшаб келаётган уруш қатнашчилари ва фронт ортида мардонавор меҳнат қилган кексаларимизга ҳар куни иззат-ҳурмат, ғамхўрлик кўрсатиш зарурлигини англадим.

Иккинчидан, давлатимиз раҳбарининг биз ёшлар ҳақида айтган гаплари, билдирган юксак ишончлари мени қаттиқ ҳаяжонга солди ва қувонтирди. Президентимиз бугунги ёшларнинг кийиниш маданияти, ҳатто, галстукни замонавий қилиб боғлашини қувониб, ҳавас қилиб гапирди. Шунингдек, ўзбек қизлари кийинишда ҳам, ақл-идрок ва маданиятда ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини ғурурланиб таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар ҳақидаги бундай илиқ гапларидан, тўғриси, ҳар биримиз, ўзини Ўзбекистоннинг чин фарзанди, деб ҳисоблаган ёшлар ғурурланади, фахрланади. Бу сўзлар ўзимизга бўлган ишончни оширади, бизни янги юксак марраларга чорлайди.

Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратайлик. «...ёшларимиз, фарзандларимизнинг ёниб турган кўзлари, ғайрат-шижоати, билимга интилиши, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайман, деган ҳаракатини ёруғ келажагимизнинг, эзгу мақсадларимизга эришишнинг асосий омили ва гарови сифатида кўрамиз». Бу гапларни давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга юксак ишончи ва меҳрининг ифодаси, деб биламиз. Бундан ифтихор қиламиз ва албатта, бу юксак ишонч зиммамизга катта масъулият юклаётганини ҳам чуқур англаб турибмиз.

Президентимиз яна бир мисолни фахрланиб келтирди. Яқинда Қорақалпоғистонга борганида, Жанубий Кореядан келиб Сурғул газ-кимё комплексида ишлаётган, кўп мамлакатларда бўлган мутахассисларнинг ўзбек ёшларининг салоҳияти ҳақида билдирган фикрларини ўзгача ифтихор билан таъкидлаганда, очиғи, ёшларнинг бир вакили сифатида ғурурландим, катта масъулият ҳиссини туйдим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг «Ҳақиқатан ҳам, бундай ёшларимизни, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи, давомчиси бўлган, тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фарзандларимизни кўриб, уларнинг чеҳрасига боқиб, ол-димизда турган барча-барча юксак марраларни эгаллаймиз, эзгу мақсадларимизга эришамиз, ўз муродимизга етамиз, деган ишончимиз янада мустаҳкамланади», деган сўзлари бизга янада куч-қувват бағишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг фикрлари партиямиз «Истиқбол» ёшлар қаноти зиммасига ҳам катта вазифалар қўяди, албатта. Хусусан, ёшлар онги ва қалбида меҳр-оқибат, аждодлар хотирасига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш, мустақиллик ғояларига содиқлик фазилатларини ривожлантириш, тинчлик буюк неъмат эканлигини англашга хизмат қиладиган янги лойиҳалар устида изланишимиз зарур.

Таъкидлаш жоизки, партиямиз тизимида бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ёшларимиз шижоати, фуқаролик позицияси ва сиёсий кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, мазкур танлов фуқаролик жамияти ривожланишида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва уларда жамиятимизда кечаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Биз ана шундай тадбирларимизни сифат жиҳатдан янада юксалтиришга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг «Истиқбол» ёшлар қаноти ўз атрофига 111 мингдан ортиқ йигит-қизни бирлаштирган. Уларнинг ҳар бири ўзига хос истеъдод ва иқтидор эгасидир. Олдимизда турган вазифаларни амалга оширишда уларнинг куч ва имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Шундагина Юртбошимиз билдираётган юксак ишончни шараф билан оқлаган бўламиз.

Шоҳруҳмирзо АБДУРАҲМОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти маркази раҳбари.



DB query error.
Please try later.