13.05.2014

БАНК КРЕДИТЛАРИДАГИ ЯНГИ ИМТИЁЗЛАР

Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда жорий йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартибларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда ишбилармонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида Республика Марказий банки томонидан тижорат банклари раҳбарлари, 1200дан ортиқ тадбиркор иштирокида ташкил этилган тадбир ушбу ҳужжатлар талаблари ижросига бағишланди. Анжуманда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Танзила Нарбоева ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда ишчанлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, бизнес юритишнинг жаҳон амалиётида қабул қилинган баҳолаш мезонларини жорий этишдек устувор ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда Ўзбекистон банк тизими ҳам юқори даражадаги қулай инвестицион иқлимни юзага келтириш, кредит ташкилотлари шаффофлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти шартларини соддалаштириш, янги иш ўринлари яратиш орқали фаол иштирок этиб келмоқда. Яъни, малакали мутахассислар маҳаллий ҳокимият ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда жойларда тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик билан туркум учрашувлар ташкил этиб, банк тизимидаги энг сўнгги эркинлаштириш чораларини батафсил шарҳлаб бермоқда.

Ана шундай эркинлаштириш чораларидан бири бу кичик тадбиркорлик субъектларини кредитлашнинг янги тартиби бўлиб, унда бизнес тузилмаларни қўшимча рағбатлантириш ва имтиёзлар бериш вазифалари белгилаб қўйилган. Ушбу янги тартибга мувофиқ, кредитлаш объектлари — микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари сафига оилавий корхона ҳамда хусусий тадбиркорлар ҳам қўшилди.

Шунингдек, кредит ажратиш ва уни қоплаш муддатлари ўзгарди. Илгари инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар узайтириш ҳуқуқисиз беш йил муддатга берилган бўлса, эндиликда унинг муддати Банк кенгаши томонидан белгиланадиган бўлди. Бундан ташқари, агар айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар бир йилгача ажратилган бўлса, эндиликда бундай маблағларни бериш муддати бир ярим йилгача узайтирилди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун айланма маблағларни тўлдиришга ажратилган кредитларни қоплаш муддати эса 24 ойгача чўзилди.

Авваллари тижорат банклари томонидан фақат инвестиция мақсадлари учун берилган кредитлар бўйича имтиёзли давр белгиланар эди. Эндиликда барча кредитлар бўйича имтиёзли даврни белгилаш ҳуқуқи тижорат банклари томонидан ўрнатилади. Қолаверса, кредит олиб фойдаланувчиларга кредитни расмийлаштириш жараёнлари ҳам максимал даражада соддалаштирилди ва оптималлаштирилди. Эндиликда қарз олувчилар банкка кредит аризаси билан банк ҳисоб-рақамидаги пул маблағлари оқими кўрсатилган ҳолда бизнес режаларини нафақат қоғозда, балки электрон шаклда топширишлари мумкин.

Тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар тўпламига сўнгги ҳисобот давридаги бухгалтерия баланси, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумот, 90 кун ва ундан ошиқ муддатдаги қарздорликлар бўйича таққослама акт, шунингдек, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар киритилди. Ав-валлари бундай ҳужжатларни фақат деҳқон хўжаликлари тақдим этмасди, эндиликда бундай енгиллик янги ташкил топган юридик шахсларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ва юридик шахс бўлмасдан фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжаликларига ҳам тааллуқлидир.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва улар кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида тижорат банкларидаги ҳисоб-варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилади.

Шунингдек, тадбирда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш мақсадида тижорат банклари аҳоли ва мижозлар билан ҳамкорлик қилишнинг электрон шаклларини жорий этиш, Ягона давлат интерактив хизматлари порталида «тадбиркорлик субъектининг кабинети» орқали интерактив хизматлар кўрсатиш чоралари кўрилаётгани хусусида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.