Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.05.2014

ЧИНАКАМ СПОРТ БАЙРАМИ БЎЛАДИ

Наманган шаҳрида «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари республика финал босқичига тайёргарлик ишлари якунига етмоқда. Нуфузли спорт байрами дастурида маданий-маърифий тадбирларга ҳам катта ўрин ажратилган.

Бу борада режалаштирилган ишлар хусусида вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар вилоят илмий-услубият марказининг маданий-маърифий ишлар бўлими мудири, «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи вакили Абдурашид Мадалиевга айрим саволлар билан мурожаат этдик.

— Тобора нуфузи ортиб бораётган «Баркамол авлод» спорт мусобақаларида маданий-маърифий тадбирлар спорт байрами кўркини янада ошираяпти. Бу борада Наманганда қандай режалар тузилган?

— Бундай нуфузли спорт мусобақаси дастуридаги бадиий қисмлар, ҳеч шубҳасиз, унга ҳақиқий байрам руҳини бағишлайди. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари бош режиссёри — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Рустам Шамсиддинов раҳбарлигидаги республика ижодий гуруҳлари билан ҳамкорликда кўплаб маданий-маърифий тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Аввало, мусобақа иштирокчиларининг бўш вақтларида маданий дам олишларини ташкил этиш дастури тайёрланди. Ёш спортчиларнинг Намангандаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари турар-жойларига жойлаштирилишини инобатга олиб, ушбу таълим даргоҳлари ҳовлисида саҳналар барпо этилди. Оқшомги соатларда «Баркамол авлод — келажак пойдевори», «Биз буюк юрт фарзандларимиз», «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур» шиорлари остида концертлар, ижодий учрашувлар, мушоиралар ташкил қиламиз. Шунингдек, талабалар турар-жойларидаги «Маънавият ва маърифат» хоналарида «Мустақиллик арафасида ёхуд шўроларнинг сўнгги талвасаси», «Шахмат тож-дори», «Баркамол авлод — келажак таянчи», «Пойга», «Хонадон эгаси», «Бахт уйи», «Сеҳрли қалпоқча» каби 29 та ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиш этилади.

— Маданий тадбирларга таклиф этиладиган санъаткорлар ҳақида маълумот берсангиз?

— Маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича учта ижодий гуруҳ тузилган. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан гуруҳлар таркибига Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, шоир ва ёзувчилар, «Зулфия» мукофоти лауреатлари, киноактёрлар, таниқли хонандалар, эстрада гуруҳлари, машҳур спортчилар киритилган. Улар қаторида Наманган вилоятининг таниқли санъаткорлари ва спортчилари ҳам бор. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари шукуҳини кенг ёйиш мақсадида туманлар марказларида ҳам маданий тадбирлар ташкил этилади. Ижодий гуруҳлар томонидан Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Косонсой, Янгиқўрғон, Чуст, Поп, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманлари марказларидаги амфитеатрлар, стадионлар, маданият ва истироҳат боғларининг ёзги саҳналарида концерт дастурлари ўтказилади.

— Мусобақа иштирокчилари учун вилоят бўйлаб саёҳатлар уюштириш ҳам режалаштирилган, деб эшитдик.

— Дастурда вилоятимизнинг тарихий масканлари, саноат ишлаб-чиқариш корхоналари, музей, театр ҳамда маданият ва истироҳат боғларига ташрифлар уюштириш белгиланган. Бу борада вилоят ҳокимлигининг алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Меҳмонларимизнинг Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда «Камолот» ёшлар боғига ташрифлари давомида вилоятдаги «Ёр-ёр», «Уйчи тароналари» фольклор-этнографик жамоалари, «Қалдирғоч», «Наманган гуллари» ашула ва рақс ансамбллари, «Само» вокал чолғу ансамбли, «Истеъдод» гуруҳи иштирокида концерт дастурлари намойиш этилади. Маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционлар, музқаймоқлар спортчилар учун бепул бўлади.

Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида драматург Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида саҳналаштирилган «Йиғлама қиз» спектакли намойиш этилади. Наманган шаҳридаги «Истиқлол» ва «Ифтихор кийим саноат» корхоналарига саёҳатлар уюштирилади. Шунингдек, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ишчи гуруҳи билан биргаликда мусобақалар олдидан вилоятнинг барча туманларидаги чекка қишлоқлар ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқдик.

— Ҳар қандай йирик спорт байрамининг кўрки — унинг очилиш ва ёпилиш маросимларига боғлиқ...

— Спорт мусобақаларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларини тайёрлаш бўйича бош режиссёр раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ томонидан тайёргарлик машғулотлари 18 апрель куни бошланди. Тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларининг «Жонли бадиий фон» қисмига Наманган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларидан жами 4293 нафар талаба ва ўқувчи саралаб олинди. Наманган шаҳридаги «Ёш куч» ўйингоҳи, «Навбаҳор» захира ўйингоҳи ва «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби ўйингоҳида ўтказилаётган машғулотларда рақс ҳаракатлари, турли шакл ва жонли тасвирлар ҳосил қилиш машғулотлари кун сайин сайқалланиб бормоқда. Хореография гуруҳининг машғулотлари эса Наманган санъат коллежида ўтказилаяпти. Бир нарса аниқ — ўйинларнинг очилиш маросими ҳақиқий байрамга мос бўлади.

— Меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Наманган шаҳар аэропортида мусобақа иштирокчиларини кутиб олиш ва кузатиш маросимларини тантанали равишда ташкил этиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳи тузилган. Биз томонимиздан кутиб олиш ва кузатиш жараёнида санъаткорларнинг иштироки таъминланади. Ҳозир карнай-сурнайчилар, доирачилар, дамли ва торли созлар оркестрлари тайёргарлик олиб бормоқда. Санъаткорлар, тиббиёт ходимлари, транспорт хизмати кўрсатувчи ҳайдовчилар, официантлар, ошпазлар, қўйингки, бу тадбирга масъул бўлган барча-барча махсус тайёргарликдан ўтказилди. Ишонч билан айта оламанки, мусобақалар чинакам спорт байрамига айланади ва барча иштирокчилар Наманганга яна бир бор келиш истаги билан хайрлашади.

Санжарбек ҲАМИДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.