10.05.2014

ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВ ОКРУГЛАРИДА ИШЛАШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРМОҚДА

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг регламентига асосан, жорий йил май ойининг охирги ҳафтасида депутатлар ўз сайлов округларида фаолият олиб боради. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари ҳар доим сайловчилар билан учрашувларга жиддий тайёргарлик кўради.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича фракциянинг ишчи гуруҳи ташкил этилган. Ишчи гуруҳининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган Ҳаракат дастури концепцияси муҳокама этилди.

Йиғилишда фракция аъзолари, ЎзХДП Марказий Кенгаши экспертлари ҳамда масъул ходимлари таъкидладиларки, депутатларнинг ўз сайлов округидаги фаолияти аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги нуқтаи назардан такомиллашиб бормоқда. Режалаштирилаётган ушбу учрашувлардан асосий мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга ахборот бериш, шунингдек, қонунларнинг жойлардаги ижроси, хўжалик юритиш амалиётининг янги қонунларга ёки амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёжи, сайловчилар манфаатларига дахлдор муаммолар ва уларни ҳал қилишга доир вазифаларни аниқлашдан иборатдир.

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Сайлов округларидаги фаолияти давомида депутатлар ўз сайловчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши юзасидан ахборот беради. Бунда хусусан, мустақиллик йилларида давлат ва жамият курилиши, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш каби масалаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим бўлади.

Шунингдек, сайловчиларга парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, айни пайтда муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳалари тўғрисида батафсил маълумотлар бериш тарғибот ишларимизнинг муҳим йўналишидир.

Бундан ташқари, биз тайёрлаётган дастур лойиҳасида, сайлов округидаги фаолияти жараёнида депутатларимиз томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастури ҳамда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек, уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия маҳаллий кенгашлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари иштирокини кенгайтиришга кўмаклашиш юзасидан ҳам аниқ вазифалар назарда тутилмоқда. Депутатларимиз сайлов округларида фақат тарғибот билан чекланмасдан, сайловчиларимизни ташвишлантираётган муаммоларни ўрганиши ва уларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиши зарур.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Тайёрланаётган дастур лойиҳасида депутатлар томонидан жойларда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни танқидий ўрганиб, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида муҳокама этиш ҳамда ушбу йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, фуқаролардан тушган мурожаатлар юзасидан турли масалаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда жойида ҳал қилиш, бунда хусусан, аҳолини табиий газ, электр энергия ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги аҳволи, пенсия, нафақалар ва стипендияларнинг ўз вақтида берилиши билан боғлиқ ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш белгиланмоқда.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, йиғилишда жорий йил май ойининг охирги ҳафтасида ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайлов округидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳаракат дастурининг асосий йўналишлари аниқлаб олинди. Шунингдек, уни меъёрига етказиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.

Йиғилишда ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳаракат дастури депутатлар сайлов округларига чиқишидан олдин фракциянинг кенгайтирилган мажлисида кўриб чиқилиши белгиланди. Сайлов округидаги ишларни самарали ташкил этишнинг аҳамияти шундаки, бу жараёнда фракция келгусидаги фаолияти йўналишларини белгилаб, ўз режасига керакли ўзгартишлар киритиб олади.

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.