10.05.2014

ОЧИҚЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНДИ

Бу фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширади

Мамлакатимиз Конституциясининг 30-моддасида барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгилаб қўйилган. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга кириши фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонун жисмоний ҳамда юридик шахслар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборот олишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатишга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқади. Ўз-ўзидан маълумки, бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати ва ижросини таъминлашдаги масъулиятини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайишига ҳамда фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ошишига олиб келади.

Қонуннинг 4-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари белгилаб берилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу модда мазмун-моҳиятида илғор демократик принциплар мужассам бўлиб, уларнинг амал қилиши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур принциплар давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, ундан ОАВ ва фуқаролар кенг фойдаланишини таъминлайди.

Бу нимада намоён бўлади?

Биринчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти бўйича ахборот ҳамма учун очиқлиги ва ундан барча фойдаланиши мумкинлиги;

иккинчидан, ахборотнинг қонун бўйича белгиланган муддат ичида берилиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, ишончлилиги;

учинчидан, жисмоний ва юридик шахслар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш соҳасида эркин эканлиги;

тўртинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг шаъни, қадр-қимматини турли тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган қонуний ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

Кўриниб турибдики, юқоридаги меъёрлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларига тўла мос келади. Бу эса Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик ислоҳотлар тобора чуқурлашиб, ривожланиб бораётганидан дарак беради.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётганида бизнинг партиямиз фракцияси партия Марказий Кенгаши билан бирга уни жойларда, маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда электорат орасида кенг муҳокама этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда уни муҳокама этишга бағишланган 30 га яқин тадбир ташкил этилиб, унда 3000 дан ортиқ аҳоли ва электорат вакиллари қатнашди ҳамда лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Марказий Кенгаш экспертлари мазкур таклифларни саралаб, 30 дан ортиқ асосли таклифни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизга тақдим этди. Уларнинг бир қисми Қонунда акс эттирилди.

Агар Қонуннинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этиб хулоса чиқарадиган бўлсак, унда партиямиз электорати манфаатига бевосита боғлиқ масалалар ўз ифодасини топганини англаймиз. Чунки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти юзасидан тегишли ахборотларни олишда аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами энг кўп қийинчиликларга дуч келар эди. Айниқса, турли идораларга мурожаат қилиб, жавоб кутиб вақтини йўқотарди, вилоят маркази ёки пойтахтга келиб-кетиб ортиқча харажатга тушарди. Энди улар ўз манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган ахборотларни ҳеч қандай чеклов, ҳеч қандай қийинчиликсиз олади. Бу эса уларнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаоллигини оширади.

Шу боис мазкур Қонун ЎзХДП ташкилотлари, депутатлари томонидан қизиқиш билан ўрганилмоқда. Энг аввало, бу Қонуннинг аҳамияти, айниқса, электоратимиз манфаати билан боғлиқ жиҳатларини кенг тарғиб қилишимиз зарур. Уни бошланғич ташкилотлардан тортиб партиямизнинг вилоят кенгашлари даражасигача сиёсий ўқувлар доирасида ўрганишимиз талаб этилади.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.