08.05.2014

ИШЛАШ УЧУН ИМКОНИЯТ КЎП

фақат ундан фойдалана билиш керак

Ишлайман, деганга имкон топилади. Бугун қай бир соҳани олмайлик, иш берувчига ҳам, ходимларга ҳам кенг имкониятлар яратилган. Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги Байтқўрғон қишлоғида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси бунинг ёрқин мисолидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Қибрай туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамда туман партия кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада тумандаги 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, молия, соғлиқни сақлаш муассасалари, фермер хўжаликлари ва хусусий хизмат кўрсатиш фирмалари бўш иш ўринлари билан қатнашди. Шунингдек, ярмаркада туман миқёсида 600 га яқин бўш иш ўрни ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

— Сизнинг жамоа қандай иш ўринларини таклиф этаяпти, — сўраймиз «YUTM- PARRABDA» МЧЖ ходими Гулнора Бойназаровадан.

— Айни пайтда бизда 10 та бўш иш ўрни мавжуд, — деди у. — Йигитлар учун чилангарликни таклиф этаяпмиз, товуқчилик фермасида қизларга мос иш ҳам бор. Жамоамизда ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар ишга масъулият билан ёндашади. Билмаганларини қунт билан ўрганади. Ўз ўрнида биз ҳам уларга яхши меҳнат шароитларини яратиб берамиз. Бугунги ярмаркада ҳам бир қатор ёшлар биз билан ишлаш истагини билдирди.

«ARCE FASHION» қўшма корхонаси ходимининг айтишича, ишчилар учун корхонада қулай шароитлар яратилган. Ишга келиш ва кетиш учун транспорт ажратилган, тушлик ташкил этилган. Турли кийимлар тайёрлашга мўлжалланган мазкур корхона ярмаркада таклиф этилаётган 20 та бўш иш ўрни кўпчилик ёшларда қизиқиш уйғотди.

— Байтқўрғон хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битираяпман, — дейди Дилдора Абдураҳмонова. — Тикувчилик йўналишида таҳсил олдим. Энди мутахассислигим бўйича ишламоқчиман. «ARCE FASHION» қўшма корхонаси таклиф этаётган иш ўрни, шарт-шароит менга маъқул келди ва у ерда ишлаш учун йўлланма олдим.

Дилдоранинг дугонаси Севара Кенжаева эса «Шарифхон-бизнес» тикувчилик корхонасида ишлаш истаги борлигини айтди.

— Ярмаркада таклиф этилаётган иш ўринлари ҳақиқатан ҳам биз учун катта имконият, — дейди Агротижорат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Бунёд Турсунмуродов. — Ҳар бир ёш таълим муассасасини тамомлар экан, табиийки, ўз мутахассислиги бўйича иш қидиради, оиласи фаровонлиги, жамият ривожига ҳисса қўшишни истайди. Бизга берилаётган бугунгидек имконият келажакка ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори ўринбосари Жасур Эрматовнинг маълумотига кўра, туманда жорий йилда 5165 иш ўрни яратилиши белгиланган. Уларнинг 60-70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган бўлиб, ўтган 4 ой давомида 501 корхо-нада 1658 иш ўрни очилди. Иш ўринларининг асосий қисми кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил қилиш ҳисобига тўғри келади. Шунга кўра, бу йўналишда 756 иш ўрни яратилди.

Бугунги бўш иш ўринлари ярмаркаси ЎзХДП ташаббуси билан туманнинг Чирчиқ шаҳри билан чегарадош бўлган Байтқўрғон қишлоғида ташкил этилиши ҳудуддаги ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Тадбир доирасида шунингдек, маҳорат дарслари ташкил этилиб, унда Марказий банк Тошкент вилоят бош бошқармаси мутахассислари бизнес-режа тузиш, банкдан кредит олиш тартиблари хусусида зарур маълумот ва маслаҳатлар беришди. Шунингдек, Давлат солиқ инспекцияси вилоят бўлими ходимлари хусусий тадбиркорликни йўлга қўйишда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун яратилган имкониятлар, уй шароитида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва касаначиликни ташкил этиш масалаларида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

— Ўз оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишни истаган ҳар бир одам меҳнат қилишни истайди, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Маъмура Ҳафизова. — Айримлар соҳа имкониятларидан қандай фойдаланишни билади. Аммо яратилаётган қулайлик ва мустақил иш бошлашнинг ҳуқуқий асосларидан бехабарлар ҳам оз эмас. Бугунги маҳорат дарслари айни шу мақсадда ташкил этилди ва ўйлаймизки, иштирокчилар ўзлари учун зарур ахборотга эга бўлишди.

Тадбирнинг фойдали бўлганини иштирокчилар алоҳида қайд этишди. Кимдир меҳнат ярмаркасида ўзига муносиб иш топганини қувониб сўзласа, яна кимдир мустақил ишини бошлаши учун керакли маслаҳат олганидан мамнун. Тадбир ташкилотчилари мақсади ҳам электорат вакилларининг юз-кўзларида ана шу қувончни кўриш эди, аслида.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.