08.05.2014

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

механизмлари такомиллашмоқда

Ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан бири бу — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилганидир. Жамоатчилик назоратини тўлиқ амалга ошириш учун эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланиши зарур.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида айнан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида фуқароларни холис, тезкор ҳамда имкон қадар тўлиқ хабардор қилиш учун зарур шароитлар яратиш, бу органлар фаолияти устидан жамоат назоратини амалга оширишга имкон берадиган хуқуқий асосни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланган эди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали олиб бориш учун, албатта, фуқаролар улар фаолиятидан чуқур хабардор бўлиши талаб этилади. Куни кеча кучга кирган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олиш тизимини тартибга солади. Қонун шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш механизмини яратиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотларга нималар киради?

Бу ҳақда Қонуннинг 5-моддасида батафсил кўрсатилган. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар, давлат дастурлари тўғрисидаги маълумотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар шу жумлага киради. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ҳақидаги, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар, ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва талаблари тўғрисидаги маълумотлар, очиқ ҳайъ-ат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби ҳақидаги ҳамда бошқа маълумотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлар ҳисобланади.

Ҳар бир юридик ва жисмоний шахснинг бундай ахборотларни ҳеч қандай тўсиқларсиз олиш, улардан эркин фойдаланиш ҳуқуқлари қонун билан кафолатланди.

Бу айниқса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати — аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаати нуқтаи назаридан ўта долзарб масаладир. Сабаби, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мақсади ҳамда моҳиятидан чуқур хабардор бўлиш, яратилаётган имтиёзларни билиш кишиларда уларни ҳаётга самарали татбиқ этишда фаол иштирок этиш иштиёқини, эртанги кунга дахлдорлик туйғусини кучайтиради.

Хулоса қилиб айтганда, қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида фуқароларни холис, тезкор ва имкон қадар тўлиқ хабардор қилиш учун зарур шароитлар яратади. Шу билан бирга, бу органлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, ўз навбатида, мазкур органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга кенг имкониятлар яратади.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.