08.05.2014

АХБОРОТДАН ЭРКИН ФОЙДАЛАНИШ

фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир

Фуқаролик жамиятига таъриф берилганда, кўпгина олим ва мутахассислар уни ахборотлашган жамият, деб эътироф этишади. Сабаби, бундай жамиятда фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига оид ахборотларни ҳеч қандай тўсиқларсиз олади ва улардан эркин фойдаланади.

Ўзбекистонда ҳам фуқаролик жамияти босқичма-босқич, изчил ривожлантириб борилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 11 март куни қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенати томонидан 10 апрелда маъқулланди. 5 май куни Президентимиз томонидан имзоланган ушбу Қонун 6 май куни матбуотда эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг барча нормаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг, улар қонунда ахборотдан фойдаланувчилар, деб белгиланган — давлат органлари фаолияти тўғ-рисидаги ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлашнинг қонунчилик кафолатлари мустаҳкамланган.

Қонуннинг 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари аниқ белгилаб берилгани ана шу кафолатлардан бири ҳисобланади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ёки чоп этиш, расмий веб-сайтларда, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш, шунингдек, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш тартиблари белгиланган. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат ҳокимияти ва бош-қаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши учун шароит яратиш, сўров асосида оғзаки ва ёзма, шу жумладан электрон шаклда ахборот тақдим этиш каби усуллар мазмун-моҳияти очиб берилган.

Шуни айтиш жоизки, Қонун нормаларида белгиланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тартиби фуқаронинг Конституциявий ҳуқуқини кафолатлаш билан бирга, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давлат органлари хизматчиларининг ижро маданиятини ошириш ва уларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, шаффоф ҳокимиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартибига алоҳида боб бағишланган. Сўров тушунчасига таъриф берилиб, сўров давлат ҳо-кимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун берилиши кўрсатилган.

Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунда кўриб чиқилиши белгиланган. Шунингдек, оммавий ахборот воситасининг ахборот олишга доир ёки мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига эга органга уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади. Агар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олинган сўров бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари ваколатлари тўғрисида маълумотга эга бўлмаса, ахборотдан фойдаланувчига уч кун ичида тегишли жавоб юборади.

Расмий нашрлар, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (чоп этилган) ёхуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сўровга берадиган жавобида сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашр, оммавий ахборот воситасининг номи, чиққан санаси ҳамда рақамини ва (ёки) сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, Қонунда жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши ҳамда ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши зарурлиги белгиланган. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у қўшимча равишда тузувчининг ҳам фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланиши керак.

Худди шундай талаб юридик шахснинг сўровига ҳам белгиланган. Яъни, юридик шахс ўз сўровида тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиши ҳамда сўровнинг моҳиятини баён этиши зарур. Белгиланган тартибда юборилган сўров кўриб чиқилиши шарт. Юқоридаги маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Мазкур қонуннинг лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган вақтда бизнинг фракциямиз Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди ҳамда улар Қонунда акс эттирилди.

Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар мониторинг қилинишини ҳамда доимий равишда комплекс баҳоланишини ташкил этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўришни Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ваколатларига киритиш зарур, деган таклифни илгари сурдик. Бу меъёрлар Қонуннинг 8-моддасида ўз ифодасини топди.

Мухтасар айтганда, фуқароларнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида мустаҳкамлаб қўйилган ахборотдан эркин фойдаланиши кафолатлари давлат органлари фаолиятининг янада шаффоф, очиқ бўлишини, мамлакатимизда aмaлгa оширилaётгaн исло-ҳотлaрдан аҳолининг тўлиқ хабардорлигини таъминлайди. Бу айниқса, ЎзХДП электорати учун аҳамиятлидир. Чунки, аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатлами вақтини, маблағини ортиқча сарфламай, ўзига зарур бўлган ахборотларни эмин-эркин, вақтида олиш имкониятига эга бўлди.

Бу эса мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, манфаати тобора юксалиб бораётгани демократик ислоҳотлар изчил олиб борилаётганини кўрсатади.

Дилбар ХОЛИҚОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.