08.05.2014

ННТ ИЖТИМОИЙ МУВОЗАНАТНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга ошириш жараёнига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда ушбу муҳим институтнинг ривожланиши учун барча ҳуқуқий-ташкилий шарт-шароитлар яратилган. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таъминламоқда.

Мустақилликкача бизда бу институт ташкил этилмаган бўлса, бугунга келиб биргина Тошкент вилояти бўйича 658 нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар ижтимоий, иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида давлат ташкилотларига кўмакчи ва ҳамкор сифатида ижтимоий аҳамиятга молик ишларни амалга оширмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ташкилий-ҳуқуқий шакли жиҳатидан жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига, худди шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин. Шуни таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда ННТларни қўллаб-қувватлаш учун Парламент қошида махсус фонд ташкил қилинган. У Парламент комиссияси томонидан бошқарилади. Ҳар йили Парламент комиссияси катта миқдордаги маблағларни ННТлар фаолиятини ривожлантириш учун йўналтирмоқда. Улар ушбу қўллаб-қувватлаш натижасида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаяпти.

Ўтган давр мобайнида жамоат ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2013 йилнинг 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролик институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 2014 йилнинг 1 февралидан нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баравар камайтирилди. Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидек икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисоб-варақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмаслиги кўзда тутилди.

Бошқача айтганда, давлатнинг ўзи жамоат бирлашмасининг тизимини шакллантириш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлмоқда, уларни жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этишга даъват этмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қанча кучайса, мамлакатимизда демократик жараёнлар шунча чуқурлашади ва фуқаролик жамиятининг ривожланиши тезлашади.

Азиз АДИЛОВ,

Тошкент вилоят Адлия бошқармаси ходими.



DB query error.
Please try later.