08.05.2014

«Ўзбекистон асрлар давомида илм-фан, таълим-тарбия ва маданият маркази бўлиб келган»

Шу йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий меросининг ҳозирги замон цивилизациясидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференция юзасидан чет эллар илмий жамоатчилиги вакиллари мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналарига ўз фикр-мулоҳазаларини йўллашмоқда.

Такаши ИТО,

Япония Миллий астрономик расадхонаси Астрофизика департаменти директорининг ўринбосари:

— Ўзбекистон асрлар давомида илм-фан, таълим-тарбия ва маданият маркази бўлиб келгани баробарида жаҳон цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Жумладан, XIV-XV асрларда буюк астроном ва математик Мирзо Улуғбек шу заминда яшаган ва илмий фаолият билан шуғулланган. Унинг асарлари ва астрономияга оид жадвалларидан Европанинг кўпгина олимлари кенг фойдаланишган. У илмий ишлари билан кифояланиб қолмасдан расадхона ҳам бунёд этгани ҳолда астрономия ривожига бебаҳо ҳисса қўшган.

Япония Миллий расадхонаси Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Мирзо Улуғбек номидаги астрономия институти билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётганига 10 йилдан ошди. Биз ноёб атмосфера шароити ва жўғ-рофий жойлашуви туфайли астрофизик объектларни кузатиш учун муҳим маскан ҳисобланадиган «Майданак» обсерваториясида қўшма тадқиқотлар олиб бормоқдамиз.

Самарқандда бўладиган халқаро конференция ишида мен осмон ёритгичларини ўрганиш соҳасидаги илмий муваффақиятлар юзасидан ўзаро фикр алмашиш ҳамда Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама этиш ниятидаман.

Гакугеи Харуо КОБАЯШИ,

Токио университети профессори:

— Ислом фалсафаси тарихи бўйича мутахассис бўлганим боис, мен ҳудуди башарият цивилизациясининг кўҳна ўчоқларидан бири ҳисобланадиган Мовароуннаҳрдаги буюк олимларнинг кўпгина илмий ишларини ўрганганман. Шарқ марвариди — Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йирик халқаро конференцияда қатнашиш мен учун катта шарафдир.

Маълумки, ўзбек заминида яшаган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк олимлар илм-фаннинг барча соҳалари ривожига бебаҳо ҳисса қўшганлар. Уларнинг ишлари ҳозирги пайтда ҳам улкан аҳамиятга эгадир. Улар бизларга ноёб илмий мерос қолдирганлар.

Самарқандда бўладиган халқаро конференция ҳам ўзбек халқининг буюк аждодлари илмий меросини ўрганишга, шунингдек, мамлакатда интеллектуал жиҳатдан ривожланган авлодни тарбиялаш масаласига Ўзбекистон раҳбарияти томонидан юксак эътибор қаратилаётганини тасдиқлайди. Бунда илм-фан ва таълим ривожланишига ҳамда бебаҳо маданий меросни авайлаб-асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳурматга сазовордир.

Масата ТАКЕШИТА,

Токио университети профессори:

— Қадим даврлардаёқ бугунги Ўзбекистон ҳудудида илм-фан, маданият ва санъат ривожланган. Жаҳон илм-фани хазинасига катта ҳисса қўшган бу заминнинг буюк олимлари ва мутафаккирлари номлари дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳам машҳурдир. Жумладан, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ҳадисшунослик ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Ўзбекистонга бориш менинг орзуим эди. Мен шундай муҳим тадбирга таклиф этилганим учун Ўзбекистон ҳукуматидан миннатдорман. Юзлаб олим ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий фаолиятига бешик бўлган, бой тарихий ва маданий меросга эга Самарқанд шаҳрига сафаримни интиқлик билан кутмоқдаман.

«Жаҳон» АА, Токио.



DB query error.
Please try later.