08.05.2014

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ: КАТТА СПОРТ БАЙРАМИГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

«Баркамол авлод» номини олган бу мусобақаларни биз Кадрлар тайёрлаш миллий дастуримизнинг яна бир саҳифаси, янги давлат, янги жамият қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш йўлидаги орзу-интилишларимизнинг ёрқин намунаси деб биламиз.

Ислом КАРИМОВ

2001 йилдан буён мамлакатимиз ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари ўртасида ўтказиб келинаётган анъанавий спорт мусобақалари бу йил Наманганда ўтказилиши гуллар шаҳри аҳлига катта қувонч бағишлади.

Наманганликлар бундан роппа-роса ўн тўрт йил олдин олий ўқув юртлари талабаларининг «Универсиада — 2000» спорт байрамига мезбонлик қилган эди.

Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Наманган ҳам ҳар томонлама юксалди. Давлатимиз раҳбари эътибори билан вилоят марказидан тортиб энг чекка қишлоқ жойларигача тубдан ободонлашиб, кўркам қиёфа касб этди. Янги-янги савдо, саноат ишлаб чиқариш объектлари билан бир қаторда таълим, тиббиёт, маданият ва санъат муассасалари барпо этилди. Айнан спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилдики, натижада Наманган халқаро спорт мусобақалари ўтказиладиган шаҳарга айланди.

Ўзбекистон ёшларининг уч босқичли спорт мусобақалари сирасига кирувчи «Баркамол авлод» спорт мусобақаларининг республика босқичини юқори савияда ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳлари шакллантирилган. Улар махсус режа асосида фаолият олиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши баёнига мувофиқ «Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларининг республика финал босқичида спортнинг 16 тури бўйича 654 нафар ўсмир йигит, 342 нафар ўсмир қиз, жами 996 нафар ёш спортчи иштирок этади. Улар билан бирга 224 нафар мураббий, 180 нафар ҳакам, 15 нафар спорт федерацияси вакиллари жам бўлади.

Шу ойнинг охирида ўтказилиши мўлжалланган бу спорт байрамига пухта тайёргарлик кўрилди. Иштирокчиларга маданий-маиший хизмат кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

— Спорт мусобақаларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари «Навбаҳор» марказий ўйингоҳида ўтказилиши режалаштирилган, — дейди «Баркамол авлод — 2014» штаби масъул котиби Шерзодбек Алихонов. — Мусобақалар ўтказиладиган 6 спорт объекти — «Баркамол авлод» ва «Паҳлавон» спорт мажмуалари, «Дўстлик» теннис корти, вилоят маданият ва спорт бошқармаси қошидаги олий спорт маҳорати мактаби, Наманган муҳандислик-педагогика институти ҳамда олимпия захиралари коллежининг спорт заллари, шунингдек, 5 та таълим муассасаси талабалар турар-жойлари ҳамда учта овқатланиш мажмуаларида шароитлар тахт қилинди.

— Ўқувчи ва талаба-ёшлар учун уч босқичли спорт ўйинлари, хусусан, «Баркамол авлод»га ўхшаган мусобақа дунёнинг яна қайси давлатида бор? — дейди уруш ва меҳнат фахрийси Саримсоқ Низомов. — Ёшим 90 дан ошиб спортга бугунгидек эътибор қаратилганини кўрмагандим. Бутун жаҳонда кўплаб спорт мусобақалари ўтказилади. Лекин Ўзбекистонимиздагидек тизимли, аниқ мақсадларни қамраб олган, нафақат жисмоний балки маънавий баркамоллик ғояларини ўзида мужассамлаштира олган мусобақа бошқа жойда йўқ.

— Бир яхшилик шарофати ўн эзгуликка зийнат, — дейди Уйчи туманида истиқомат қилувчи яна бир уруш кўрган нуроний, фахрий педагог Юсуфжон Усмонов. — «Баркамол авлод» спорт мусобақаларига мезбон бўлаётган Наманган шаҳридаги ўзгаришларни қаранг, муҳташам бинолар, кўрк билан қўр ташлаб турган равон йўллар четида барқ урган ранго-ранг гулларни, тозалик ва озодаликдан оройиш топган боғу хиёбонларни кўрганим сари кўксим фахру ғурурга тўляпти.

«Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш учун сараланган бадиий гимнастикачилар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон чемпиони Шоҳиста Рашидова ҳам бор. У Наманган транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида таҳсил олади.

— Шу кунгача жуда кўплаб нуфузли мусобақаларда қатнашиб, катта муваффақиятларни қўлга киритганман, — дейди у. — Тошкентда 2008 йилда ўтказилган халқаро турнирда олтин медаль билан тақдирланганман. Аммо «Баркамол авлод — 2014» мусобақалари алоҳида масъулиятли. Мураббийим Зикия Гнездилова раҳбарлигида астойдил тайёргарлик кўрмоқдамиз. Дугоналарим — Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Шаҳризода Омонова, тиббиёт коллежи талабаси Кумуш Назаровалар ҳам бу нуфузли мусобақада фақат ғолиб бўлишга интилишмоқда.

— «Баркамол авлод» спорт мусобақасида стол тенниси бўйича муваффақиятли иштирок этиб, ўтган йили имтиёз асосида Наманган давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт йўналиши факультетига қабул қилингандим, — дейди чустлик 9 карра Ўзбекистон чемпиони, 8 марта халқаро турнирлар ғолиби Музайяна Муҳаммаджонова. — Бу гал мазкур спорт байрамига Наманганимиз мезбонлик қилаётгани жуда-жуда шарафли ва ҳаяжонли. Нуфузли мусобақада вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган ўқувчиларга «Баркамол авлод»нинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб бердим. Уларнинг тайёргарлик кўришларига ёрдам кўрсатаётганимдан мамнунман. Ишонаманки, бу галги спорт байрами ҳам ёшларга катта рағбат бўлади ва янада кенг имкониятлар эшигини очади.

— «Дўстлик» теннис кортида спортчи-ёшларнинг ўз маҳоратларини намойиш этишлари учун катта ҳажмдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, — дейди «Миродил вақт инвест» МЧЖ раҳбари Ибодилло Ғаниев. — 8 кортга пойтахтимиздан янги стол тенниси анжомлари келтириб ўрнатилди. Лекин эътиборни тортадиган яна бир жиҳати, «Баркамол авлод» спорт мусобақаларини бутун наманганликлар интиқлик билан кутаётгани ва ободонлаштириш, шароитлар яратиш билан боғлиқ ишларда ғайрат кўрсатиб, иштиёқ билан иштирок этишаётганидир...

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.