06.05.2014

ПАРТИЯНИНГ ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАРИ

самарали амалга ошиши кўп жиҳатдан тарғибот ишларининг таъсир кучига боғлиқ

Семинарга бирин-кетин иштирокчилар кириб келмоқда. Улар орасида ЎзХДП Марказий Кенгаши вакиллари ва экспертлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, минтақавий партия кенгашлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш сектори мудирлари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари бор.

Семинарда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ЎзХДП иштирокини янада кучайтириш масалалари бўйича тажриба алмашиш кўзда тутилган эди. Унда асосий эътибор партия дастурий мақсадларини амалга оширишни таъминлаш чора-тадбирларига қаратилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов ўз сўзида тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчан бўлсагина самара бериши ҳақида тўхталар экан, бунда сиёсий технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Хусусан, у ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини очиб беришда ҳаётий мисолларга таянилса, иштирокчиларда тадбир таъсирчанлиги ошишини уқтирди.

Айниқса, ЎзХДП илгари сураётган ғояларнинг афзалликларини тушунтиришда аниқ таҳлил ва жонли мулоқотлар керак бўлади. — Бу борада партиямизда катта тажриба тўпланган, — деди у. — Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўтказилаётган ўқувлар, «Тарғиботчилар гуруҳлари» аъзолари томонидан олиб борилаётган очиқ мулоқотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Тадбирлар бир-бирига ўхшаб қолмаслиги, бир-биридан фақат мазмунан эмас, балки шаклан ҳам фарқ қилиши лозим. Бу иштирокчиларнинг нафақат тадбирга балки, партияга қизиқишини оширади. Ўйлайманки, бугунги семинар айнан шу йўналишдаги ишларимизни янада жонлантириш, яхши тажрибаларни оммалаштириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Ҳар бир сиёсий партия қайси дастур ва қарашни илгари суришидан қатъи назар, аввало, бу қарашлар, ғоялар электорат манфаати билан боғлиқ бўлса ва ижроси изчил таъминлансагина жамиятга фойдаси тегади, — деди халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев. — Мамлака-тимиз ҳаётидаги турли ижтимоий масалалар юзасидан партиямиз ўзининг аниқ позициясига эга. Жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали биз ана шу позицияни тарғиб қилишимиз керак. Айтайлик, электорат вакиллари билан учрашув режалаштирилди. Хўш, унда қайси мавзуга кўпроқ эътибор бериш керак? Албатта, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалага. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва бу борада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, уларнинг ижроси, партиямизнинг бу жараёндаги иштироки ҳақида кенг тушунча берилса, бу электоратимизни қизиқтирмасдан қолмайди, албатта.

— Тўғри таъкидладингиз, — дея унинг фикрларини қўллаб-қувватлади ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Пар-тиямиз мафкурасини одамлар орасида тушунтириш учун тадбирларимизни замонавий усулларда олиб боришимиз, оммавий ахборот воситаларидаги сиёсий чиқишларнинг таъсирчанлигини оширишимиз керак. Бунинг учун мафкуравий ишларни янада жонлантириш, жамоатчилик билан алоқаларимизни мустаҳкамлаш зарур. Олдиндан пухта тайёргарлик кўрилсагина, ҳар бир тадбир партиямиз электоратининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда таъсирчан восита бўла олади.

Масалан, тадбирларда партиямиз Сайловолди дастури қай даражада амалга оширилаётгани, депутатларимиз ва партия ташкилотларининг фаолияти ҳақида кўпроқ кўргазмали воситалар тақдим этишни йўлга қўйиш лозим. Бу жамоатчилик партиямиз фаолияти, сайловолди ваъдаларини амалга ошириш борасидаги ташаббуслари ҳақида кенгроқ маълумот олиши учун хизмат қилади. Жамиятда партия қандай амалий ишлар билан шуғулланаётгани, эришаётган натижалари ҳақида янада кенгроқ тасаввур пайдо бўлади.

Семинар очиқ мулоқот тарзида, интерфаол усулда ташкил этилди. Қатнашчилар кун тартибидаги мавзулар бўйича эркин фикр юритишди. Семинар қатнашчилари икки гуруҳга бўлиниб, партиянинг мафкуравий фаолиятини ривожлантириш ва ОАВ билан ишлашни самарали ташкил этиш юзасидан ишлаб чиққан таклифлар тақдимотини ўтказишди.

СИЁСИЙ-ЎҚУВЛАРДА ИНТЕРФАОЛ УСУЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ МЕХАНИЗМЛАРИ

— Партия ташкилотларининг мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда семинар ва машғулотларда замонавий услуб, воситалардан фойдаланиш жуда муҳим, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Насиба Турғунова. — Масалан, мулоқот, баҳс-мунозара, тренинг, очиқ давра суҳбати ва бошқа ноанъанавий усуллар машғулотларнинг қизиқарли ҳамда жонли ўтишига, тингловчиларнинг мавзу муҳокамасида фаол қатнашишига, фикрлар хилма-хиллигига хизмат қилади. Машғулотлар юқори савияда ва қизиқарли ўтиши учун айрим қоидаларга риоя қилиш лозим бўлади. Масалан, иштирокчиларни гуруҳларга бирлаштириб, мавзу муҳокамаси ва таклифларга кенг ўрин бериш зарур. Бунда ҳар бир қатнашчи ўз жамоасининг ютуғи учун қатъий киришади ва ягона нуқтаи назарни шакллантиришда фаол иштирок этишга интилади, тақдимот жараёнида ўзи ва ўз гуруҳи ишини жиддий таҳлил этишга, зарур хулосалар чиқаришга ҳаракат қилади.

Партия Марказий Кенгаши масъул ходимининг бу фикрларини кўпчилик қўллаб-қувватлади. ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов ҳам бу борада ўз мулоҳазаларини баён этди:

— Шунингдек, машғулотларни аудиториянинг ўзига хос хусусияти, тингловчининг касб-кори ва билими, қизиқишини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Тадбир бошланмасдан олдин ҳар бир иштирокчига мавзу юзасидан услубий қўлланмалар тарқатилса, улар муҳокама марказига қўйилган мавзу юзасидан кўпроқ маълумотга эга бўлади ва ўз фикрини дадил айта олади.

ЭЛЕКТОРАТ БИЛАН ИШ ОЛИБ БОРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

— Аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами ҳуқуқий билимини ошириш, тарғибот воситасида уларни сиёсий куч атрофида бирлаштириш ва шу орқали ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар иштирокчисига айлантириш олдимиздаги асосий вазифалардан бири, — деди ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари Музаффар Туропов. — Хўш, партия дастурий мақсадларининг ҳаётга татбиқ этилиши самарали бўлиши учун нималарга кўпроқ аҳамият беришимиз зарур?

Аввало, партиянинг ҳар бир аъзоси, электорат билан икки томонлама мулоқот ўрнатиш керак. Бунинг учун партия Марказий Кенгаши ҳамда вилоят кенгашларида муҳокама қилинган масалаларни қуйи бўғинларда ҳам тўлиқ кўриб чиқишга эришиш зарур. Уларда тарғиботчилар ҳамда экспертлар гуруҳи, депутатлар ва сиёсатшунослар иштирокида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича давра суҳбатлари ўтказиб, ҳаётий мисоллар асосида муайян масалани очиқ муҳокама этишни кўпроқ ташкил этиш зарур.

Бир сўз билан айтганда, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида олиб борилаётган ишларда бошланғич ташкилотларни қанчалик кўп қамраб олсак, фаолиятимиз шунча амалий тус олади.

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

— Партиянинг жамоатчилик билан самарали ишлаши бевосита оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот коммуникация технологияларидан қай даражада фойдаланишга боғлиқ, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати раҳбари Елена Роман. — Пар-тиянинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича позицияси, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари ишидан жамоатчиликни хабардор қилиш, очиқ ва ошкоралигини таъминлашда Матбуот хизматларининг аҳамияти катта.

Замон тараққиёти тезлашиб, сиёсий партияларга қўйилаётган талаблар ошиб бораётгани матбуот хизмати зиммасига ҳам катта вазифаларни қўймоқда. Хусусан, ОАВ билан доимий тезкор алоқани ушлаб туриш, партиявий ҳаётнинг муҳим воқеаларини жадаллик билан ёритиш талаб этиляпти.

Бу борада матбуот хизмати қатор масалаларга эътиборни кучайтириши лозим, деб ўйлайман. Масалан, оммавий ахборот воситалари аудиториясининг ижтимоий қиёфаси, партияга муносабатини, партия томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг медиа таъсирини ўрганиш ва навбатдаги ишларни шунга қараб ривожлантириб бориш керак.

ТАДБИРЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ОАВда САМАРАЛИ ЁРИТИШ МЕХАНИЗМЛАРИ

— Бугун фуқаролар оммавий ахборот воситаларига фақат ахборот олиш манбаи сифатида эмас, балки ўз манфаатлари нуқтаи назаридан муносабат билдиришмоқда, — деди ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш сектори мудири Васила Собирова. — Умуман олганда, уларда ўз шaxсий фикри ва муносабатини эркин ифода этиш истаги кучайиб боряпти. Бу — демократик жамият барпо этишнинг муҳим шартидир. Шу боис, жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан партиянинг нуфузини оширишга таъсир кўрсатиш учун аввало, тадбирларни ОАВда ёритишга пухта тайёргарлик кўриш талаб этилади.

Биз ишни аввало, партия фаолиятининг турли йўналишларига оид ҳамда жамоатчиликни қизиқтирадиган ахборот базасини шакллантиришдан бошлашимиз керак. Бу ОАВ учун таъсирчан матнни яратиш, жамоатчиликка етказилаётган ахборотнинг тўлиқ ва тушунарли бўлишига хизмат қилади.

Умуман олганда, семинар дастуридан ўрин олган мавзулар бўйича ҳар бир қатнашчи ўз фикри, нуқтаи назари билан фаол иштирок этишга ҳаракат қилди. Хўш, таклифларнинг аҳамиятли жиҳатлари нималардан иборат бўлди? Улар партия фаолиятини кучайтириш учун қанчалик муҳим? Тадбирдан сўнг партия фаолларининг айримлари билан шу саволлар атрофида суҳбатлашдик.

— Гуруҳларда яхши таклифлар айтилди, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳриддин Муҳиддинов. — Дунёда ғоявий таҳдид ва ахборот хуружлари кучайиб, одамлар, айниқса, ёшлар онги ҳамда қалбини эгаллаш йўлидаги кураш тобора кескинлашиб бораётган бугунги кунда аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бориш, уларнинг таъсирчанлигини оширишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу жиҳатдан олиб қарасак, икки кунлик семинар қатор афзалликларга эга бўлди. Масалан, бу орқали аҳоли, хусусан, электорат вакиллари билан ишлаш тажрибасига эга бўлдик. Машғулотларда таъсирчан сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш, одамлар фикрини ўрганишнинг тезкор ва самарали усуллари бўйича муҳим тавсияларга эга бўлдик.

— Биз нафақат, жамоатчилик билан ишлаш, матбуот хизмати фаолиятини янада кучайтиришга оид малакамизни оширдик, балки бошқа вилоятлардан келган партиядошларимиз билан тажриба алмашдик, — дейди ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш сектори мудири Шаҳноза Пармонова. — Агар кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсак, жамоатчиликка партиянинг кундалик фаолияти, дастурий устувор йўналишлари ва сайловдан аввал берган ваъдаларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотни мунтазам етказиш жуда масъулиятли вазифа. Мақсадимиз фақат партия фаолиятидан аҳолини хабардор қилиш эмас, балки жамиятда партиянинг имиджини шакллантиришдир. Шунда, партия позицияси тарғиботи партияга ҳам, электоратга ҳам наф келтиради.

Дарҳақиқат, ҳар бир сиёсий партия жамиятда мустаҳкам ўрин топиш, одамлар ишончини кўпроқ қозониш учун курашади. Бу жараёнда партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий онги, тафаккурини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтириш, партия позицияси ва мафкурасини кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, семинарда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, келгуси фаолиятда улардан фойдаланишга келишиб олинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» mмахсус мухбири.



DB query error.
Please try later.