03.05.2014

ИЗЛАНИШ ВА МАСЪУЛИЯТ САМАРАСИ

«Олтин қалам» IX Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оммавий ахборот воситалари ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор соҳа вакилларининг ижтимоий масъулиятини теран ҳис этиши ва касб маҳоратини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Туркистон» саройида 2 май куни журналистика соҳасида «Олтин қалам» IХ Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда бу жиҳатлар яна бир бор ўз ифодасини топди. 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб ўтказилган ушбу тадбирда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, фахрий журналистлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Ш.ўуломов ва бошқалар оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига айлантириш, журналистларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур имконият ва шароитларни яратиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий журналистика равнақида ҳам янги босқични бошлаб берди. Мазкур Концепцияга мувофиқ оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир миллий қонунчилик муттасил такомиллашмоқда. Бу фуқароларнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқини таъминламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарори медиа тузилмалар фаолиятини давр талаблари даражасига кўтариш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида электрон оммавий ахборот воситалари жадал ривожланмоқда, улар фаолиятининг самарадорлиги ошмоқда. Мамлакатимизда интернет тизимидан фойдаланувчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Телекўрсатувларнинг мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган «Олтин қалам» Миллий мукофоти миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этиши учун шароит яратиш, ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, «Uzreport» ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур анъанавий танлов соҳа ходимларининг фаоллигини янада ошириш, уларда изланувчанлик, ишга ижодий ва талабчанлик руҳида ёндашувни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Жумладан, 2006 йилдан буён ўтказилаётган мазкур танловда 4 минг нафарга яқин журналист 50 мингдан ортиқ ижтимоий аҳамиятга молик материали билан иштирок этди. 194 нафар журналист «Олтин қалам» Миллий мукофоти соҳиби бўлди. 48 нафар ижодкор нуфузли халқаро ташкилотлар ваколатхоналари таъсис этган мукофотлар билан тақдирланди.

Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилаётган бу йилги ижодий лойиҳада ўн учта — битта Бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот таъсис этилган. Танлов учун мамлакатимизнинг барча турдаги оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган 490 дан ошиқ журналистдан 7500 га яқин ижодий иш келиб тушди.

Танловни ташкил қилиш, ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун маблағ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» телеканали журналистика соҳасида «Олтин қалам» IX Миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда Бош мукофотга лойиқ деб топилди. Телеканал махсус диплом, «Олтин қалам» кўкрак нишони, статуэткаси ва мамлакатимизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

— Юртимизда миллий маънавиятимизни тиклаш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш авлодда соғлом ва теран тафаккурни шакллантиришга улкан эътибор қаратилмоқда, — дейди «Маданият ва маърифат» телеканали директори Воҳид Луқмонов. — Давлатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида барча соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланган. Президентимиз ташаббуси билан «Маданият ва маърифат» телеканали ташкил этилиб, бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётгани мазкур соҳа равнақига кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Буларнинг барчаси зиммамиздаги масъулиятни теран англашга, ёш авлодда соғлом маънавиятни шакллантиришдек шарафли ишга янада жиддий ёндашишга ундайди.

Ижодий беллашувнинг телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолибларига диплом, «Олтин қалам» кўкрак нишони, статуэткаси ҳамда пул мукофотлари топширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан таъсис этилган номинациялар бўйича ҳам мукофотлар топширилди.

Шу ўринда ушбу танловга қизиқиш халқаро ташкилотларда йил сайин ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, бу йилги танловда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ахборот маркази, ЮНЕСКО, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича Бирлашган дастури — ЮНЭЙДС, Халқаро муносабатлар миллий демократик институти (АҚШ), «Регионал диалог» (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ўз мукофотлари билан иштирок этди. Тантанали маросимда бир гуруҳ журналистлар ушбу ташкилотларнинг рағбатлантирувчи мукофотлари билан тақдирланди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.