03.05.2014

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА

унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга

Бугунги кунда ҳимояланган электрон почта ҳамда электрон ҳужжат айланиши ягона тизимига 153 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари уланган. Жорий йилнинг биринчи ярмида «Е-хат» ҳимояланган почта тизими орқали электрон ҳужжат айланиш ҳажми 399572 та бирликни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ошган. Жорий йил охиригача давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қоғозсиз ҳужжат айланиши улушини 85 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида бу фикрлар алоҳида таъкидланди. Унда «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида», «Электрон тижорат тўғрисида» ва «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунларнинг Тошкент шаҳрида ижро этилиши юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил якунлари муҳокама этилди. Масала юзасидан шаҳар ҳокимлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

— Тошкент шаҳрида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, симсиз алоқа ва интернет тармоқлари хизматлари билан аҳоли пунктларини қамраб олиш, компьютер саводхонлигини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги, компьютерлаштириш маркази раҳбари Маҳмуд Асомов. — Ҳокимлик фаолиятини автоматлаштириш ва ахборотлаштириш мақсадида 11 та ахборот тизими яратилиб, амалиётга жорий этилган. 3 та маълумот базаси ахборот билан мунтазам тўлдириб келинмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва барча туман ҳокимликлари интерактив давлат хизматларининг Ягона порталига уланган бўлиб, ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли томонидан 495 та мурожаат тушган.

Айтиш керакки, қўмита томонидан олиб борилган назорат-таҳлил доирасида бир қатор камчиликлар аниқланиб, ҳокимликка тақдим этилган. Эндиликда бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ахборот хавфсизлиги, ахборот тизимларининг давлат рўйхатидан ўтказиш, ривожлантириш, интерактив хизматлар, ариза ва мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича режалар белгиланиб, камчиликлар бартараф этилмоқда.

Сўзга чиққанлар давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт ҳамда бизнес соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани, Интернет тармоғининг жадал суръатларда ривожланиб бораётганини қайд этишди.

— Электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафизахон Каримова. — Хусусан, коммунал тўловларни қабул қилишни ташкил этиш учун электрон тўловлар тизимларининг амалдаги ахборот тизимлари билан интеграциялашувини таъминлаш, он-лайн тўловларни амалга ошириш, электрон тижорат тизимида «учинчи томонга ишонч» тузилмасини яратиш каби масалаларнинг аниқ қонуний тартибга солиниши мақсадга мувофиқдир. Тўловлар бу тарзда амалга оширилиши партиямиз электорати бўлган пенсионерлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлар учун ҳам анча қулайлик туғдиради.

Йиғилишда ички идоравий бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларининг амалдаги тизимларини қайта кўриб чиқиш, уларни оптималлаштириш, электрон тижорат қатнашчилари ишончини ошириш бўйича тезкор чораларни қабул қилиш, мобиль тижорат ва банк карталари тарқалишини ривожлантиришга қаратилган тавсиялар берилди.

Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.