03.05.2014

ХИЗМАТ ҚАСАМЁДИ

Ватан ва халқ тинчлиги ҳамда осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилишга ундайди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг ўқув полигонида Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курслари базасида ташкил этилган касбий тайёргарлик ўқув йиғини тингловчиларининг «Ички ишлар идоралари ходимларининг хизмат қасамёди»ни қабул қилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда ИИВ масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, жамоат ташкилоти вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-майор Ш.Икромов очар экан, мазкур таълим муассасасида касбий тайёргарлик ўқув йиғинини ўтказиш, чуқур таълим олиш, жисмоний ва жанговар тайёргарликни ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.

Сўзга чиққанлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида алоҳида тўхталдилар.

— Биз олий ўқув юртларини битирган ҳамда ички ишлар идораларида профилактика инспектори лавозимига тайёрланган тингловчилар билан малака ошириш касбий тайёргарлик ўқув йиғинларини ўтказдик, — дейди Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари ўқув бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Оқилжон Бекназов. — Республика бўйича 600 нафар тингловчи ушбу ўқув-машғулотларда қатнашди. Касбий тайёргарлик ўқув йиғини дастурга асосан 3 ойга режалаштирилган. Шундан бир ойи академик полигонда ўтказилди. Ушбу вақт давомида тингловчиларга қуролли кучлар низоми, саф тайёргарлиги, ички ишлар идоралари низоми, жанговар ва хизмат тайёргарлиги, махсус тайёргарлик, ўқ отиш, жисмоний ва юридик тайёргарлик, ижтимоий-сиёсий тайёргарлик, тиббий тайёргарлик ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича машғулотлар олиб борилди. Энди улар қолган икки ойлик назарий машғулотларда профилактика инспектори учун зарур бўлган билимларни ўзлаштиради.

— Бугун мен учун унутилмас кун, чунки мен Ватан олдидаги хизмат қасамёдимни қабул қилдим, — дейди Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактика инспектори, катта сержант Шуҳрат Ҳазратқулов. — Халқим ва Президентимиз олдидаги бу қасамёдим келгусида ўз касбимни виждонан бажаришга ундайди. Биз бир ой давомида дала полигонида зарур билим ва жанговар кўникмаларга эга бўлдик. Ички ишлар вазирлиги томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Бугунги қасамёд ота-онамиз, оиламиз ва ватанимиз олдидаги қасамёддир.

— Президентимиз томонидан профилактика хизматига қаратилаётган алоҳида эътибор бизнинг зиммамизга янада катта вазифалар юклайди, — дейди Хоразм вилояти Урганч шаҳар Ички ишлар бўлими профилактика инспектори Журъат Таджиев. — Биз ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши тарбиявий аҳамиятга эга бўлган учрашувлар, суҳбатлар олиб бормоқдамиз. Ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳам бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир. Ўқув йиғинларида олган билимларимиз бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришга ёрдам беради.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга хушкайфият бағишлади.

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.