01.05.2014

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА ТАЙЁРЛАНГАН ТАКЛИФЛАР

қизғин муҳокама этилди

Маълумки, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳи тузилган эди. Фракциянинг куни кеча бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган таклифлар қизғин муҳокама қилинди.

Йиғилишда, аввало, дунё ҳамжамиятида «ўзбек модели» деб ном олган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишга қаратилган беш тамойилнинг бири давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролини ифода этиши таъкидланди. Айтиб ўтилдики, давлат мулкини бошқариш барча ривожланган мамлакатларда иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишнинг негизини ташкил этади. Давлатнинг мулк ҳуқуқидан давлат вазифа ва функцияларини амалга ошириш, мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришда бевосита ёки билвосита таъсир қилиш мақсадида фойдаланилади. Давлат мол-мулкини самарасиз бошқариш эса ўта жиддий салбий оқибатларга олиб келади.

— Қонун лойиҳасида стратегик аҳамиятга эга давлат мулки объектлари жумласига аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган давлат мулки объектлари ҳам киритилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Уни бошқаришдан мақсад аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдан иборатдир. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг самарасини янада оширишга хизмат қилади. Қолаверса, бу ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳам тўла мос келади.

— Бундан ташқари, давлат мулкини бошқаришда уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, бошқарувчи субъектлар томонидан қарорлар қабул қилиш жараёнининг қонунийлик, шаффофлик, ошкоралик ва адолатлилигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилаётгани партиямиз электорати манфаатлари учун жуда муҳим, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Жўрақўзи Қўлдошев. — Чунки бу партия Дастурида устувор ҳисобланган муҳим ижтимоий дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш вазифалари билан бевосита боғлиқ.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини оширади, давлат мулки объектларини бошқаришнинг ягона тизимини яратади. Унинг тузилиши ва таркибини оптималлаштиришга имконият яратиши билан ЎзХДП Дастурида алоҳида эътибор қаратилган мулк муносабатларининг янги тизимини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига доир вазифаларнинг самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

Айтиш керакки, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фракция ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган таклифларда партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатлари ўз ифодасини топган. Шунингдек, уларда қонун лойиҳасига унинг предмети нуқтаи назаридан ёндашиш, соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари меъёрлари билан бир хилликни таъминлаш, қонунчилик техникаси ва таҳририй масалаларга ҳам эътибор қаратилган.

Йиғилишда қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган фракция таклифларини масъул қўмитага тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: