01.05.2014

ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси таҳлил этилди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар айтилди

2014 йилнинг биринчи чорагида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг Фарғона вилояти Фарғона, Қўқон шаҳарлари ҳамда Ёзёвон, Қўштепа ва Данғара туманларида бажарилиши тўғрисидаги масала халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, дастурда 2014 йилда вилоятда жами 92,5 мингта янги иш ўрни яратиш белгиланган. Шу йилнинг биринчи чорагида 21,2 минг ўрнига 22092 та иш жойи ташкил этилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур иш ўринларининг 67 фоизи қишлоқ жойларида яратилиб, уларнинг салмоқли қисми ишчи кучига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Фарғона шаҳрида 2,2 минг, Қўқон шаҳрида 2,2 минг, Риштон ва Қува туманларининг ҳар бирида мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди.

2013-2014 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 60614 нафари ишга қабул қилиш шарти билан амалиёт ўташ учун корхоналарга бириктирилди ва уч томонлама шартномалар тузилди.

Расмий ҳисоботларга таяниб айтадиган бўлсак, Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Қўштепа, Данғара ва Ёзёвон туманларида иш ўринлари ташкил этиш бўйича барча кўрсаткичлар ижобий. Аммо ўрганиш ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил этишда камчиликларга йўл қўйилганини ҳам кўрсатди. Хусусан, айрим корхона, муассаса, ташкилотларда дастурда белгиланган режалар бажарилмаган. Масалан, Фарғона механика заводида 10 та касаначилик иш ўрни яратилмаган. «Фарғонадонмаҳсулотлари» АЖда февраль ойида белгиланган 10 та иш ўрнига 1 та иш ўрни яратилган. Шунингдек, Фарғона ёғ-мой АЖда 17 та иш ўрни яратиш белгиланган, аммо шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан корхона бандлик дастурига киритилгани тўғрисида огоҳлантирилмаган. «Автотеххизмат» корхонасида 80 та иш ўрни яратилиши белгиланган. Жойига бориб ўрганилганда эса бу рақамни бажаришнинг реал имконияти йўқлиги, корхона бугунги кунда ижарада турганлиги, аэропорт ҳудудида янги бино қурилиши якунига етганидан сўнг 14 та янги иш ўрни яратилиши маълум бўлди.

Қўқон шаҳрида ўтказилган таҳлиллар давомида дастурга кирган 6 та корхона ва ташкилотда биринчи чорак якуни бўйича жами 17 та янги иш ўрни яратилмай қолган. Бундай ҳол Данғара, Қўштепа, Ёзёвон туманларида ҳам кузатилди.

Ўрганиш хулосалари умумлаштирилиб, ЎзХДП гуруҳи йиғилишида атрофлича муҳокама этилди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Депутатлар мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар бўйича ҳокимликлар ҳисоботларини сессияларда эшитиш лозим, деган таклифни ўртага ташлашди ва бу ташаббус қўллаб-қувватланди.

— Биз дастур доирасидаги лойиҳаларга аниқ ҳолат ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритяпмиз, — деди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Нурали Назаров. — Танқидлар ўринли, камчиликларимиз бор. Айни кунда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқаяпмиз.

Ҳоким ўринбосари таҳлил аниқ далиллар асосида тайёрланиши, ижро ҳокимияти фаолияти устидан депутатлик назорати пайдо бўлгани янада самарали ишлашга ундашини таъкидлади.

— Ёзёвон туман иқтисодиётида ҳозирча саноатнинг улуши нисбатан кам. Хўш, нега энди қишлоқ хўжалигида кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш суст олиб бориляпти? Ахир шундай усул янги иш ўринлари яратишда қўшимча имкониятлар беради-ку, — деди депутат Фурқат Ҳомидов.

Қўштепа туманида якка тартибдаги тадбиркор деб рўйхатга олинган шахслар аслида дўконларида 3-5 нафар киши ишлатаётгани, ишчиларга меҳнат дафтарчаси очилмагани, натижада улар ижтимоий ҳимояда қатор имтиёзлардан фойдалана олишмаётгани маълум бўлди. Бунинг устига солиқ тўловларида ҳам қонунни бузиш ҳолатларига эътибор қаратган депутатлар ҳокимлик уларни зудлик билан рўйхатдан ўтказиш чораларини кўриши лозимлигини таъкидлашди.

— Янги иш ўринлари яратишга ижодий ёндашиш зарур, — деди депутат Файзулло Қосимов. — Ўрганиш давомида дастурга киритилган 112 та лойиҳа бўйича 900 та иш ўрни яратиши лозим бўлган ташкилотлар имконияти чекланганлиги аниқланиб, режадаги иш ўринларини очиш бошқа субъектлар зиммасига юклатилди. Агар маълум бир сабаб билан дастурнинг бирор банди ёки лойиҳасини бажаришда муаммо туғилса, ижро жараёнида янги лойиҳаларни киритиб бориш ўринли, деб ўйлаймиз.

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам даромадли қатлами ва имконияти чекланган кишилар, пенсионерлар, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган фуқаролар манфаати учун курашиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий вазифаларидан биридир, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Маҳмуджон Маҳкамов. — Шу нуқтаи назардан партия томонидан қатор амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Иш билан бандлик эса ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим шартидир. Биз бу борада мониторинг ўтказдик, вазифани бажардик, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Уни ҳар чорак, керак бўлса, ҳар ой кесимида ўрганиб, таклифларимизни ижро ҳокимияти идораларига бериб борамиз. Бу масалани халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг сессияси муҳокамасига киритиш ниятидамиз.

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Жўрақўзи Қўлдошев иштирок этиб, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Мазкур ўрганишлар бандлик дастури ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, — деди у. — Натижалар таҳлили Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партиямиз фракцияси ташаббуси билан 2014 йилда ўтказилиши режалаштирилган парламент эшитувининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.