Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
01.05.2014

РИШОД СОБИРОВ: ЯНГИ ВАЗН ТОИФАСИДА ҲАМ ЧЕМПИОН БЎЛМОҚЧИМАН

Гран-при ва «Катта дубулға» туркумидаги мусобақалар олдидан дунёдаги энг кучли дзюдо усталаридан бири, икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон олимпиадалари совриндори Ришод СОБИРОВ билан келгуси режалари хусусида суҳбатлашдик.

— Ришод, Сиз Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида жорий йилнинг 19 сентябрь - 4 октябрь кунлари ўтадиган XVII ёзги Осиё ўйинлари элчиси номига сазовор бўлдингиз. Аввало, шундай ишонч билан қутлаймиз. Бу олдингизга қандай мақсадларни қўяди?

— XVII ёзги Осиё ўйинлари элчиси бўлиш ҳар бир спортчи учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Бунинг учун мусобақа ташкилий қўмитасига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Инчеон шаҳридаги Осиё ўйинларида юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан.

— Ўтган йили мамлакатимизда илк бор дзюдо бўйича Гран-при мусобақаси ўтказилди. Халқаро дзюдо федерация мусобақалари тақвимидан жой олган ушбу нуфузли турнирда дунёнинг йигирмадан зиёд мамлакатидан энг сара полвонлар ғолиблик учун куч синашди. Ришод, бу нуфузли турнирнинг пойтахтимизда ўтказилишини қандай баҳолайсиз?

— Гран-при туркумидаги баҳслар дзюдо оламининг энг нуфузли мусобақаларидан ҳисобланади. Бу мусобақани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун мезбон давлат бир мунча талабларга жавоб бериши керак. Масалан, замонавий машғулот майдонлари, дзюдо спортига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, ушбу спортнинг оммавийлик даражаси шулар жумласидандир. Ҳар йили ўнта мамлакат ушбу турнирга даъвогарлик қилади. Халқаро дзюдо федерацияси ана шундай йирик тадбирни ўтказиш ҳуқуқини Ўзбекистонга бергани, аввало, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг меваси ва ўзбек дзюдо мактабининг юқори салоҳияти ҳамда дзюдочиларимизнинг жаҳон майдонларидаги ютуқлари эътирофидир.

— Маълумки, 60 килограмм вазн тоифасида сизга тенг келадиган дзюдочи йўқ эди. Аммо вазн тоифангиз ўзгаргач, мухлислар ҳали ғалабангизга гувоҳ бўлишмади. Вазнни ўзгартиришингизга нима сабаб бўлди?

— 2008-2012 йиллар мобайнида вазнимни 60 кг. да ушлаб тургандим. Лондон олимпиадасидан сўнг вазнимда ўзгаришлар юзага келди. Спортчида бу ҳол табиий жараён ҳисобланади. Яъни жисмоний ҳаракатлар, овқатланиш меъёрлари тана аъзолари ривожланишига сабаб бўлади. Ҳозир машғулотлардаги вазним 67-68 килограммга тўғри келмоқда. Демак, бошқа вазн тоифасида ўз кучимни синаб кўришим керак, деб ўйладим.

Тўғри айтдингиз, ҳали янги вазнда ютуқларни қўлга киритганим йўқ. Дзюдода ҳар бир вазн тоифасида ўзининг профессионал ва етакчи спортчилари бор. 66 килограмм вазн тоифасида ҳаммасини бошидан бошладим. Одатда янги вазнга кўникиш ва энг кучли дзюдочилар қаторига қўшилиш учун бир ярим-икки йил вақт керак бўлади. Янги вазнда тўртта мусобақада қатнашдим. Тўғриси, озгина кучим ва тажрибам етишмади. Айни пайтда мана шу камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиляпман. Ўз олдимга аввалги савиямга қайтишни мақсад қилиб қўйганман. Насиб қилса, тез орада 66 кг. вазнда ҳам ижобий натижаларга эришаман.

— Балки яна аввалги вазн тоифангизга қайтарсиз?

— Бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Менинг асосий мақсадим — 2016 йили Бразилияда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида зафар қучишдир. Олимпиадагача ҳали вақт бор. 2014 йили жаҳон чемпионати ва ёзги Осиё ўйинларида қатнашаман. Шунингдек, Рио-де-Жанейро олимпиадасига йўлланма берувчи халқаро мусобақаларда зарур рейтинг очколарини жамғариш учун курашаман. Бу мусобақаларнинг барчасида 66 килограмм вазн тоифасида татамига чиқишим аниқ.

— Ёш дзюдочиларга маҳоратли спортчи сифатида қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Ҳар бир спортчи ўз олдига катта мақсад қўйиши шарт. Олимпия, Жаҳон чемпиони бўламан деб. Кейин шу мақсад сари интилиб меҳнат қилиши керак. Ҳар бир ғалабанинг сири — қатъий тартиб-интизом, режимга амал қилиш ва машғулотларда тер тўкиб ишлашдан иборат. Меҳнат, машаққат, сабр, ҳаракат — ҳамма спорт турида ютуқларнинг гарови ҳисобланади.

Аброр МЕЛИБОЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.