24.04.2014

МАСЪУЛИЯТ ВА ТАШАББУСКОРЛИК

бор жойда амалий ишлар бўлади, партия дастурий мақсадлари изчил амалга ошади

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши пленуми бошланишидан анча олдин -бордим. Мақсадим йиғилишдан аввал партия фаоллари билан суҳбатлашиш, фикрлашиш, ҳаётий таклифларини ёзиб олиш эди.

— Партиянинг асосий таянчи бошланғич ташкилотлар экан, биз уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз, етакчиларининг манфаатдорлигини ошириб боришимиз лозим, деб ўйлайман. Шу боис сўзга чиқиб, «Энг фаол етакчи, энг ташаббускор бошланғич ташкилот» кўрик-танловини ташкил қилиш таклифини билдирмоқчиман. Бундай танлов илғор бошланғич ташкилотларнинг тажрибаларини оммалаштириш имкониятини янада кенгайтиради.

Бу ЎзХДП Навоий шаҳар кенгаши раиси Лолагул Собированинг фикрлари эди. Унинг сўзларини ЎзХДП Зарафшон шаҳар Кенгаши раиси Баҳодир Қосимов давом эттирди:

— Биз партия сафидаги ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Партия сафида билимли ва зукко ёшлар қанча кўп бўлса, ғояларимизни амалга оширишга шунчалик мустаҳкам замин яратилади. Бугун ёшлар билан ишлашга ҳам янгича муносабат керак. Замонавий технологиялар ёрдамида онлайн тарзда суҳбатлар, фикр алмашувлар уларга самаралироқ таъсир кўрсатади. Мен пленумда сўз сўраб, шу фикрларни айтмоқчиман...

Пленум бошланди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят ташкилотлари ҳамда депутатлик тузилмалари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган устувор ижтимоий масалалар, партия Ҳаракат дастурида 2014 йил учун мўлжалланган вазифаларни амалга ошириш йўллари ҳақида фикр алмашилди.

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Шерали Умаров партиянинг ўтган йилги фаолиятини танқидий таҳлил этди ва навбатдаги энг муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди.

— Жорий йилда фаолиятимизни мутлақо янгича асосда ташкил этишимиз талаб этилмоқда, — деди вилоят партия кенгаши раиси. — Партия дастурий мақсадларини бажариш бўйича ўтган йилда амалга оширган ишларимизни етарли дея олмаймиз. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаландик, деб ҳам хотиржамликка берилишимизга ҳаққимиз йўқ. Бугунги кун талаби электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишларимизни янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилмоқда. Электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни партия ташкилотларимиз ва депутатларимиз мониторинг қилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаётий таклифларни илгари суриш кундалик вазифамиз ҳисобланмоғи керак.

— Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 14 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 109 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият юритмоқда, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Тошниёз Боймуродов. — Кўриниб турибдики, бошқа сиёсий кучларга қараганда, биз катта имкониятга эгамиз. Ўтган йили халқ депутатлари Навоий ва Зарафшон шаҳри, Хатирчи туманидаги партия гуруҳларимиз ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатига бевосита қаратилган масалаларни сессиялар муҳокамасига киритишди. Жорий йилда фаолиятимиз самарасини янада ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳимизнинг туман партия кенгашлари билан ҳамкорлигини кучайтиришимиз лозим.

— Сиёсий партия фаолиятининг асосий йўналиши ўз дастурида белгиланган ғояларни амалга ошириш орқали мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида электорати манфаатини янада самарали ҳимоя қилишдир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Кейинги йилларда сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, вакиллик ҳокимияти, сиёсий партияларга берилаётган янги ваколатларнинг замирида сиёсий кучларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, масъулиятини кучайтириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш каби мақсадлар ётибди. Демак, бугунги куннинг ўзи партиямиз ва унинг барча даражадаги депутатларидан ўтган даврдаги фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилиш йўлида қатъият кўрсатишни  талаб этмоқда.

Пленумда Лола Собирова ва Баҳодир Қосимов юқоридаги таклифларини ўртага ташлашди. Шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Рўзимуҳаммад Хонназаров, Навбаҳор туманидаги 16-мактаб директори, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Хайринисо Ёдгорова, «Фаол аёллар» қаноти Конимех туман бўлими етакчиси Муҳаррам Ўткилбаева, вилоят ахборот-кутубхона марказидаги бошланғич партия ташкилоти раиси Жамила Бобомуродова сўзга чиқиб, «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ЎзХДП ташкилотлари, депутатлик тузилмаларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пленум якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.