22.04.2014

СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ ҒОЯЛАРИ

партиямиз Сайловолди дастури билан ҳамоҳанг. Шу боис унинг ижросини таъминлашда фаол иштирок этмоғимиз зарур.

«Мен пленумда шунчаки қатнашгани келмадим. «Истиқбол» ёшлар қаноти партиянинг муҳим бўғини саналади. Партия сафидаги ёшлар ташаббускор ва фаол бўлса, партия янгиланиб, янада кучайиб бораверади. Шу боис пленумда фаолиятимизни ривожлантиришга доир таклифларимни билдирмоқчиман».

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгашининг Х пленумига иштирокчиларнинг аксарияти «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Хайрулла Илҳомов сингари ўз таклифлари билан келганди. Чунки пленум давомида сўз сўраганлар кўп бўлди. Ҳар бирининг аниқ фикри, таклифи бор...

Пленум кун тартибига вилоят партия ташкилоти ва депутатлик гуруҳларининг партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини янада такомиллаштириш, Соғлом бола йили муносабати билан вилоят партия кенгашининг Ҳаракат дастурига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ва бошқа долзарб масалалар қўйилди.

— Бугунги ислоҳотлар ва тараққиётнинг ҳозирги босқичи фаолиятимизни яна бир бор танқидий муҳокама этиб, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини сезиларли даражада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Бу борада, айниқса, партия фаоллари ва депутатлар электорат манфаатларини тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориши ҳамда аниқ ташаббуслар билан чиқиши муҳим аҳамиятга эга. Биз халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларининг назорат фаолияти, депутатлик сўрови институти имкониятларидан янада кенг фойдаланишимиз, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитувини изчил ташкил қилиш ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари сессияси ва доимий комиссиялари йиғилишлари муҳокамасига кўпроқ масала киритишга интилишимиз талаб этилади.

ЎзХДП вилоят кенгаши раҳбарининг таъкидлашича, ўтган йили халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан жойларда учраётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 дан ортиқ депутатлик сўрови давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими раҳбарларига юборилди. Шунингдек, электорат манфаати ҳимоясига қаратилган 16 та масала доимий комиссияларда, 1 та масала эса сессия муҳокамасига киритилди. Бундан ташқари, Жамоатчилик қабулхоналарига 700 га яқин мурожаат тушган. Уларнинг 87 фоизи ижобий ҳал этилган.

Аммо вилоят партия ташкилоти етакчиси бу ишлар хотиржамликка тушишга асос бўлолмаслиги, электорат манфаати билан боғлиқ масалаларда янада фаоллик кўрсатиш лозимлигини таъкидлаб, бугунги долзарб вазифалар ҳақида тўхталди. Сўзга чиққанлар амалий ишларни янада кўпайтириш, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Зулфия ЗОКИРОВА, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири:

— «Соғлом бола йили» ғоялари партиямиз Сайловолди дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанглиги зиммамизга катта масъулият юклайди. Давлат дастури ижросини назорат қилиш билан биргаликда унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишимиз зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилда болаларни жисмоний жиҳатдан чиниқтириш, бўш вақтини фойдали машғулотларга жалб этиш мақсадида спорт мактаблари моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Биз шу жараёнда юзага келаётган муаммоларни ўрганиб, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига олиб чиқишимиз зарур. Янгийўл туман Кенгашидаги депутатларимиз болалар спортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқишди. Натижада баъзи муаммолар борлиги маълум бўлди. Бу муаммони туман Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқиш ва сессия кун тартибига киритиш режалаштирилган. Ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгаши, депутатлик гуруҳи шу каби амалий ишларга асосий эътиборни қаратиши керак, деб ўйлайман.

Рихси БЕКБЎТАЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Чирчиқ шаҳар бўлими етакчиси:

— Мен «Соғлом бола йили» Давлат дастуридан келиб чиқадиган вазифаларимизни амалга оширишда маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла маслаҳатчилари билан ҳамкорликни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Партия Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган «Хотин-қизларнинг ҳуқуқий-тиббий маданиятини ошириш», «Соғлом бола соғлом оилада камол топади» ва «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» мавзуларидаги лойиҳаларни ҳам мана шу ҳамкорлик доирасида давом эттириш яхши самара беради, албатта.

Шуни ҳам айтиш керакки, хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар фарзандларига берилаётган нафақаларнинг манзилли ажратилишини ўрганиш ва юзага келаётган камчиликларни депутатлик гуруҳлари томонидан бартараф этиш мақсадида мониторинг ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Пленум давомида «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Хайрулла Илҳомов олис ҳудудлардаги ёшларни сиёсий фаолликка янада кенгроқ жалб этиш, «Ёшлар саломатлиги ва никоҳ» лойиҳаси доирасидаги тадбирларни жонли учрашувлар асосида ўтказиш, «Бўлғуси депутат» клубини ташкил этиш каби таклифларни билдирди. Шунингдек, пленумда Бўка туманидаги «Ёқутхон-Саид» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати Саидислом Сайдуллаев депутатларга берилган ваколатлардан унумли ва самарали фойдаланиш, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари» бўйича ўринбосари Юлдуз Эшонова эса аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган ишларни янада кучайтириш, Чиноз туман партия кенгаши раиси Фарҳод Ибрагимов ижтимоий ҳимоя масаласида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр билдиришди.

Музокаралар чоғида электоратнинг асосий ижтимоий гуруҳлари орасида партия сиёсий позицияси ва дастурий мақсадларини тушунтиришни изчил давом эттириш, ижтимоий-сиёсий тадбирлар аудиториясини кенгайтириш лозимлиги таклиф этилди. Шунингдек, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд кишиларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш орқали оилалар фаровонлигини таъминлаш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишларни мониторинг қилиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Пленум муҳокама этган барча масалалар юзасидан қарорлар қабул қилди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.