22.04.2014

ПАРЛАМЕНТ ЭШИТУВИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА

Аввал хабар қилганимиздек, 2014 йилнинг 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган мажлисида депутатларнинг сайлов округида олиб борган фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинган эди.

Хусусан, мажлисда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, кейинги йиллар учун бандлик дастурларини ишлаб чиқиш механизми ва услубларини янада такомиллаштириш мақсадида парламент эшитуви ўтказиш таклифи илгари сурилган эди.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фракция аъзолари, партия фаоллари, экспертлар ва мутахассислардан иборат ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳининг парламент эшитувини ўтказиш тўғрисидаги масала муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Абдуғаффор ҚИРўИЗБОЕВ, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Таъкидлаш лозимки, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш вазифаси давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилган. Коллежларнинг иш берувчи корхоналар билан кооперация алоқаларининг турли шаклларидан кенг фойдаланаётгани, бу масалага туман ва шаҳар жамоатчилиги фаол жалб этилаётгани мазкур вазифа ижросида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олий Мажлис томонидан қабул қилинган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида 2014 йилда 980 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари олдига дастур параметрлари сўзсиз бажарилиши, шунингдек, «корхона-коллеж» алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва шу асосда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш учун мавжуд захираларни сафарбар этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилган.

Парламент эшитувининг ташкил этилиши касб-ҳунар эгаллаётган ёшларни иш билан тўлиқ таъминлашда масъулиятни янада кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисодиёт ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини касбига мувофиқ ишлаб чиқариш амалиётини корхона, ташкилотларда ташкил этиш ҳамда бандлиги бўйича аниқ йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Касб-ҳунар коллежлари куни» деб эълон қилиниб, маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари жойлардаги касб-ҳунар коллежлари муаммолари билан яқиндан танишиши ва юзага келган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриши белгилаб қўйилган. Шу асосда битирувчилар амалиётини самарали ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш сифатини кўтаришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаяпти.

Касб-ҳунар коллежларининг ҳар бир битирувчиси бандлиги бўйича номма-ном маълумотлар махсус электрон базаси компьютер дастури ёрдамида таҳлил қилинмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича махсус гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар бу борада қилинаётган ишларни янада такомиллаштириб бориш заруратини кўрсатди.

Мажлисда таъкидландики, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш юзасидан эришилаётган ютуқлар билан бирга, ушбу ишлар янада самарали бажарилишига тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Шунинг учун 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга доир кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш лозим бўлади.

Мажлис якунида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш масаласини жойларда янада чуқурроқ ўрганиш, мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан партиянинг таклифларини шакллантириш, тайёрланган таҳлилий материаллар асосида парламент эшитувини ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Ўз мухбиримиз



DB query error.
Please try later.