22.04.2014

МАҚСАД — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИГА ЭРИШИШ

қонунларнинг ижро механизмини такомиллаштиришдир

Мамлакатимизда қабул қилинаётган янги қонунларга асосан ҳаётимиз ва фаолиятимизга демократик тамойиллар тобора чуқурроқ жорий этилмоқда.

Кимё ШОКИРОВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси

Бунга кўплаб мисол келтириш мумкин. Биргина ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан вакиллик ҳокимияти, депутатлик назоратининг кучайтирилиши кучли фуқаролик жамиятига ўтишнинг самарали механизмини яратиб бермоқда. Демак, биз бу имкониятлардан фойдаланиб, вакиллик ҳокимиятининг ҳудудий ривожланишга, ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ҳал этилишига таъсирини янада кучайтиришимиз зарур.

Бу жараёнда Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз зиммасига катта масъулият юкланади. Шундай экан, ҳар бир депутат буни чуқур англаши, партия гуруҳи ишини мутлақо янгича асосда, замонавий усулларда ташкил этиши, депутатлик назоратини тизимли олиб бориши талаб этилади.

Қонунлар ва давлат дастурларини ижро этишда маҳаллий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида юзага келган муаммо, камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этишга кўмак беришда депутат назорати катта аҳамиятга эгалиги тажрибадан яхши маълум. Депутатлик сўрови депутатлик назоратининг энг таъсирчан шаклларидан биридир. Шу боис биз депутатлик сўровларида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга, камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Масалан, ўтган йили халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари аҳоли мурожаатлари асосида тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига жами 62 та депутатлик сўрови юборди.

Менинг назаримда, ижро ҳокимияти фаолияти устидан депутатлик назоратини жамоатчилик назорати билан уйғун олиб бориш мақсадга мувофиқдир. Чунки, бу жараёнда депутатлар аҳоли қандай муаммоларга дуч келаётгани, қонунлар қандай ишлаётгани билан бирга, жамиятда қандай қонунларга эҳтиёж борлиги ёки амалдаги қайси қонунга қандай ўзгартиш ва қўшимча киритиш зарурлиги ҳақида таклифлар олади. Шунингдек, бу ижро ҳокимиятининг жавобгарлигини ошириш, зиммасидаги вазифаларни самарали адо этишга ундайди.

Депутатлик назоратининг яна бир кўриниши — давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг ҳисоботини эшитишдир. Бу депутатлик гуруҳи, доимий комиссиялар йиғилишлари ва сессияларда амалга оширилади. Бу борада бизда яхши тажриба бор. Хусусан, ўтган йили халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан қатор масалаларда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан Миробод, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туман ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди. Партия гуруҳимиз йиғилишида «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги масала юзасидан Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тингланди. Уларда электоратимиз дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.

Шу ўринда айтиш жоизки, депутатлик назоратини олиб боришдан мақсад кимнингдир ишини тафтиш қилиш эмас. Мақсад — жамиятда қонун устуворлигига эришиш, қонунлар ижро механизмини такомиллаштириш, қонунларга ҳаёт талаб этаётган, тараққиёт учун йўл очадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат.

Қонунлар жойларда сўзсиз ижро этилсагина одамларнинг ўзига, мамлакат келажагига ишончи мустаҳкамланади, фуқаролар унга таяниб яшайди, ҳар ким ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун курашади. Бундан давлат ҳам, жамият ҳам бирдек манфаатдор бўлади.



DB query error.
Please try later.