22.04.2014

НАФОСАТ МАЛИКАЛАРИ

ўзбек спорти шуҳратини дунёга таратмоқда

Куала-Лумпур (Малайзия)да бадиий гимнастика бўйича ўтказилган XIII Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз муваффақиятли қатнашди. Нуфузли мусобақада спортчиларимиз 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўладиган II Бутунжаҳон ўсмирлар Олимпия ўйинларига энг кўп — еттита йўлланмани қўлга киритди.

Чемпионатнинг кўпкураш баҳсларида иқтидорли спортчимиз Анора Давлатова кумуш медаль ва олимпия йўлланмаси билан тақдирланди.

Гуруҳ баҳсларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Комилабону Рустамова, Сабрина Рамазанова, Гўзал Райманова, Ирина Салех, Карина Тоғаева, Фарангиз Аҳмедова беллашувлар якунига кўра, олтин медаль ва олимпия йўлланмасини қўлга киритди. Жамоавий баҳсларда муносиб қатнашган қизларимиз Жасмин Юсупова, Анора Давлатова ҳамда Нилуфар Шомуродоваларнинг чиқишлари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди, улар ҳам олтин медалга сазовор бўлдилар.

— Юртимизда болалар спортини, жумладан, унинг нафис турларини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик натижасида бадиий гимнастика қизлар орасида тобора оммалашиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Талия Абдураманова. — Бунда, айниқса, Ўзбекистон гимнастика федерацияси ва Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг амалий ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этаётир. Ҳозирда мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам халқаро талабларга мос замонавий спорт иншоотлари барпо этилган. Ҳар бир мактабда, жумладан, қишлоқ мактабларида ҳам турли спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан Самарқанддаги гимнастика мактаби реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Шунингдек, гимнастика бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах ва Навоий ҳудудий базасига махсус гиламлар тақдим этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг қарийб барча шаҳар ва туманларида федерация бўлимлари, кўплаб бадиий гимнастика марказлари ишлаб турибди. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида вилоят ва туманларда вақтинчалик бўш турган маъмурий бинолар таъмирланиб, уларда бадиий гимнастика марказлари ташкил этилган. Бундан ташқари, ўндан зиёд спорт иншоотида бадиий гимнастика заллари фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ўн-ўн беш йил илгари мамлакат терма жамоаси таркибини асосан пойтахтлик қизлар ташкил этарди. Бугун миллий терма жамоа таркибининг катта қисми ҳудудий, жумладан, қишлоқ гимнастика мактабларидан саралаб олинган қизлардан иборат.

Буларнинг барчаси, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва яратилаётган кенг шароитлар самарасидир.

Малайзияда қўлга киритилган муваффақият жойларда бадиий гимнастикани ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларимизнинг тўғри ташкил этилаётганлигини яна бир бор исботлади. Лекин ушбу ютуқларимиз билан чекланиб қолишимиз керак эмас. Янги-янги истеъдодларни кашф этиш, излаб топиш бизнинг ҳар доимги вазифамиз. Бунинг учун кўпроқ изланишимиз, кўплаб турнирлар, мусобақалар уюштиришимиз талаб қилинади. Шу мақсадда яқинда Ўзбекистон гимнастика федерацияси кубоги учун саралаш мусобақалари ўтказилди. Бундан ташқари, йил давомида ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон кубоги, «Олимпия умидлари» болалар турнири каби олтита республика мусобақаси, иккита халқаро турнир ўтказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, бадиий гимнастика бўйича Наманганда «Баркамол авлод» спорт ўйинларининг финал босқичи бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси эса кузда Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўладиган ёзги Осиё ўйинларида иштирок қилади. Бу спорт байрамида биз фақат медаллар учун курашамиз ва Ўзбекистон бадиий гимнастикаси нуфузини янада оширишга ҳаракат қиламиз.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.