19.04.2014

ВАКОЛАТ КЕНГАЙГАНИ САРИ МАСЪУЛИЯТ ҲАМ ОШАДИ

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши пленумида бу фикр алоҳида таъкидланди

Пленум жонли фикр алмашув асосида ўтди. Аввало, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Саида Жўраева партия ташкилотлари ҳамда депутатлик тузилмаларининг ўтган йилги фаолиятини чуқур таҳлил этди, олдинда турган устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.

— Сиёсий партия ўз электорати манфаатини вакиллик ҳокимиятига сайланган депутатлари орқали ҳимоя қилади, — деди у. — Сессия, доимий комиссиялар кун тартибига турли ижтимоий масалаларни киритиш йўли билан аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами ҳаётини яхшилашга таъсир кўрсатиш ҳақида гап борар экан, ўтган йили Бухоро шаҳар, Шофиркон, Вобкент, Қоровулбозор, Қоракўл, Жондор, Ромитан туманларида партиямиз депутатлари ташаббуси билан ҳудудлардаги кўпгина муаммолар ҳал этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўтган йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатларимиз турли масалаларда 82 маротаба тегишли ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилган. Эътибор беринг, шунинг 56 таси электоратимиз манфаатига бевосита алоқадор қонунларнинг ижро этилиши билан боғлиқ. Ҳозирги кунда ушбу сўровлар натижалари бўйича тўпланган маълумотларнинг чуқур таҳлили асосида мансабдор шахсларнинг сессияларда эшитувини ташкил этиш юзасидан қатор ишларни амалга оширишимиз лозим бўлади.

Пленумда қайд этилдики, «Соғлом бола йили» Давлат дастури жойларда изчил амалга оширилиши ЎзХДП дастурий мақсадлари рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутади. Демак, дастур ижросини назорат қилиш ҳамда унда белгиланган вазифалар бажарилишида фаол қатнашиш катта масъулият талаб этади. Айниқса, бу жараёнда «Фаол аёллар» қанотининг муносиб ўрни бўлиши керак. Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Шоҳиста Набиева бу мавзуга батафсил тўхталди.

— Партиямиз Дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратилган, — деди у. — Соғлом боланинг дунёга келиши кўп жиҳатдан оналарга боғлиқ. Шу сабабли ҳам «Фаол аёллар» қаноти, аввало, никоҳга кираётган шахсларнинг тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларини таъминлаш, бу борада қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши юзасидан депутатларимиз билан ҳамкорликда назорат-таҳлил олиб бориши зарур. Унинг натижаларини муҳокама этиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли идоралар олдига аниқ вазифалар қўйсак, табиийки, бу ишимизнинг самараси ошишига хизмат қилади.

Депутатлик корпусининг ишини самарали ташкил этиш партия Сайловолди дастури амалга ошишининг муҳим кафолатидир. Бу борада ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши катта тажриба тўплаган. Шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Робия Козимова бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ўтган йили 4 та масалани халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши сессиялари муҳокамасига олиб чиқдик, — деди у. — Битта мисол айтадиган бўлсам, биз шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўргандик. Уларнинг моддий-техник базаси, болаларга яратилган шарт-шароитлар, айниқса, овқатланиш, таълим-тарбия ишлари қай даражада олиб борилаётганини мониторинг қилдик. Унинг натижаларини депутатлик гуруҳида муҳокама қилиб, кейин тегишли доимий комиссия мажлиси ва сессия муҳокамасига киритдик. Йўл қўйилаётган камчиликлар сессияда очиқ муҳокама қилинди. Натижада мактабгача таълим муассасаси мудираларидан 19 нафари вазифасидан четлаштирилди ва энг муҳими, болалар учун муносиб шарт-шароитлар яратилди. Айни пайтда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, она ва бола марказида амалга оширилаётган ишлар, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги масалани ўрганяпмиз. Унинг натижаларини ҳам сессия муҳокамасига олиб чиқамиз.

Агар бир ишни қатъият билан бошласак ва электоратимизни ташвишга солаётган муаммоларни ҳеч кимдан тап тортмасдан кўтариб чиқаверсак, албатта, бу ўзининг катта натижасини беради.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Рўзимуҳаммад Хонназаров яқинда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун асосида партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини янги босқичга кўтариш масалалари ҳақида тўхталди.

— Ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, вакиллик ҳокимиятининг таъсирини кучайтириш ислоҳотларни чуқурлаштиришда энг самарали йўл экани ривожланган мамлакатлар тажрибасида исботланган, — деди у. — Конституциянинг 103-моддасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши ҳақидаги тузатишлар киритилди. Бу ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан депутатлик назорати бўйича имкониятларимизни сезиларли даражада оширади. Ҳоким ҳисоботлар тақдим этаётганда партия гуруҳларимиз маҳаллий ижро ҳокимиятининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги энг муҳим вазифаларни амалга оширишдаги фаолиятига нисбатан ўз позицияларини аниқ белгилаш имкониятига эга бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу қонун партиямиз ва унинг депутатлик тузилмалари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши керак. Қонун билан берилаётган ҳуқуқлардан қай даражада фойдаланиш эса ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик гуруҳининг ўзига боғлиқ.

Шунингдек, пленумда вилоят партия кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Лазиз Боймуродов, Бухоро тиббиёт институти қошидаги ўиждувон академик лицейи директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зебо Абдуллаева, ЎзХДП Шофиркон, Қоровулбозор, Олот туман кенгашлари раислари Баҳром Неъматов, Юсуф Раҳматуллаев Хуршид Неъматовлар сўзга чиқдилар. Улар партия тизимида ёшлар билан ишлаш, депутатлар ташаббускорлигини ошириш, бошланғич ташкилотлар ишини кучайтириш каби масалалар юзасидан эътиборли таклифларни ўртага ташлашди.

Пленумда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.