Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.04.2014

МАСЪУЛИЯТНИ БИРИНЧИ НАВБАТДА ҲЗИМИЗДАН ТАЛАБ ЭТАЙЛИК

шунда ишимизнинг аниқ натижаси бўлади

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгашининг ХI пленумида партия фаоллари шундай масалани ўртага қўйишди. Ҳақиқатан ҳам электорат манфаати учун курашаётган партия ташкилотлари етакчилари, депутатлар электорат олдидаги масъулиятни, аввало, ўзлари чуқур ҳис этиб, ишни шу асосда ташкил этса, одамларнинг партияга ишончи ортиб бораверади.

Пленумда партия ташкилотлари ва маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги гуруҳларининг дастурий мақсад ва вазифаларни бажаришдаги фаоллигини ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишларни янада такомиллаштириш масаласи кун тартибидан ўрин олди. Сўзга чиққанлар асосий эътиборни шунчаки ҳисобот беришга эмас, жойлардаги муаммолар, уларнинг ечимида депутатлар иштироки қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифларга қаратишди.

Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, алоҳида қўллаб-қувватлаш ва ёрдамга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш каби вазифалар ижросига алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Пленумда партия кенгашларининг қўшимча иш ўринлари ташкил этиш борасидаги ташаббусларини янада кучайтириш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш муҳим вазифа экани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш биз учун муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга масаладир, — дейди ЎзХДП Жарқўрғон туман кенгаши раиси Алишер Маматмуродов. — Ўтган йили вилоят ва туман партия кенгашлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларни таълимга жалб қилиш борасидаги камчиликлар аниқланган эди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса ЎзХДП Жарқўрғон туман кенгаши томонидан 8 та касб-ҳунар коллежида мониторинг олиб борилди. Тўғри, ижобий натижаларга эришилган. Аммо ечимини кутаётган муаммолар борлигидан кўз юммаслик керак. Айрим таълим муассасаларида ўқувчиларнинг 50-60 фоизигина машғулотларда қатнашмоқда. Биз, аввало, шу муаммони ҳал этишга эришмасак, битирувчиларни тўлиқ иш билан таъминлаш масаласи қийин бўлиб қолаверади.

Шунингдек, пленумда айрим партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти қаттиқ танқид остига олинди. Алоҳида қайд этилдики, партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, оммавий-сиёсий тадбирларни янада жонлантириш, электоратнинг сиёсий билим ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида камчиликлар оз эмас. Айрим бошланғич партия ташкилотларида ўқувлар ташкил қилишга туман партия кенгашлари масъулият билан ёндашмаяпти. Ўтказилаётган ижтимоий-сиёсий тадбирлар даражасини, савиясини кўтариш, партия дастурий ғоялари асосида тадбирлар мазмунини бойитиш устувор вазифа бўлиши кераклиги уқтирилди.

— Маълумки, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий партиялар фаолиятини кучайтириш бўйича долзарб масалаларни ўртага қўйди, — деди пленумда сўзга чиққан ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Шуни чуқур тушуниб олишимиз керакки, давр ўзи олдимизга қўяётган талаб кундан-кунга ортиб боряпти. Шунинг учун ҳар бир партия ташкилоти, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиши ҳамда жорий йилда амалий натижаларга эришиш имкониятларидан самарали фойдаланиши лозим. Бу борада аҳоли фаровонлигини, унинг реал даромадларини ошириш, бандлик масаласини ечиш, давлат томонидан бериладиган аниқ манзилли ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш каби вазифалар эътиборимиз марказида бўлиши керак. Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, биз бу ишлардан жуда манфаатдормиз.

— Бошланғич ташкилотлар партиянинг асосий таянчи ва суянчидир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Шундай экан, аввало, қуйи бўғинни мустаҳкамлаш, фаоллигини ошириш чора-тадбирларини кўриш кундалик фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланиши керак. Бу масалага лоқайд бўлсак, юксак натижаларга эриша олмаймиз. Чунки бошланғич ташкилотлар кучли бўлса, партия ҳам, шубҳасиз, кучли бўлади. Демак, бор куч ва имкониятни сарфлаб, БПТни турли ижтимоий масалаларни чуқур ўрганиб, туман, шаҳар партия кенгашлари, депутатлик корпуси олдига вазифалар қўя оладиган даражага олиб чиқсак, партиямиз дастурий мақсадлари амалга ошишининг механизми янада такомиллашган бўлади.

Шунингдек, пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саидвали Аҳмедов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги устувор вазифалар ҳақида мулоҳаза юритишди. Очиқ, ошкора ва танқидий руҳда ўтган пленумда барча масалалар атрофлича муҳокама этилди. Муаммоларни бартараф этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.