19.04.2014

ПАРТИЯНИНГ ЕТАКЧИ КУЧИ

«Фарғонаазот» очиқ акциядорлик жамиятининг парсув тайёрлаш цехи ишчиси Абдумажид Тўхлиев ЎзХДП бошланғич ташкилоти раиси Ҳурматилло Йўлдошевга партияга аъзо бўлишга қарор қилганини айтди.

— Мен тўртта сиёсий партиянинг дастурлари, корхонамиздаги бошланғич ташкилотлари фаолияти билан танишдим ва ўзим учун ЎзХДПни танладим, — деди Абдумажид. — Чунки бу партия Дастуридаги мақсадлар, айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган вазифалар  менинг дунёқарашимга жуда яқин экан.

БПТ раиси Абдумажидга ЎзХДП Уставини, керакли қўлланмаларни берди ва партия нашри «Ўзбекистон овози» газетасини мунтазам ўқиб боришни, ўз қарори хусусида яна бир бор ўйлаб кўришни тавсия қилди. Агар фикрида қатъий қолса, аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилишини билдирди.

— Биз учун партия аъзоларининг фақат сони муҳим эмас, улар ғояларимизга қанчалар содиқлиги асосий мезон бўлиши керак, — дейди Ҳурматилло Йўлдошев. — Шунинг учун янги аъзоларни сафимизга қабул қилишда шошма-шошарликка йўл қўймасдан, уларни маълум синовлардан ўтказиб, кейин бир қарорга келамиз.

«Фарғонаазот» ОАЖдаги ЎзХДП бошлағнич ташкилоти 545 нафар аъзони бирлаштирган. Уларнинг ярмидан Ортиғи ёшлар.

Бунинг сабабларидан бири БПТ қошидаги «Истиқбол» ёшлар қаноти корхона ёш ходимларини сиёсий жараёнларга жалб этишнинг ранг-баранг усулларидан фойдаланиб келаётгани, долзарб мавзуларда баҳс-мунозара, давра суҳбатлари ўтказилаётгани, ёшлар орасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганидир.

— 2013 йилда ёшлардан 14 нафари сафимизга қўшилди, — дейди техника бўлими мутахассиси, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли ўуломқодир Арапов. — Бу йилнинг биринчи чорагидаёқ яна 15 нафар тенгдошларимизга ЎзХДП аъзолик гувоҳномалари топширилди.

— Ёшларнинг мамлакатимиз келажагига бефарқ эмаслиги, айниқса, сиёсий партиялар фаолияти, турли масалалар юзасидан ўз фикр-муносабатларини билдириб, фаоллик кўрсатаётганлари қувонарлидир, — дейди Ҳурматилло Йўлдошев. — Шунинг учун ҳам биз халқ депутатлари Фарғона шаҳар ва вилоят Кенгашларига улар кўпроқ депутат этиб сайланишини истаймиз ва бунга ҳаракат қиламиз. Жамоамизда турли мавзуларда учрашув, давра суҳбатлари уюштиряпмиз. Унда ёш сиёсатчилар мамлакатимизда рўй бераётган воқеликлар, қонунлар ижроси, партия дастурий вазифалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этяптилар.

Дарҳақиқат, партия фаолиятида юқори натижаларга эришишнинг омиллари кўп ва улардан бири бу БПТлардир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида бошланғич партия ташкилотлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш мавзусига бағишлаб ўтказган семинар-тренингда бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Партия етакчилари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, БПТ раислари, партия фаоллари «Фарғонаазот» ОАЖдаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти тажрибасини оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Семинар-тренингда бошланғич партия ташкилотларининг ташкилий тузилмасини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий функцияларини самарали амалга ошириши учун уларни қўллаб-қувватлаш, партиянинг туман-шаҳар кенгашлари томонидан бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини бошқаришга оид масалалар юзасидан маърузалар қилинди.

— Бошланғич ташкилотлар партия ўз электорати, депутатларимиз ўз сайловчилари билан самарали ишлашини ташкил этишда энг яхши механизмдир, — деди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари Дилбархон Мамажонова. — Электоратнинг ижтимоий таркибини, муаммоларини ўрганиш бошланғич ташкилотлар зиммасига юкланади. Бундай маълумотлар партия учун дастурий ҳужжатларини янгилаб бориш, партиянинг стратегияси ва тактикасини белгилашда, айниқса, зарур бўлади.

Сўзга чиққанлар бошланғич ташкилотларни методик ва консультатив ҳужжатлар билан таъминлаш масалаларига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек, бошланғич партия ташкилотларини ёш, ташаббускор ва замонавий фикрловчи фаоллар билан мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар-тренинг иштирокчилари кичик гуруҳларда интерфаол усулдаги амалий машғулотларда қатнашдилар.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.