17.04.2014

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ

партиямиз маҳаллий кенгашлари, айниқса, бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилса, янада самарали бўлади

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги пленуми ўтказилиши ҳақидаги хабарни эшитгач, шаҳар партия кенгаши билан боғландик. Пленумда қандай масала кўрилиши билан қизиқдик. Маълум бўлишича, унда «ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳининг электорат манфаатларига жавоб берадиган дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича ишларини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги масала муҳокама этилади. Бугун даврнинг ўзи сиёсий партиялардан улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлишни талаб қилаётганлигини ҳисобга олсак, мавзунинг аҳамияти янада ойдинлашади.

Пленум муҳокамасига қўйилган масала долзарб бўлгани боис дастлаб шаҳар партия кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги гуруҳи томонидан олиб борилган амалий ишлар билан танишдик.

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Маргарита Аҳмедбекованинг маълумот беришича, пойтахтимизда партиямизнинг 34 минг нафарга яқин аъзоси бор. Ўтган йили қатор туманларда ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижросига бағишланган амалий семинарлар ташкил этилди. Масалан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда аниқ инвестицион дастурларни шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этишда халқ депутатлар Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг иштирокини таъминлаш» мавзусида ўтказилган амалий семинар натижасида 15 та тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва кенгайтириш ҳисобига икки юздан зиёд янги иш ўрни яратилган. Мирзо Улуғбек туманида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига бағишланган семинарда ҳам қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бундан ташқари, ЎзХДП Тошкент шаҳар, туманлар ва «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгашлари томонидан ўтган йили 1700 дан ортиқ сиёсий машғулот ташкил этилди. Бу тадбирларнинг ҳаммаси ўз самарасини бермоқда.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўтган йили депутатларимиз ташаббуси билан 5 та масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг сессиясига олиб чиқилди,  — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Кимё Шокирова. — Хусусан, «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш юзасидан устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Миробод, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туман ҳокимларининг ҳисоботлари тўғрисида»ги масалалар сессия кун тартибига киритилиб, муҳокама этилди ва туман ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди.

Пленум бошланди... Анжуман шунчаки маърузалардан иборат бўлмади, балки қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозара, фикр-мулоҳазалар асосида давом этди. Дастлаб партия кенгашлари ва гуруҳининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил этилди. Яхши тажрибаларни оммалаштириш бўйича таклифлар билдирилди, электорат манфаатларига қаратилган амалий ишларни янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Алоҳида қайд этилдики, жойларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтириш бугунги куннинг талаби. Ҳудудий ривожланиш дастурлари юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенг йўлга қўйиш зарур. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар  ижроси бўйича барча бирдек масъул экани, айниқса, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида ва манзилли кўрсатиш борасида маҳалла ва бошқа жамоат тузилмалари билан ҳамкорликда назоратни янада кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Пленумда партия ташкилотлари ва гуруҳи олдида турган навбатдаги вазифалар ижроси бўйича қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Рўзибек Тўраев партия гуруҳи манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ қарорлар ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатишда бошланғич ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиши лозим, деган таклиф билан чиқди.

— Назорат-таҳлил тартибида ўрганиладиган ҳар бир масала учун, албатта, ишчи гуруҳи тузилиши ҳамда унинг иш режаси бўлиши, мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш мунтазам равишда олиб борилиши керак, — деди у.  

— Тўғри масалани кўтардингиз, — дея фикрга қўшилди Чилонзор туман партия кенгаши раиси Рашид Муҳиддинов. — Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, жорий йилда олдимизда турган вазифалар ўз вақтида бажарилиши бевосита жамоатчилик ва депутатлик назорати кучайиши билан боғлиқ. Гап шу ҳақда кетганда бир таклиф айтмоқчиман. Доимий комиссиялар ва сессиялар қарорлари ижроси устидан мунтазам ва талабчанлик билан назорат олиб бориш керак. Мана, масалан, битта долзарб масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Энди шу масала юзасидан қабул қилинган қарор пойтахтимизда қандай ижро этилмоқда, аҳоли томонидан бу борада эътирозлар бўлмаяптими? Мана шу каби саволларга жавоб топиш учун электорат вакиллари билан учрашувларни изчил йўлга қўйиш керак.

Кўриб чиқилган барча масалалар, билдирилган таклифлар асосида пленум сўнггида асосий вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, парламент томонидан тасдиқланган янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида фаол иштирок этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий тадбирлар аудиториясини сезиларли даражада кенгайтириш, партия кенгашлари, депутатлар ва бошланғич ташкилотлар ҳамкорлигини изчил кучайтириб бориш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Пленумда, шунингдек, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева, ЎзХДП Ҳамза туман кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Навбаҳор Маматова ва Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Робия Рўзиевалар сўзга чиқди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.