17.04.2014

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ КЎРИБ ЧИҚИШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ МУМКИН

ЎзХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари шундай хулосага келди

Қонунлар лойиҳаларини такомиллаштиришда сиёсий партиялар фракцияларининг ролини ошириш мақсадида янги, янада самарали механизмларнинг жорий этилиши фракциялар қонун лойиҳаларини нафақат олдиндан кўриб чиқиши, балки дастлабки босқичдаёқ ўзининг аниқ позициясини белгилаб олишида катта имконият яратди.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан масъул қўмита ва фракцияларга дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган эди. ЎзХДП фракциясининг кеча бўлиб ўтган йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Фракция мажлисида таъкидландики, кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ва жиноий жазо тизимини ислоҳ қилиш, жумладан, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоялаш, қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар замонавий жиноят қонунчилигини яратишга имкон бермоқда.

— Жиноий жазонинг мақсади айбдор шахсларга азоб беришдан иборат эмас, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова. — Балки уларни тузатиш, тарбиялаш, соғлом ҳаётга қайтаришдан иборатдир. Шунингдек, жиноий фаолиятни давом эттиришнинг, маҳкумлар ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида жазо қўлланилади. Шундай экан, соҳага оид қонунчиликни ҳам инсонпарварлик тамойиллари асосида янада ривожлантириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шуни назарда тутадиган бўлсак, юқоридаги қонуннинг қабул қилиниши жиноят қонунчилигини янада такомиллаштиришни янги босқичга олиб чиқади, деб ҳисоблайман.

— Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонунчиликда мавжуд айрим зиддиятларни бартараф этиш билан бир қаторда, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларини, жумладан, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигининг нормаларини изчил такомиллаштиришга қаратилган, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Фахриддин Ражабов. — Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, шубҳасиз, жиноий жазоларни либераллаштиришга, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга ҳамда ҳукм қилинган шахслар жамиятдан қатъий ажратилмаган ҳолда тузалишига ёрдам беради.

Йиғилишда депутатлар билдирган фикр-мулоҳазалар асосида фракция қонун лойиҳаси юзасидан ўз позициясини белгилаб олди. Шунингдек, уни партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатлари нуқтаи назаридан янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ЎзХДП фракциясининг ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Фракция ушбу қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилди ва ўз хулосасини масъул қўмитага тақдим этди.

Энди масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида хулоса тақдим этади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: