17.04.2014

ХОТИН-ҚИЗЛАР

ижтимоий-сиёсий фаоллиги партиямизнинг жамиятдаги таъсир кучини оширади

Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси жами аъзоларининг 158 минг нафардан ортиғини аёллар ташкил этади. 2009 йилги сайловлар натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан 8 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларига 43, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 384 нафар хотин-қиз депутат этиб сайланган. Шунинг ўзи ҳам партиямиз тизимида, сиёсат майдонида хотин-қизларнинг муносиб ўрни борлигини кўрсатади.

ЎзХДП Дастури, Сайловолди дастурида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларда иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун кенг йўл очишга кўмаклашиш партиямизнинг эзгу мақсадларидан ҳисобланади.

Партия Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши томонидан Бўстонлиқ туманида ўтказилган сиёсий семинарда шу масалалар муҳокама этилди. Унда партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

— «Соғлом бола йили» Давлат дастурида биринчи навбатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш каби масалалар эътибор марказида бўлгани ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга юксак эътиборнинг амалдаги намойишидир, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Насиба Турғунова. — Айтиш керакки, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш масалалари бизнинг партиямиз учун принципиал аҳамиятга эгадир. Шундай экан, жойларда хотин-қизларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлашда партия фаоллари ва депутатлар билан ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади.

— «Мустаҳкам оила — жамият таянчи» ҳамда «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳалари доирасида ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз бўйича 105 та амалий тадбир ўтказилди, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Доно Рихсиева. — Улар доирасида вақтинча ишсиз кўплаб хотин-қизлар енгил саноат, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида ишга жойлашиши учун кўмаклашилди. Шунингдек, Юқоричирчиқ тумани марказида хотин-қизларнинг маиший шароитларини яхшилашга қаратилган кир ювиш шохобчасини очиш тўғрисидаги таклиф туман ҳокимлигига тақдим этилди. Бундан ташқари, «Оҳангарон туманида тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш тўғрисида»ги масала депутатларимиз ваколатлари асосида туман Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси муҳокамасига киритилди.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов, партиянинг Бўстонлиқ туман кенгаши раиси Олимжон Бобоев, Марказий маҳалласидаги БПТ раиси Нодира Давлетбоева сўзга чиқиб, бу борада амалий ташаббусларни янада кўпайтириш зарурлигини таъкидлашди.

Семинар доирасида аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига қаратилган интерактив машғулот ўтказилди.

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.