17.04.2014

ЎТГАН ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТ ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ

келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди

Хоразм вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленумида сўзга чиққан вилоят кураш федерацияси раиси, халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Раимбой Шержонов айтган фикрлар муҳокамани танқидий ўзанга бурди.

— Бугун партия етакчилари ёки депутатлар «Ундай иш қилдим, бундай иш қилдим, деб мақтаниши эмас, қандай ишларни қилмадим, қайси масалалар эътиборимиздан четда қоляпти?», деб ўзига савол бермоғи, асосий кучни шунга қаратмоғи керак, — деди у.

— Ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини излашда депутатлар ҳар доим олдинда юрса, қатъиятлилик кўрсатсагина ишда силжиш бўлади.

Пленум кун тартибидаги бош масала — партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг дастурий мақсад ва вазифаларни бажариш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини янада такомиллаштириш ҳақида ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Раимберган Сабуров маърузасида бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланди, камчиликларни бартараф этишга қаратилган фикрлар билдирилди.

— Ҳаракат дастурига кўра, партия гуруҳларимиз жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий Кенгашлар сессияларига учта масалани киритиши керак эди, — деди у. — Бу масалалар депутатлик гуруҳларида кўриб чиқилди. Халқ депутатлари Хонқа, Хива, Қўшкўпир ва Боғот туман Кенгашларидаги гуруҳларимиз томонидан ҳам долзарб ижтимоий масалалар ҳар томонлама ўрганилиб, партия электорати манфаати нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинди. Айни кунларда мазкур масалаларни сессиялар кун тартибига киритиш ишлари олиб бориляпти. Масала сессияда муҳокама этилган тақдирда ҳам бу зиммамиздаги масъулиятли вазифани бажариб бўлдик, дегани эмас. Қабул қилинадиган қарорлар сўзсиз ижро этилишига, аниқ натижага эришишимиз лозим. Шундагина кўзланган мақсад амалга ошади, электорат, сайловчилар ишончини оқлаймиз.

— Бугун вилоятимизда жуда улкан миқёсда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, — деди ЎзХДП Шовот туман кенгаши раиси Отажон Қурбонов. — Юзлаб лойиҳалар асосида замонавий саноат корхоналари барпо этилиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Бу жараёнда партия фаоллари ва депутатларимиз муносиб иштирок этиши талаб қилинади. Яъни ташкил этилаётган иш ўринларининг барқарорлиги, давлат дастури самарали ижро этилиши, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли, манзилли сарфланиши депутатларимизнинг қатъий назоратида бўлиши керак. Бу борада ҳар бир ҳудудда аниқ йўналишлар бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов, «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими фаоли, Урганч давлат университети талабаси Санъатбек Тожимуродов ҳам сўзга чиқиб, ижтимоий масалаларни изчил ўрганиш ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан вакиллик ҳокимияти муҳокамасига таклифлар киритиш, ижро ҳокимияти органлари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қўйиш ишларини кучайтириш, ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга устувор эътибор қаратиш  зарурлигини таъкидлашди.

Пленумда, шунингдек, «Соғлом бола йили» Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда вилоят кенгашининг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига қўшимчалар киритилди, ўтган йилги бюджет кўрсаткичлари таҳлил этилди, 2014 йил бюджети тасдиқланди.

Пленумда вилоят партия кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳининг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида келгуси фаолият йўналишлари белгилаб олинди.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.