17.04.2014

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ СИЁСАТ ВА АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИ

Маълумки, мамлакатимиз мустақил ривожланиш йўлига ўтган дастлабки пайтдаги қийинчиликлар асосан экспорт таркибининг хомашёдан иборатлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари импортига қарамлилик даражасининг юқорилиги каби ташқи савдо балансидаги номутаносибликлар билан боғлиқ эди.

Истиқлол йилларида экспорт ва импорт таркиби тубдан ўзгарди. Экспортнинг товар таркибини диверсификация қилиш натижасида мамлакатимиз пахта толаси экспортига қарамликдан халос бўлди. Унинг экспортдаги улуши 1990 йилдаги 59,7 фоиздан 2011 йилда 9,0 фоизга тушди. 1990 йилда экспортнинг умумий ҳажмида хомашё ҳисобланмайдиган товарлар улуши 30 фоиздан камроқ эди, ҳозирда бу кўрсаткич 70 фоиздан зиёддир.

Бу орада мамлакат ташқи савдо айланмаси ҳам 31,7 баробар ўсди. Жумладан, экспорт ҳажми 33,9, импорт 28,9 баробарга ошди. Бу жараёнда ташқи савдонинг ижобий сальдоси 56,5 баробар ортиб, олтин-валюта захираларининг юқори даражада ўсиши ва миллий валюта барқарорлигини таъминлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон  қўшилган қиймати тобора юқори бўлган тайёр, рақобатбардош маҳсулотларни экспорт қиладиган ва кўпроқ ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик модернизация қилиш учун мўлжалланган юқори технологиялар асосидаги ускуналарни импорт қиладиган давлат сифатида ривожланиб бормоқда.

Мамлакатни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида жаҳон бозори конъюктурасининг беқарорлигига қарамасдан, экспорт ҳажмининг 10,9 фоизга ўсиши таъминлангани, ташқи савдо айланмасининг 1 миллиард 300 миллион доллар миқдоридаги ижобий сальдосига эришилгани таъкидланди. Ваҳоланки, 1990 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги ижобий сальдо бор-йўғи 80 миллион доллар атрофида бўлган эди.

Бу ютуқлар ҳақида гап бораркан, кишида беихтиёр, хўш, бу рақамлар қаердан пайдо бўлди, уларга қандай эришилди, деган табиий савол туғилади. Албатта, бугун жаҳон глобал молиявий-иқтисодий инқирози шароитида бир қатор ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзлари ошиши ва миллий бюджет тақчиллиги муаммоси ҳалигача ўз ечимини топмаган, реал секторда ишлаб чиқариш пасайган, жаҳон бозорида харид талаби камайишда давом этиб, ишсизлик даражаси юқорилигича қолаётган бир даврда бундай кўрсаткичларга эришишнинг ўзи бўлмайди.

Авваламбор, мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг бошланғич ҳолати ҳисобга олиниб, ислоҳотларнинг ҳар бир босқичида оқилона иқтисодий сиёсат олиб борилди. Бу, ўз навбатида, ташқи иқтисодий стратегиянинг асосий йўналишларини шакллантириш ва шу тариқа халқаро ихтисосликларни оптималлаштиришда мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётига босқичма-босқич интеграциялашувини таъминлади. Маълумки, ташқи савдо айланмаси, унинг ҳажми ва ўсиш суръатлари миллий иқтисодиётнинг ривожланиш тенденцияларини, ихтисослашганлик даражасини ва жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини акс эттиради.

Қолаверса, иқтисодиётда мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятда экспорт таркибини диверсификация қилиш, яъни экспортга йўналтирилган фаолият соҳаларини, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу билан миллий иқтисодиётимиз ташқи иқтисодий конъюнктуранинг айрим соҳаларига қарам бўлиб қолишининг олди олинди. Бунда ташқи бозорга чиқарилаётган тайёр, сифатли ва харидоргир товарлар улушини кўпайтириш чуқур аҳамият касб этди. Ушбу чора-тадбирларнинг самараси ўлароқ, мамлакат ташқи савдо айланмаси, жумладан, экспорт ҳажми кескин ошди. Масалан, 2000-2012 йиллар мобайнида мамлакат ташқи савдо айланмаси 3,6 марта, экспорт эса 5 мартага ошганини кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, хорижий давлатларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин бўлган маҳсулотларга бўлган талаб ўрганилди, ушбу товарлар бозорига кириб бориш ҳамда рақобат қилиш стратегияси ишлаб чиқилди. Бу эса экспорт қилинаётган товарлар сони ва мамлакатлар географиясини кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсата бошлади. Бундай узоқни ўйлаб амалга оширилган стратегиямиз натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо географияси ҳам диверсификация қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона, «Ангрен» махсус индустриал зона, «Жиззах» махсус индустриал зоналарининг  ташкил этилиши бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳудудларда ишлаб чиқаришнинг истиқболли йўналишлари бўлган кимё ва нефтгазкимё, замонавий қурилиш материаллари саноати, дори-дармон ва тиббиёт маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган соҳа ва тармоқларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, транспорт-коммуникация ва логистика тизимларини ривожлантириш, янги транспорт йўлакларини очиш орқали ҳам транспорт харажатларини камайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Қисқаси, мазкур ҳудудлар фаолияти жаҳон бозорида корхоналаримиз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлашда экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулот тайёрлаш ва сотиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.

«Маҳаллийлаштириш Дастури» асосида импорт ўрнини қоплайдиган маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг изчил ошириб борилиши ҳам ушбу жараёнларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, биргина 1999-2011 йиллар мобайнида мамлакатимиз истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларининг тезкор ривожланиши натижасида импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 4,1 баробар қисқарди.

Демак, давлатимиз ташқи иқтисодий сиёсатда ҳам ўзимизга хос ва мос йўлдан бориб, тараққий этмоқда. Бу эса ўз навбатида, экспорт ҳажмини кенгайтириш, унинг таркибини такомиллаштириш, бир сўз билан айтганда, иқтисодий юксалиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошишига хизмат қилади.

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.