17.04.2014

ОДИЛ СУДЛОВ: СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИК

Юртимизда суд ҳокимиятининг тўла мустақиллигини қарор топтиришга, унинг инсон ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи орган сифатидаги жамиятдаги роли ва нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Жумладан, хўжалик судлари тизимида ҳам ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилаяпти. Натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи ошиб бораяпти.

Хўжалик судларига келиб тушаётган даъво аризалар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги бунинг яққол далилидир. Масалан, 1996 йилда хўжалик судлари томонидан 11 мингдан зиёд низоли иш кўриб чиқилган бўлса, 2013 йили 235 мингдан ортиқ даъво аризалар ҳал этилган.

Шунингдек, суд ишларини юритиш сифатини янада яхшилаш ҳамда тезкорлигини ошириш мақсадида хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик судларига даъво ариза, ариза ва бошқа хил мурожаатларнинг электрон воситалар орқали бериш имконияти яратилди.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларидан хўжалик судларига электрон шаклдаги 7000 га яқин мурожаат қилинган. Таҳлиллар электрон шаклдаги мурожаатларнинг сони ой сайин ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, суд муҳокамаси иштирокчилари ёки мурожаат муаллифларига суд ҳужжатларини электрон воситалар орқали жўнатиши имконияти яратилди. Хўжалик судларида ягона тизимга уланган

E-HUJJAT-электрон суд иш юритувчи дастури жорий қилинди. Шу муносабат билан суд ишлари юритилишида маълумот ва ахборотларни тўплаш, улар билан ишлаш, тизимлаштириш ва сақлашда ягона маълумотлар базаси яратилди. Маълумотлар базаси Олий хўжалик судининг ваколатларини янада самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Ушбуларнинг мантиқий давоми сифатида хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференц алоқа усулида ўтказиш амалиётини татбиқ этишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий хўжалик суди томонидан ишлаб чиқилди. Куни кеча у Сенат томонидан маъқулланди.

Таъкидлаш керакки, амалдаги хўжалик процессуал қонун ҳужжатларида видеоконференц алоқа усулида суд мажлисини ўтказиш имконияти назарда тутилмаган. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг нормаларига кўра, ишларни кўриш ишни кўраётган суднинг биносида ўтказиладиган мажлисда амалга оширилади. Бундай тартиб иш кўрилаётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тарафлар учун анча вақт ва маълум миқдордаги маблағни талаб этади.

Маълумотларга кўра, 2011-2013 йиллар мобайнида хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 245 846 та иш даъво тартибида кўриб чиқилган бўлса, шундан 25 мингга яқин, яъни 10 фоиздан ортиқ ишда бир тараф ишни кўраётган хўжалик судидан бошқа ҳудудда жойлашган. Мазкур ишларнинг 7 мингга яқинида ишни кўриш бошқа кунларга кўчирилиб, кейинга қолдирилган. Натижада ишни кўраётган хўжалик судида суд мажлисида иштирок этиш учун кўрсатилган давр мобайнида тарафларнинг 32 мингга яқин вакиллари бошқа ҳудуддан, яъни бошқа вилоятлардан келишган.

2012-2013 йиллар давомида 154 та хўжалик ишлари хўжалик судларида иш кўриб чиқиш учун кворум бўлмаганлиги сабабли ёки тегишлилиги бўйича бошқа ҳудудлардаги хўжалик судларига ўтказилган. Бу эса хўжалик ишларида тараф бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун ноқулайликлар яратиб, уларнинг анча вақти ва пул маблағлари беҳудага сарфланишига олиб келган.

Олий хўжалик суди томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ишда иштирок этувчи шахслар ўзлари жойлашган вилоят ҳудудида туриб, бошқа вилоятда жойлашган хўжалик судининг суд мажлисларида видеоконференц алоқа усулида иштирок этиши имкониятини назарда тутади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, таклиф этилаётган тартиб ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни кўраётган хўжалик суди биносидаги суд мажлисида бевосита иштирок этиш ҳуқуқини чекламайди.

Суд мажлисини видеоконференц алоқа усулида ўтказишнинг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланиши суд муҳокамаси иштирокчиларига, шу жумладан ишни кўраётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектларига ўзлари жойлашган вилоят ҳудудидан чиқмасдан, вақтлари ва пул маблағларини тежаган ҳолда суд мажлисларида иштирок этишларига имконият яратади. Бу суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқнинг тўлақонли амалга оширилишига ёрдам беради, ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига эришилади.

Бугун хўжалик судлари тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга, одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини оширишга, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шаҳриёр БАКАЕВ,

Олий хўжалик суди катта маслаҳатчиси.



DB query error.
Please try later.