15.04.2014

ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАРНИ САМАРАЛИ ҲАЛ ЭТИШ УЧУН

фаолиятимизни изчил кучайтириш зарур

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида фаоллар шу фикрни қатъий таъкидлашди. Пленумда Фарғона вилоят партия ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳларининг партия дастурий мақсадларини бажариш, электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, ўтган давр мобайнида партия барча бўғинлари ва депутатларининг электорат манфаатларига жавоб берадиган устувор ижтимоий-иқтисодий масалаларни амалий жиҳатдан ҳал қилишда фаол иштирок этиш масъулияти сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда гап кетганда, вилоятдаги ЎзХДП гуруҳларининг амалий ишлари тобора кўпайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, 2013 йилда 172 депутатлик сўрови юборилиб, унинг 145 тасида қўйилган масалалар ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар асосида муаммоларни чуқур ўрганиб, уларни тегишли идоралар ҳамкорлигида ҳал этиш, муҳим масалаларни халқ депутатлари Кенгашларининг доимий комиссия ва сессиялари муҳокамаларига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, қабулхоналарга 2012 йилда 605 та мурожаат тушган бўлса, 2013 йилда бу рақам 1376 тага етди. Уларнинг 50 фоиздан ортиғи ўз ечимини топди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

— Бугун қўйилаётган янги талаблардан келиб чиқсак, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари ўз фаолиятини танқидий муҳокама этиб, уни янада кучайтириш учун барча чораларни кўришлари керак, — деди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. — Партия Сайловолди дастурида белгиланган ғояларни депутатлар қай даражада амалга ошираётганини ҳам чуқур таҳлил этишимиз зарур. Мазкур таҳлиллар асосида вилоят ва унинг таркибига кирувчи туман, шаҳар партия ташкилотлари ҳамда депутатлик тузилмаларимиз ўз ишини изчил кучайтириши ҳамда ижтимоий масалаларни жойининг ўзида самарали ҳал этиш борасида аниқ натижаларга эришиш талаб этилади.

Бундан ташқари, партия гуруҳларимизнинг самарали иш тажрибалари кенг тарғиб қилиниши, электоратимизга унинг манфаатини ҳимоя қилишга қанчалик даражада эътибор қаратилаётганини тушунтириб бориш лозим, деб ўйлайман.

— Вилоятда ЎзХДП сафида 25900 нафардан ортиқ хотин-қиз дастурий ғояларимизни амалга оширишда қатнашиб келмоқда, — деди «Фаол аёллар» қаноти фаоли Дилоромхон Назарова. — Вилоят ҳудуди бўйича партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир нафар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига 32 нафар хотин-қиз депутат этиб сайланган. Бу катта куч, албатта. Хотин-қизлар, хусусан, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аёллар манфаатини ҳимоя қилишда ҳамма депутатларимизнинг ҳам салоҳиятидан самарали фойдаланиш керак, албатта. Аммо аёл дардини аёл яхши тушунади. Шу сабабли хотин-қиз депутатларни аёлларни ташвишга солаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишга янада фаол жалб этиш долзарб вазифалардан биридир.

— «Бувайда» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида мактабгача таълим муассасаларида болаларга яратилган шароитлар тўғрисидаги масала ЎзХДП гуруҳи томонидан ўрганилиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси йиғилиши муҳокамасига киритилди, — деди ЎзХДП Бувайда туман кенгаши раиси Ҳабибахон Тошматова.

— Соғлом бола, баркамол авлодни вояга етказишда болани мактабгача тўғри тарбиялаш ўта муҳим босқич ҳисобланади. Шу боис «Соғлом бола йили» Давлат дастурида ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Муҳокама чоғида болаларни имкон қадар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, мактабга тайёрлаш ишларини масъулият билан ташкил этишга тегишли идоралар эътиборини қаратдик, зарур таклифлар бердик. Бундан кейин ҳам шу йўналиш бизнинг қатъий назоратимизда бўлади.

Партия фаолияти, депутатлар ишини изчил кучайтириш ҳақида гап борар экан, биз аввало мамлакатнинг бугунги куни учун муҳим бўлган, ҳам дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган, ҳам электоратимиз манфаати нуқтаи назаридан долзарб масалалар юзасидан жиддий иш олиб боришимиз зарур.

Пленумда шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Жўрақўзи Қўлдошев, партия Марказий Кенгаши бўлим мудири Зокиржон Холматов, «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Феруза Нишонова ва бошқалар бугуннинг долзарб партиявий масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини, партия фаоллари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида таклифларини билдирдилар.

Пленум муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.