15.04.2014

ДЕПУТАТЛИК ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

жойларда қонунлар изчил ишлаши, Давлат дастурлари ижроси тўла таъминланиши, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожланишнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтиришда, демократик жараёнларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партиялар ҳар қачонгидан фаол, ташаббускор бўлиши талаб этилмоқда. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ( 32, 78, 93, 98, 103 ва 117 моддаларига)»ги ҳамда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниши сиёсий партияларга юксак масъулият юкламоқда ва айни чоғда катта имконият яратмоқда.

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида шу каби саволларга жавоб изланди, жорий йилдаги устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Шунингдек, пленумда ўтган йилда амалга оширилган ишлар, мавжуд имкониятлар таҳлил этилиб, партия ташкилоти фаолиятини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

— Ўтган йили халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан 8 масала маҳаллий Кенгашларнинг сессиялари муҳокамасига киритилди ва электоратимиз манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилинди, — деди вилоят партия кенгаши раиси Мўътабар Каримова. — Партиямиз кенгашлари, депутатларимиз бу билан чекланиб қолгани йўқ. Сессияда қабул қилинган қарорларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, бу борада сусткашликка йўл қўйган мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш масаласида ҳам ваколатлари доирасида амалий чоралар кўришмоқда. Бу борада ўаллаорол, Зафаробод, Мирзачўл, Арнасой туманлари ҳамда Жиззах шаҳар партия кенгашлари фаолияти ибратли бўлмоқда.

Маърузачи якунланган йилда партия кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига 442 та мурожаат тушгани, уларнинг 346 таси тегишли идора ва ташкилотлар орқали ижобий ҳал этилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида 1131 та машғулот ўтказилиб, 34 минг нафардан зиёд тингловчи қамраб олингани таъкидланди.

— Бироқ бугун ҳаёт сиёсий партиялар олдига бир-биридан муҳим янги вазифаларни қўяётганидан келиб чиқиб фикрласак, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқлигини англаймиз, — деди маърузачи. — «Соғлом бола йили» Давлат дастури, ЎзХДП Марказий Кенгаши пленумида белгилаб олинган вазифалар фаолиятимизни ҳар қачонгидан кучайтиришни талаб этмоқда.

Сўзга чиққанлар бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашида 11 нафар, шаҳар ва туман кенгашларида 115 нафар ЎзХДП депутати фаолият юритаётгани, жорий йил бошида вилоятдаги ЎзХДП аъзолари сони 15 362 нафарга етгани, демак, вилоятда партиямиз катта кучга эгалигини қайд этишди. Ҳамма гап ана шу кучдан қандай фойдаланишга боғлиқ.

Пленумда айтилганидек, партия фаоллари янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касаначиликни йўлга қўйишда янада ташаббускор бўлиши талаб этилади. Электоратимизни ташвишга солаётган муаммолар ечимини ўз вақтида топишда сусткашлик қилаётган Зарбдор, Зомин, Дўстлик, Бахмал туман партия кенгашлари ва гуруҳлари эса ўз фаолиятини танқидий баҳолаб, тегишли хулоса чиқариб олмоғи зарур.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Искандар Азизов парламент ва жамоатчилик назорати, уни амалга ошириш механизмлари, сиёсий партиялар ва депутатлик тузилмаларининг бугунги вазифаларига тўхталиб ўтди.

 — Ҳар қандай мансабдор шахс ўз фаолиятининг жамоатчилик назаридан четда эмаслигини ҳис этса, масъулияти ошади, — деди у. — Демак, депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил ўрнатишимиз керак. Бу ишга партиянинг асоси бўлган бошланғич ташкилотларни кенгроқ жалб қилсак, яхши натижаларга эришамиз. Ҳудудлардаги муаммоларни тез илғаб олиш, уларнинг мақбул ечимларини топишда бу муҳим аҳамият касб этади.

Пленумда, шунингдек, ЎзХДП Зафаробод туман кенгаши раиси Холмурод Ережепов, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Акром Иномов, Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Шоира Фозилова, партия фаоли Парда Шукуров, «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими етакчиси Жамила Шукуралиева ва «Истиқбол» ёшлар қаноти Дўстлик туман  бўлими етакчиси Санжарбек Тинчликов ва бошқалар сўзга чиқиб, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Аваз Саидов иштирок этди ва навбатдаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталди. Хусусан, бошланғич ташкилотлар билан самарали ишлаш, улар фаолиятини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшлар, хотин-қизлар билан ишлашни янгича асосда ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди.

Пленумда кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.